Басимон келтирган ва солиҳ амалларни
қилганларгина равзада 
хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Мақолалар / Қарз ҳақида

Қарз ҳақида

Инсонийлик жамиятидаги ижтимоий масалаларга муқаддас динимиз жуда катта эътибор қаратади. Хусусан, одамлар ўртасидаги ўзаро олди-берди масалалари ўта нозик масала бўлганлиги, агар адолат ва ҳаққонийлик асосида бўлмаса улкан низолар келиб чиқиши инобатга олиниб, динимиз таълимотларида бу каби масалаларга жиддий ёндашилган.

Ҳозирги кунда кишилар ўртасидаги катта муаммолардан бири қарз олди-берди муомаласи бўлиб қолганлиги, кўпчилик қарз бериб қайтиб ололмай қийналаётганлиги бот-бот қулоғимизга чалиниб туради.  Аслида қарз олди берди муносабатлари, кишилар ўртасидаги меҳр оқибат, саховату мурувват каби инсонийлик фазилатларнинг ортиб боришига муҳим омиллардан бири бўлиб хизмат қилмоғи лозим. Чунки, ўзидан орттириб бировга қарз берган одам, қарз олувчига ёрдам кўрсатишни ният қилади ва бундан савоб ҳам умидвор бўлади. Қарз олувчи эса, мушкул бир ҳолга тушиб қолган вақтида мурувват кўрсатган одамдан ўта миннатдор бўлиб, ҳатто қарзини қутулгандан кейин ҳам ўзини ундан гўёки қарздордек ҳис қилиб юради. Бунинг оқибатида эса, иккала оила ўртасида ўзгача ҳурмат эҳтиром  шаклланади.  Бироқ, бугунги кунда бунинг мутлақо тескари ҳолати акс этмоқда. Қарз олди-берди сабабидан ўзаро адоват ва нафрат аланга олмоқда. Ҳатто, кўп йиллик қадрдон дўстлар орасига совуқлик тушмоқда, яқин жигарлар юзкўрмас бўлишмоқда, қўни қўшнилар бир бирига эшикларини терс ёпмоқдалар, тижорий ҳамкорлар эса бир бирига душманга айланишмоқда.  Шу боис ушбу чигал масалага ойдинлик киритиш мақсадида, муқаддас Ислом динимизда белгиланган бу борадаги айрим маълумотларни келтириб ўтишни лозим топдик.

“Қарз” луғатда қирқиш маъносини билдиради. Чунки, қарз берувчи ўз молидан маълум бўлакни қирқиб қарзга беради. Шариатдаги маъноси, бошқа кишига бир нарсани унинг бадалини қайтариб бериш шарти билан мулк қилиб беришдир. Демак, қарзга олинган нарса қарз олувчининг мулкига айланади. Уни ҳоҳлаганича ишлатиши мумкин.  Қарз берувчига ўша олган миқдорни қайтарса бўлди. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ушбу ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай мархамат қилганлар: “Ким одамларнинг молларини (қарзга) олиб, уни адо этишни ирода қилса, Аллоҳ ундан (ёрдами ила) адо этади. Ким йўқ қилишни ният қилиб олса, Аллоҳ уни йўқ қилади” дедилар. (Имом Бухорий ривояти)

Ушбу ҳадиси шарифда қарз олувчи қарз олаётган пайтида ниятни яхши қилиши лозимлиги таъкидланмоқда. Ниятини яхши қилиб, албатта қарзимни узаман деб ҳаракат қилса, бу ишда Аллоҳ таоло унга ёрдамчи бўлади. Аммо нияти бузуқ бўлса, баттар ҳолатга тушиб бадном бўлиши ҳақида огоҳлантирилмоқда. Бугунги кундага айрим ҳаётий тажрибаларни кўриб бундан барча ибрат олмоғи зарур. Одамларнинг қарзини бермасдан турли баҳоналарни рўкач қилиб юрганлар, бало офатларга гирифтор бўлаётганлиги ушбу ҳадис моҳиятини яққол намоён этиб туради.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бойнинг (зиммасидаги ҳақни) бермай юриши зулмдир” дедилар. (Бешовлари ривоят қилишган)

Ҳадиси муборакдан маълум бўлишича, айниқса, моддий имкони бор одам, ўз зиммасидаги молиявий бурчни адо этмай юриши золимликдир. У бу иши билан ҳақдорларга ҳам, ўзига ҳам зулм қилган ҳисобланади. Ҳақдорлар ундан ўз вақтида ҳақларини ололмай зулмга учрасалар, ўзи эса бу иши билан гуноҳга ботиб, ўзига зулм қилган бўлади. Имом Шофеъийнинг ҳукмлари бўйича, агар моддий имкони бор кишидан мазкур иш иккинчи марта такрор бўлса, унинг гувоҳлиги қабул қилинмайди. Яъни у, жамиятдаги ишончсиз кишилар қаторига киритилади.

Насаий қилган ривоятда: “Менинг жоним қўлида бўлган зот ила қасамки, агар бир киши Аллоҳнинг йўлида қатл қилинса, сўнг тирилтирилса ва яна қатл қилинса ва тирилтирилса, сўнг яна қатл қилинса-ю, унинг зиммасида қарзи бўлса, қарзи адо этилмагунча жаннатга кирмас” дейилади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қасам ичиб туриб айтишлари ҳам бу иш қанчалик аҳамиятли эканини кўрсатади. Чунки қарз банданинг ҳаққи, бу ҳақни фақат эгаси кечиради холос. Эгаси ҳақидан кечмагунча Аллоҳ таоло ҳам кечирмайди.

Жобир розиллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қарзи бўла туриб ўлган одамга жаноза ўқимас эдилар. Бир маййит олиб келинди. Бас, у зот: “Унинг зиммасида қарзи борми?” дедилар. “Ҳа, икки динор”, дейишди.  “Соҳибингизга ўзингиз жаноза ўқинг” дедилар. “Ўша икки динор менинг зиммамга, эй Аллоҳнинг Расули”, деди Абу Қатода. Шунда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам жаноза ўқидилар”.

Ушбу ҳадисга биноан, ҳозирда ҳам ҳар бир маййитга жаноза намози ўқишдан олдин, марҳумнинг фарзандлари ёки яқинларидан бири қарзини адо қилишни зиммасига олади ва сўнгра жаноза намози ўқилади.

Бундай ижтимоий масалаларга ҳар биримиз қатъий амал қилмоғимиз зарур. Зотан, ўзганинг ҳаққидан ноҳақ йўл билан, яъни вақтида қарзни адо қилмасдан фойда топишни кўзлагандан кўра, ҳалол меҳнат қилиб Яратгандан барака сўраганимиз чандон афзалдир.  Динимиз таълимотларига қатъий риоя қилиб, мўмин инсон эканлигимизни, ҳалолликда, одобу ахлоқда, лафзда ва субутлиликда барча халқларга ибрат бўлиб келган аждодларимизнинг авлоди эканлигимизни асло унутмайлик азиз юртдошлар!!!

 

                                                              Мусахон Бобоев
                                            Чирчиқ шаҳар “Амир ўғли Хасанбой”
                                                    жоме масжиди имом хатиби