Басимон келтирган ва солиҳ амалларни
қилганларгина равзада 
хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Мақолалар / Рамазоннинг сўнгги ўнкунлиги учун тавсиялар

Рамазоннинг сўнгги ўнкунлиги учун тавсиялар

Ҳадисга мувофиқ, Рамазоннинг биринчи ўнкунлиги – раҳмат, иккинчи ўнкунлиги – мағфират ва учинчи ўнкунлиги – Жаҳаннам оловидан паноҳ эканлиги барчамизга маълум.

Мана бу йилги Рамазоннинг охирги ўнкунлигига ҳам етиб келдик. Бу кунлар йилнинг энг улуғ ва хайрли кунлари, десак муболаға бўлмайди. Бу муродбахш кунларни қуйидаги амалларимиз билан бойитиш афзалдир:

  1. Қадр кечасини ибодат билан ўтказиш. Қуръони Каримда бундай марҳамат қилинади: “Қадр кечаси минг ойдан яхшироқдир” (Қадр сураси 3-оят). Қадр кечаси муборак ойнинг охирги ўнкунлик тоқ кечаларининг бирига тўғри келади. Қадр кечасининг фазли буюкдир, зеро бу кечада беҳисоб ажру – савобларга эришиш имкони бор. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким иймон билан, савоб умидида Рамазон рўзасини тутса, ўтган гуноҳлари мағфират қилинади. Ким Қадр кечасида иймон билан, савоб умидида қоим бўлса, ўтган гуноҳлари мағфират қилинади”, дедилар” (Саҳиҳул Буҳорий, 2014-ҳадис).
  2. Ўзимизга ғамхўрлик қилиш. Рамазон ойининг рўзаси охирига бориб организмингиз учун чинакам синовга айланиши мумкин (айниқса ҳозирги иссиқ кунларда). Танангиз Аллоҳнинг сизга берган омонати эканлигини унутмаган ҳолда, саломатлигингизга эътиборли бўлинг ва ифторлик, саҳарлик пайтларида тўғри овқатланишга одатланинг. Кўпроқ сув ичинг, мева ва сабзавотлар истеъмол қилинг. Жазирама кунларнинг поёнида сув муолажаларини ўтказишни ҳам унутманг.
  3. Хайрли, саҳоватли ишлар қилиш, бошқаларга ёрдам бериш. Эҳтиёжмандлар, камбағаллар, хасталар, етим – есирлар, кексалардан мададингизни аяманг. Қуръонда марҳамат қилинади: “…Эзгулик ва тақво (йўли)да ҳамкорлик қилингиз”(Моида сураси 2-оят), “Эй, иймон келтирганлар, руку қилингиз, сажда қилингиз ва Раббингизга ибодат қилиб яхшилик қилингиз – шоядки, нажот топсангиз” (Ҳаж сураси 77-оят).
  4. Эътикофни амалга ошириш. Эътикоф – масжилла ўтириш ва ўзини ибодатга бағишлашдир. Ибодат қилишга тиришқоқлик қилиб, мусулмон Аллоҳ Таолонинг муҳаббатига эришади. Оиша розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам то Аллоҳ у кишини вафот эттиргунича Рамазоннинг охирги ўн кунлигида эътикоф ўтирган эдилар. Сўнгра жуфти ҳалоллари у кишидан кейин ҳам эътикоф ўтиришди” (Саҳиҳул Бухорий 2026-ҳадис).
  5. Фитр садақасини бериш.. Фитр садақаси имкони бўлган ҳар бир мусулмон учун фарздир. Абдуллоҳ розияллоҳу анҳу айтади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам фитр закотини хурмодан бир соъ ёки арпадан бир соъ беришга буюрганлар. Одамлар эса бунинг ўрнига буғдойдан икки муддни жорий қилишди” (Саҳиҳул Бухорий 1507-ҳадис) (Ҳанафийларга кўра бир мудд 812,5 граммга тенг). Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: “Набий соллалоҳу алайҳи васаллам фитр закотини одамлар (ийд) намозга чиқмасдан олдин беришга буюрдилар” (Саҳиҳул Бухорий 1509-ҳадис).
  6. Ўзимиз, яқинларимиз, қавму – қариндошимиз ва биродарларимиз ҳаққига дуо қилиш. Бу кунларда ихлос билан қилинган ҳар қандай дуо ижобатдир, иншаАллоҳ. Шу сабабдан Аллоҳ Таолодан истаганингизни сўраб дуо қилинг, имкониятни қўлдан бой берманг.
  7. Ифторлик уюштириш. Яқинларингиз ва дўстларингизни ифторга чақиринг, Рамазоннинг сўнгги кунларини энг қадрдон инсонларингиз билан бирга ўтказинг.
  8. Қуръон хатмини якунлаш. Рамазон – Қуръон ойидир, чунки Яратганнинг Каломи айнан шу ойда нозил бўлган. Бизнинг вазифамиз эса, ушбу кунларни Қуръон тиловати билан тирилтиришдир. Қуръонга вақт ажратишга беэътибор бўлманг.
  9. Зикр қилиш. Аллоҳ Таолони кўпроқ зикр қилинг. Яратган сизни ушбу муборак кунларга етказган экан, Унинг марҳамати ва мағфиратидан бебаҳра қолманг. Аллоҳ Қуръонда шундай марҳамат қилади: “Бас, Мени ёд этингиз, Мен ҳам сизларни ёд этурман. Менга шукр қилингиз, ношукрчилик қилмангиз!” (Бақара сураси 152-оят).
  10. Ийд ал – Фитрга тайёргарлик кўриш. Ийд ал – Фитрга муносиб тарзда ҳозирланинг, зеро у мусулмонларнинг энг гўзал ва асосий байрамларидан биридир.

 

Бекобод тумани “Ўзбекистон” жоме масжиди

имоми ноиби Нишонов Комил

[carousel-horizontal-posts-content-slider]