Басимон келтирган ва солиҳ амалларни қилганларгина равзада хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Мақолалар / ТАВБА НАМОЗИНИ ЎҚИШГА ЭНГ МАҚБУЛ КЕЧАЛАР

ТАВБА НАМОЗИНИ ЎҚИШГА ЭНГ МАҚБУЛ КЕЧАЛАР

Нафл намозлари орасида тавба намози ҳам мавжуд бўлиб, у ҳам худди беш маҳалги намозлар қандай ўқилса, шундай адо этилади. Тавба намози – камида икки ракатдан ташкил топиши лозим, лекин кўпроқ ракатли қилиб ҳам ўқиш мумкин, бу намозхоннинг хоҳиш – иродасига боғлиқ.

Тавба намози макруҳ бўлмаган ҳар қандай вақтларда адо этилиши мумкин.

Лекин тавба намозини ўқишнинг энг афзал вақти – пайшанбадан жумага ўтар кечаси, Арафа кунидан илгариги кеча, шунингдек, муродбахш кечалардир.

Таъкидлаш жоизки, инсон ушбу намозни чин дилдан пушаймонлик билан, кейинчалик ўша гуноҳларини яна такрорламасликка қатъий аҳд қилган ҳолда ўқиши лозим. Тавба намозини ўқигач, “Саййидул истиғфор” номи билан машҳур қуйидаги дуони ўқиган маъқул:

“Аллоҳумма анта Раббий ла илаҳа илла анта, холақтаний ва ана ъабдука ва ана ъала аҳдика ва ваъдика мастатаъту. Аъузу бика мин шарри ма санаъту абу улака би ниъматика ъалаййа ва абу у бизанбий фағфирлий фа иннаҳу ла йағфиру-з-зунуба илла анта”.

Маъноси:

Эй Аллоҳ! Сен Роббимсан ва сендан ўзга илоҳ йўқ. Мен Сенинг қулингман. Мен қурбим етганича Сенинг аҳд паймонинг ва ваъдангда турибман. Ўзим қилган нарсалар ёмонлигидан сендан паноҳ тилайман. Сенинг менга берган неъматларингни ҳам, қилган гуноҳларимни ҳам эътироф этаман. Мени мағфират этгин. Албатта, фақат Сенгина гуноҳларни кечиргувчисан.

Ҳадислардан бирида келтирилишича, Набий солаллоҳу алайҳи васаллам: “Агарда ким мана шу дуонинг қудрати ва аҳамиятига чин дилдан ишониб, кундузи ўқиса ва кеч киргунга қадар вафот этса, Жаннатга киради. Агарда ким мана шу дуонинг қудрати ва аҳамиятига чин дилдан ишониб, кечаси ўқиса ва тонг отгунгача вафот этса, Жаннатга киради” (Бухорий, Термизий, Насаий).

Аллоҳим барчаларимизни гуноҳларини англаб тавба қилувчилардан ва тавбаси қабул қилинувчилардан қилсин!

 

Бекобод тумани “Амиров Дадахон” жоме масжиди

имом-хатиби Абдулаҳад Саиджахонов