Басимон келтирган ва солиҳ амалларни
қилганларгина равзада 
хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Мақолалар / Аллоҳдан ўзга ҳеч кими йўқ кимсадан қўрқ! ёхуд – мазлумнинг дуоси

Аллоҳдан ўзга ҳеч кими йўқ кимсадан қўрқ! ёхуд – мазлумнинг дуоси

{1}

Кириш қисми:

Мақоламда “Сиз-Сиз…” сўзлари ўрнига “СЕН”ни маъқул топдим…

Негаки, бу хитобни мағрур инсонни мағрурлик алдовларидан қутилиши ва натижа ўлароқ ўзлигини англаши учун асқотувчи даво, деб билдим…

Шу боис сатрлардаги “сен”ларимдан хафа бўлиш йўқ!!!

Булар учун мен томонимдан узр сўраш ҳам йўқ!!!

Менинг бу “сен”ларимни “Сиз менинг яқин инсонимсиз… Сизга яхшиликларни илинаман… Қабул этинг… Олқиш-у мақтовларга алданманг… Сиз ҳаётда атиги бир маротаба яшаш имкониятига эгасиз… Чиқарган ҳатто бир нафасингизни ҳам қайтадан олмоқ имкони йўқ… Қайта олганингиз аслида қайта олингани эмас, аксинча сизни ҳаёт интиҳоси томон етаклаётган навбатдаги нафас бўлада… Эртага Аллоҳ таолонинг ҳузурида ҳаммасидан сўралажаксиз…” маъносида қабул қилгайсиз…

Келишдик-ми?

Демак, келишдик…

Асосий қисм:

Азизим!

Аллоҳдан ўзга ҳеч кими йўқ КИМСАДАН ҚЎРҚ!

Отадан айрилган ва заифа она бағрида қолган, ҳуқуқлари эса ўз яқинлари томонидан поймол бўлаётган ЕТИМ БОЛА

Чорасиз, дея оёқ ости қилинаётган РАФИҚА…

Хўрланаётган кекса ва хаста ҚАЙНОНА ёки ҚАЙНОТА…

Бу ҳам одам-ми…”, қабилида чўридек хизмат қилдирилаётган, бироқ, аччиқ бўлсада, эшакчалик қадр топмаётган КЕЛИН

Инсон ўрнида кўрилмаётган ФАҚИР ёхуд МИСКИН…

“Бу ерлик эмас экан…”,деяташқи кўринишидан истиҳзоли кулинаётган ва менсилмаётган МУСОФИР…

Ожиз, заиф ва кучсиз бўлгани боис бошқаларнинг “чиниқиши” учун эрмак, бамисоли спорт қопига айланиб қолган ИНСОН…

Алданишда ҳамон давом этаётган содда важўн ХОДИМ…

Оёғидан чалмоқ учун бошига минг бир туҳмат, фитна ва иғволар ёғдирилаётган ЖАБРДИЙДА…

Сен бу кимсаларни ёлғиз, деб ўйлама…

Сен бу кимсаларни чорасиз, ҳам деб ўйлама…

Сен бу кимсаларни содда ва жўн, ҳам деб ўйлама…

Сен бу кимсаларни қанча қийналсаларда “миқ” этмаётганига АЛДАНМА

Асло ва асло…

Агар шундай, деб ўйласанг, бу сенинг ҳаётингдаги энг катта хатоинг бўлажак

Бу ҳақиқатни ҳаргиз ва ҳаргиз УНУТМА

Бундай КИМСАЛАР билан ноҳақ хусуматлаша кўрма

Э-э-э…

Буни хаёлинга ҳам келтирма…

Асло ва асло!

Уларга зулм ва тажовуз қилишдан ОМОНДА БЎЛ!

Бу мисол хатарли жанг майдонларига қадам боса кўрма

Агар билсанг, уларнинг Аллоҳдан бошқа ҳеч кими йўқлигининг ўзи сенга КИФОЯ!!!

Қани айт-чи, Аллоҳ таолога қарши чиқмоқ учун қандай куч ва қудратинг бор

Қандай майдонинг бор

Қандай қуролинг бор

Қандай макр-у ҳийланг бор

Аниқ ҳақиқат шуки, бунинг учун Сенда етарли на бир майдон, на бир қурол, на бир макр-у ҳийла ва на бир куч-у қудрат бор…

Ҳеч вақоинг йўқ…

Огоҳ бўл!

Агар, ўшал сен ёлғиз ва чорасиз, содда ва жўн, деб билган Аллоҳдан ўзга ҳеч кими йўқ кимса ўксик қалби ила қўлларини самога кўтариб, сенинг мағрур ҳолингдан шикоят этиб, “РаббимАллоҳим…”, деса бор-ми…

Тамом…

Шикоятида сен ёки отанг исмини қайд этмоғи шарт эмас…

Яшаш манзилинг ҳам шарт эмас…

Тасвиринг ҳам шарт эмас…

Гувоҳлар ҳам шарт эмас…

Шикояти ёзма бўлмоғи ҳам шарт эмас…

Шикояти тўлиқ баён этилмоғи ҳам шарт эмас…

Шикоятини рўйхатдан ўтказмоқ ҳам шарт эмас…

Шикоятини кўриб чиқмоқ учун муддат ҳам даркор эмас…

Шикоятида ўз манзил-у имзоларини қайд этмоғи ҳам шарт эмас…

ШикоятидаМен Фалончиман…” дейиши ҳам шарт эмас…

Шикояти аноним бўлса ҳам, унда “Мен…”, дейилса бас…

Шикояти жўн ва оддий айтилсада, унда “Золим банданг…”, дейилса, бас

Балки, у сени кўрмас ёки танимас

Ҳа, “Ана у золим банданг…”, деса, бас

Шикояти жилоли, жилвали ва қофияли бўлиши ҳам шарт эмас…

Оҳ-ҳ-ҳ…”, деса, бас…

Ҳолан, ҳукм ўқувчиларнинг энг ҳикматлиси бўлган Зотга ўксик ва ўртанган қалбнинг ўзи КИФОЯ

Яна бир карра ОГОҲ БЎЛ!

Борди-ю, ўшал сен ёлғиз ва чорасиз, содда ва жўн, деб билган Аллоҳдан ўзга ҳеч кими йўқ кимса ўксик қалби ила қўлларини самога кўтариб, сенинг мағрур ҳолингдан арз айлаб:

Аллоҳим, ана у менга азоб берди…

Зулм ва қийноқлари ила мени адо қилди…

Мен адо бўлдим…

Ўзинг менга ёрдам бер…”, деса бор-ми…

Ҳаммаси ТАМОМ…

Шу оннинг ўзида унинг оҳ-у изтироблари учун осмон эшиклари очилади

Само эшиклари унинг аламли кўз ёшлари ерга етиб эмас, кўзлари қаъридан сизиб чиқмасиданоқ очилади…

Ҳатто, “Бир…”, демасингдан очилади…

Бу оҳ-у изтироблар яшиндек тез фурсатда оламлар Рабби бўлган – Аллоҳ таолонинг ҳузурига етади…

Ҳузури илоҳийдан қарор топади

Негаки, унинг бу оҳ-у изтиробларини битган қалам жуда ҳам ўткир қалам бўлади…

Негаки, бу қаламнинг танасиаламли қалб бўлса, рангсиз сиёҳи эса – ҳасратдан қайнаган кўз ёшлар бўлади…

Унинг илтижосини тўсувчи тўсиқ бўлмайди…

Унинг арзномасини яшириб қолувчи “йўлтўсар” таниш ҳимоячинг бўлмайди…

О-о-о…

Аллоҳ таоло унинг ноласига жавобан нима дейди, биласан-ми…

Мана бундай дейди:

“Иззатим ва улуғлигимга қасамки, гарчи бироз кейин бўлса-да, Сенга албатта ёрдам бераман!!!”…

Мана шундай жавоб ила жавоб келади…

Айнан Аллоҳ таолонинг ўзи айнан Ўзидан бўлак ҳеч кими йўқ МАЗЛУМ бандасига мана шундай жавоб ила бевосита хитоб қилади

Элчи ёки вакиллар орқали эмас…

Шуни билгин-ки, бу жавобнинг ижроси унут бўлиб ҳам қолмайди…

Унинг ТОМОШАСИ албатта бўлади!

Тағин сен Аллоҳ таолонинг “ … гарчи бироз кейин бўлса-да…”, деган сўзига АЛДАНМА

Бу Ул зотни айни вақтда қудрати йўқлигидан эмасСубҳаналлоҳ!

Бу Ул зотни айни вақтда имконияти йўқлигидан ҳам эмасСубҳаналлоҳ!

Бу Ул зотни айни вақтда вақти йўқлигидан ҳам эмасСубҳаналлоҳ!

Агар билсанг, аслида энг ёмони – БИРОЗ КЕЙИН бўлганидир…

Агар билсанг, аслидабироз кейинга қолдирилгани – Ул Зотни Сенга янада кўпроқ гуноҳ қилишинг ва оқибатда улкан азобга ҳақли бўлишинг учун “имконият” бераётгани бўлади…

Бундан ЭҲТИЁТ БЎЛ!

Агар билсанг, бироз кейин бўлганибуюк ва қудратли, барча ишларни тадбир этувчи Аллоҳ таолонинг макри ва кутилмаган зарбаси бўлади…

Бундан ҳам ОГОҲ БЎЛ!

Аллоҳ таолонинг “Иброҳим” сурасидаги:

“Аллоҳни золимларнинг қилаётган қилмишидан ғофил, деб ҳисоблама. (Аллоҳ таоло) уларни (яъни, золимларни даҳшатдан) кўзлар қотиб қоладиган кунгача (яъни, Қиёмат кунига қадар ўз ҳолига) қўйиб қўяди, холос. (Ул кунда улар зулмлари боис нажот йўқлигини билгач, нажот излаб) бошларини кўтарган ҳолда (ҳар томон) югугурлар. Кўзлари (эса ул куннинг даҳшатидан) ўзларига қайтмас. Қалблари эса (қўрқувдан ҳеч нарса сиғмагани боис) бўм-бўш бўлур”, дея муҳрланган огоҳлантирувчи сўзларини наҳотки билмайсан?!

Кўзлар қотиб қоладиган кун…

Нега ул кунда кўзлар қотиб қолади, биласан-ми…

Ловиллаб ёниб турган оловга қараганмисан…

Унга қарасанг тамом

Сеҳрлангандек кўз нигоҳларингни ундан ололмайсан…

Ҳудди кўзларинг унга миқлангандек жойида қотади…

Энди ўйлаб кўр, Қиёмат кунининг ташвиш ва даҳшатларига нигоҳлар қадалса, нима бўлади

Ул кунда буюк Аллоҳ таоло бандаларига ўз ҳукмини чиқариш учун келганида; фаришталар эса Аллоҳ таолонинг ҳукмини ижро этиш учун бандаларни саф-саф бўлиб ўраб олганларида; бебошлардек, эшак ҳанграган мисол ҳанграб, ғалаён кўтариб, ўз аҳлига “талпинаётганжаҳаннам етмиш минг тутқич ила, ҳар бир тутқичда етмиш минг фаришта ила судраб келтирилган онда кўзларнинг ҳоли нима кечади

Аллоҳ таолонинг “Фажр” сураси охирларида бу ҳақида муҳрланган огоҳлантирувчи сўзларини наҳотки билмайсан?!

О-о-о…

Ўшал бебошлардек, эшак ҳанграган мисол ҳанграб, ғалаён кўтариб, ўз аҳлига “талпинаётган”, етмиш минг тутқич ила, ҳар бир тутқичда етмиш минг фаришта ила судраб келтирилган дарғазаб жаҳаннамнинг оловига тушган кўз нигоҳлари шу оннинг ўзида оловга қараганча тошдек қотади…

Уларни қимирлатиб бўлмас

Ул кунда атрофда нажот топилмагач нажот излаб, бошлар баланд кўтарилиб, ҳар томон югурилади…

Қўрқувдан бўм-бўш бўлиб қолган қалбларга бирор нарса сиғмас…

Агар билсанг, аслида Аллоҳ таолонинг “ … гарчи бироз кейин бўлса-да…”, дегани МАНА ШУ БЎЛАДИ

Жарир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган жанобимиз Муҳаммад алайҳис саломнинг:

Ким инсонларга раҳм қилмаса, Аллоҳ унга раҳм қилмайди”, деган огоҳ этувчи сўзларини наҳотки билмайсан?!

Биласан-ку…

Аслида, сен буларнинг ҳаммасини жуда ҳам яхши биласан

Имкониятинг борми, бугуноқ шафқат ва марҳаматга муҳтож кимсаларга шафқатли ва марҳаматли бўл!

Ана ўшанда даҳшатдан кўзлар қотадиган – Қиёмат куни Аллоҳ таолонинг ўзи Сенга ҳам марҳамат кўрсатади…

Наҳотки, ўшал кўзлар қотадиган, Аллоҳнинг марҳаматидан ўзга марҳамат бўлмайдиган – Қиёмат кунида керак бўладиган Аллоҳ таолонинг нажот берувчи марҳамати бугунги кичик бир марҳаматинг учун арзимаса…

Ё мағрурлигинг ШУНЧАЛАР МУҲИМ-МИ…

Шунчалар МУҲИМ-МИ…

Куч-у қудратинг ва танишларинг соясига ишонма

Бу ер не-не кучлиларни кўрмади…

Бу ер не-не кучлиларни ўз қорнига ютмади…

Ҳа, ютганда ҳам битта қодирмасдан, ямламай ютди…

Иброҳим алайҳис салом давридаги мағрур Намрудни ёдга ол

Подшоҳлар бошидаги биринчи олтин тож унинг боши учун ясалган эди…

У куч-у қудрати ва лашкарларидан мағрурланиб, туғёнга кетди

Ўзини беҳожат, деб билди…

Ҳатто, ўзини ўзи ИЛОҲ, деб эълон қилди… Субҳаналлоҳ!

Аллоҳ таолонинг “ … гарчи бироз кейин бўлса-да…”, деган сўзига АЛДАНДИ

Э-э-э…

Агар билсанг, унинг жонини олмоқ учун минглаб зирхли қўшин керак бўлмади…

Унинг жазоси атиги битта пашша бўлди, холос…

Аллоҳ таоло унинг бурни орқали димоғига бир миттигина заиф пашшани киритди. Пашша унинг боши ичига ўрнашиб олиб, илоҳий ирода ила маълум муддат тирик қолди. Ана ўша пашша ўзининг оддийгина ғингиллаган овози ва жўнгина ҳаракатлари билан ўзини ўзи ИЛОҲ, деган Намрудни мағлуб этди

Бу ҳали ҳаммаси эмас…

Унинг асосий “насибаси” Қиёмат куни кутмоқда…

Бу “насиба” – абадий бахтсизликдир

Жаҳаннам олови унга “мунтазир”…

Аслида Аллоҳ таолонинг “ … гарчи бироз кейин бўлса-да…”, дегани МАНА ШУ БЎЛАДИ

Мусо алайҳис саломнинг давридаги мағрур Фиръавнни ёдга ол

Яна ўша даврдаги мағрур Қорунни ҳам ёдга ол

Бири куч-у қудрати ва лашкарлари, иккинчиси эса мол-у давлатидан мағрурланиб, туғёнга кетди

Ўзларини беҳожат, деб билди…

Ҳатто, улардан бири ўзини ўзи ИЛОҲ, иккинчиси эса ДОНО, деб эълон қилди…

Уларнинг ҳар иккиси ҳам Аллоҳ таолонинг “ … гарчи бироз кейин бўлса-да…”, деган сўзига АЛДАНДИ

Жазонинг бироз кечиктирилганини жазодан омонлик, деб билди…

Уларни жонини олмоқ учун ҳам минглаб зирхли қўшин керак бўлмади…

Ҳаммаси Аллоҳнинг биргина илоҳий иродаси билан якун топди

Оқибатда бирини бор лашкари билан ДЕНГИЗ, иккинчисини эса бор бути билан ЕР ютди

Ҳа, ямламасдан ЮТДИ…

Бу ҳали ҳаммаси эмас…

Уларнинг ҳам асосий “насибаси” Қиёмат куни кутмоқда…

Бу “насиба” – абадий бахтсизликдир

Жаҳаннам олови уларга “мунтазир”…

Аслида Аллоҳ таолонинг “ … гарчи бироз кейин бўлса-да…”, дегани МАНА ШУ БЎЛАДИ

Э-э-э…

Олис эмас, кечагина ўз кўзинг олдида ва қулоғинг остида “мен-мен…”, дея мағрурлик завқига тўймаган мағрурларнинг бугунги ҳолини тааммул қилиб кўр…

Азизим!

Аллоҳ таолонинг “Аъроф” сурасидаги:

“Ҳар бир уммат учун ажал бордир. Бас, қачон уларга ажаллари келса, уни бирон соат кейинга ҳам, илгарига ҳам сура олмаслар”,дея муҳрланган огоҳлантирувчи сўзларини наҳотки билмайсан?!

ОГОҲ БЎЛ!

Балки, ажал фариштаси – Малакул мавт ЙЎЛДАДИР

ОГОҲ БЎЛ!

Балки, ажал фариштаси – Малакул мавт ЯҚИНИНГДАДИР

ОГОҲ БЎЛ!

Балки, ажал фариштаси – Малакул мавт РЎПАРАНГДАДИР

ОГОҲ БЎЛ!

Балки, ажал фариштаси – Малакул мавт “қўл шимариб”, ўз ишига КИРИШАЁТГАНДИР

Биласан, У келса, қуруқ қайтмайди

У келса, олиб кетиши керак бўлган нарсасини албатта олиб кетади

Кўз-ёшинг ёки ёлворишинга қараб ҳам ўтирмайди…

Бир лаҳза ҳам имкон қолдирмайди ва бермайди ҳам

Шундай экан, имкон топдинг-ми, ўзгаларга марҳаматли ва шафқатли бўлишда бардавом бўл!

Ман-манлик ва зулм аталмиш офатлардан эҳтиёт бўл!

Мана энди, тааммул қилиш ва хулоса чиқариш Сенинг ўзингда қолди…

Тошкент вилоят бош имом-хатиби ўринбосари

Нурали МАВЛАНОВ.

Битта фикр

  1. Toshkent viloyati bosh imom hatibi o‘rinbosari NURALI MAVLANOVga alohida minnatdorlik bildiraman. Chunki uning maqolalari dildan qalbidan chiqadi. Har bir maqolasini o‘qigan inson qalbi tasirlanmay iloji yo‘q. Umri uzoq bo‘lsin, Alloh ilmini ziyoda qilsin !