Аллоҳ сизлардан имон келтирган ва илм ато этилган зотларни (баланд) даража (мартаба)ларга кўтарур. Аллоҳ қилаётган (барча яхши ва ёмон) амалларингиздан хабардордир.

Бош саҳифа / Қуръон / Хатми Қуръонга марҳабо – 11

Хатми Қуръонга марҳабо – 11

АҲЛИ ҚУРЪОН ДЎСТЛАРГА КЎНГИЛ НИДОСИ

  1. Ниятга эътибор беринг. Хатмга ўтмоқчи бўлган қори аввало соф, тўғри, холис ният қилиб олиши лозим. Бу нафақат қори учун зарур, балки хатмнинг файзли бўлишида, одамлар ибодатдан чинакам баҳра топишида, мақсадлар ҳосил бўлишида катта аҳамият касб этади. Зеро, қорининг руҳий оламидаги ҳолнинг жамоатга таъсири жуда катта бўлади. Қуръони Каримни ўнлаб, юзлаб кишиларга эшиттира олиш қори учун энг улкан имконият ва шараф бўлиши лозим. Ҳар бир тингловчига берилган ажрларча бекаму кўст савобга эга бўлишдан ортиқ яна қандай фойда бўлиши мумкин? Буни ҳар биримиз яхши тушуниб етишга, қалбимизга сингдиришга ҳаракат қилмоғимиз керак. Иложи бўлса, ҳар гал намозга киришишдан олдин ниятни янгилаб олинса, жуда ҳам яхши бўлади.

Тўғри, хатмга ўтган қорининг маълум ҳақ олиши жоизлиги, ҳатто жамоат намозига имомлик вазифаси учун муайян маблағ келишиб ҳам олиш мумкинлиги ҳақида айрим фатволар бор. Аммо булар фатво холос, тақво йўли эмас. Авваллари хатми Қуръонга ўтган қорига маълум ҳақ бериш қозилар тарафидан тайинланган ҳолатлар ҳам бўлган, аммо бу баъзан тескари натижа бериб ҳам қўйган. Ўша даврларни қисман кўрган устозлардан бири, раҳматлик Файзуллоҳ қори дада айтиб берган эдилар: қози бир қорини (адашмасам, у кишининг устозини) бир жойдаги масжидга олиб борган экан. Масжид қавми камчилик, бунинг устига беэътиборроқ одамлар экан. Улар қози домлага: «Қорининг ҳаққини берсаг-у, хатм қилмай қўя қолсак‑чи?» дейишибди. Шунда қори жуда қаттиқ ғазабланиб, қавмнинг Қуръонга бўлган муносабатидан ранжиб, кетиб қолган экан.

Айтмоқчимизки, қорининг хизматини тақдирлаш, унинг дуосини олиш, унга Қуръон, илм йўлида кўмак бериш ва шу билан яхшиликка ҳисса қўшиш мақсадида, Қуръонга бўлган ихлосларининг изҳори сифатида одамларнинг ўзлари кўнгилдан чиқариб ҳадя берсалар, бу уларнинг ишлари, ҳимматларидир. Айрим ҳолларда бу хайрли иш маълум даражада қавмнинг вазифаси ҳам бўлиши мумкин, чунки бу қайсидир қорининг хотиржам Қуръон такрор қилишига, илм олишига шароит яратиб беради. Агар қори моддий таъминотга муҳтож ҳолатда бўлса, бу иш балки, заруратга айланиши ҳам мумкин. Аммо нима бўлганда ҳам, бу ҳаргиз қорининг мақсади, муддаоси бўлмаслиги керак.

Ризқ Аллоҳнинг зиммасидадир. У Зот тақдир қилганидан ортиғи насиб бўлмайди. Бу ҳар бир мўмин киши иймон келтириши лозим бўлган тушунчадир. Қорилар ниятнинг тўғри бўлиши учун ушбу ҳақиқатни ҳаммадан кўра кўпроқ эсга олишлари лозим. «Ниятингизни таҳлил қилиш учун эса сизга бирор кимдан манфаат етганда қалбингизга назар солинг. Агар етган неъмат учун қалбингизда аввал Аллоҳга шукр келтириш туйғуси уйғонса, бу яхши. Аммо аввал бандага ташаккур айтиш хаёли устун келса, унда аҳволни ислоҳ қилиш лозим», дейишади руҳий тарбия уламолари.

Бу ўринда ёдга олишга энг муносиб ҳадис Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг энг ёш шогирдларидан бири Ибн Аббос розияллоҳу анҳумога айтган қуйидаги гаплари бўлса, ажаб эмас:

«Ҳой бола! Мен сенга бир нечта сўзларни ўргатай. Аллоҳни андиша қил, У сени андиша қилади. Аллоҳни андиша қил, Уни рўбарўйингда топасан. Сўрасанг, Аллоҳдан сўра, ёрдам тиласанг, Аллоҳдан тила! Билгинки, агар бутун уммат сенга бирор манфаат етказиш учун тўпланса, Аллоҳ сенга битганидан бошқа манфаат келтира олмайди. Агар бутун уммат сенга бир зарар етказиш учун тўпланса, Аллоҳ сенга битганидан ортиқ зарар келтира олмайди. Қаламлар кўтарилган, саҳифалар қуригандир» (Термизий ривоят қилган).

 

  1. Тажвидга риоя қилинг. Ҳар бир Қуръон ўқувчи қори қироатнинг вожиби бўлган тажвид қоидаларига риоя қилиши лозим. Бугунги кунда қориларнинг тажвидлари аввалгидан кўра анча ўнгланган бўлса‑да, ҳали кўпчиликларида ҳолат мақтарли даражада эмас. Тажвид илмини ўзлаштирганлари кам, билганига амал қилишга уринаётганлари ундан ҳам кам.

Шуни яхши англаб олиш лозимки, Қуръони Карим фасоҳатли араб тилида нозил қилинган. Тажвид ва қироат илмида ўқитиладиган деярли барча қоидалар Қуръон нозил бўлган даврдаги араблар учун катта янгилик бўлмаган, чунки идғом, иқлоб, изҳор каби қоидалар изчил ва қатъий равишда бўлмаса‑да, оддий сўзлашувда ҳам қўлланилган. Хўш, Қуръон тилининг ўша пайтдаги араб тилидан фарқи борми? Қироат уламоларининг таъкидлашларича, Қуръони Каримни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бошлиқ саҳобаи киромлар сўзлашган араб тилидан ажратиб турувчи хусусияти асосан учта бўлган:

  1. Мад, яъни чўзиқ унлиларни икки ҳаракатдан ортиқ чўзиш;
  2. Ғунна – «мим» ва «нун» товушлари иштирок этган айрим ўринларда товушни бир муддат димоғда ушлаб туриш.
  3. Оҳанг. Қуръонни оҳанг билан тиловат қилиш таълими ҳадисларда ҳам, бошқа ўринларда ҳам кузатилмайди. Шу билан бирга, Қуръондаги оҳангдорлик ҳам бошқа жойда топилмайди, унинг ўхшашини келтиришга инсон ожиз. Қуръондаги оҳанг ашула, мусиқа ёки бошқалардан олинган эмас, балки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан тортиб, бугунгача қорилар қалбига илқо қилинаётган, Қуръоннинг назми бахш этадиган оҳангдир. Бу хусусият ҳам фақат Қуръонга хос. На араб адабиётида, на ҳадисларда, на бошқа жойда бу қоидалар йўқ, бўлмаган ҳам.

Бунга қўшимча сифатида, идғом, иқлоб, изҳор каби тилда мавжуд бўлган қоидаларга намунали равишда, қатъий изчиллик билан амал қилишнинг талаб этилишини ҳам Қуръоннинг хусусиятларидан деб айтиш мумкин.

Санаб ўтилган хусусиятларнинг дастлабки иккиси, яъни мад ва ғунна қоидалари ҳозирги кунда ҳам тажвид илмида ўрганилади. Қуръоннинг мазкур хоссаларига риоя этмаслик Қуръони Каримни ўзига хос хусусиятларидан мосуво қилиб, башар каломи каби ўқиш ҳисобланади. Бу эса мутлақо жоиз эмас. Хусусан, қориларнинг бундай қилишлари жуда оғир хатодир. Айниқса устозлар, қироати жамоатга намуна бўлиб турган кишилар бунга ҳушёр қарашлари лозим.

Имом Жазарий ўзининг машҳур «Муқаддима»сида шундай дейди:

«Тажвидга амал қилиш қатъий лозимдир, яъни вожиб ишдир. Ким уни дуруст ўқимаса, гуноҳкордир, чунки Аллоҳ уни бизга шундай нозил қилган ва у бизгача шундай етиб келган».

Айниқса, ҳарфларни ўз ўрнидан талаффуз этиш, уларни фарқлаб турадиган сифатларини ижро этиш, мад, ғунна каби Қуръонга хос бўлган қоидаларни адо этиш ҳар бир Қуръон ўқувчи қорига вожибдир. Мисол учун, «син» ҳарфи «сод»дан, «та» ҳарфи «то»дан, «зод» ҳарфи «за»дан аниқ ажралиб туриши, лозим мадлар олти ҳаракат, муттасил мад тўрт ҳаракат чўзилиши шарт. Қироатга равнақ, тароват бахш этадиган иккиламчи тажвид қоидаларига амал қилиш эса Қуръондан таълим бераётган устозлар, халққа тиловат эшиттираётган қориларга лозим.

Тажвид қоидалари кейинчалик тартибга солиниб, асарларга битилган бўлса‑да, аслида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ўрганилган ва бизгача қироат устозлари орқали етиб келган қоидалардир. Шунинг учун Қуръонни ўзича ўқиб олган киши қори саналмайди. Қори бўлиш учун устоздан оғзаки таълим олиш шарт. Биз шу ҳақиқатни яхши англаб олишимиз керак.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзлари ҳам, у зотнинг саҳобалари ҳам Қуръон қироатига алоҳида эътибор беришган. Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Қавмга уларнинг қорироғи имомлик бўлади», деганлари ҳам бежиз эмас. «Қуръонни фалончи, фалончилардан ўрганинглар», деб айрим саҳобаларни алоҳида ажратиб айтишлари эса жуда катта кўрсатмадир. Саҳобаи киромлар ҳам бунга алоҳида эътибор беришган.

Биргина мисол келтирайлик. Нима учун Умар розияллоҳу анҳу кишиларни таровеҳда бир имом ортидан жамлашга қарор қилганида имомликка айнан Убай ибн Каъб розияллоҳу анҳуни танлади? У кишидан кўра олимроқ саҳобалар ҳам бор эди‑ку! Бунинг сабаби шуки, ҳар бир ишни ўз эгасига, устасига топшириш керак, ҳар бир ишни шу соҳанинг мутахассиси, тажрибали, юқори малакали вакили қилиши лозим. Бу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг услубларидир, илоҳий таълимдир.

Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Убайга: «Аллоҳ сенга «Лам йакуниллазиина кафаруу…»ни ўқиб беришимни буюрди», дедилар. У: «У Зот менинг исмимни айтдими?» деди. У зот: «Ҳа», дедилар. Шунда Убай йиғлаб юборди».

Имом Бухорий ривоят қилган.

 

Ҳа, Қуръонни унинг қироатига лаёқатли, маҳорати бор кишиларга ўргатиб боришни Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг Ўзи таълим бергандир. Шунинг учун ҳам ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу таровеҳга имом сайлашда айнан Убай розияллоҳу анҳуни танлаган эди.

Умматнинг уламолари ва раҳбарлари кейинчалик ҳам бу ишга жиддий эътибор бериб келишган. Масалан, Ҳажжож золим ўз даврида намозга ўтиш учун фақат арабларни танлар экан. Бошқа илмлар ва соҳалар ҳамма учун очиқ бўлган, аммо имомнинг айнан араб бўлишини талаб қиларкан. Бир куни унга: «Сен араб қорилар имом бўлсин, дейсан‑у, лекин ўзинг Маймун ибн Меҳроннинг ортида намоз ўқийсан. Ахир у ҳам арабмас, ажам‑ку?» дейишибди. Шунда Ҳажжож: «Агар унга ўхшаб ўқий олса, ажам ўтсин. Мен кўп ажамларнинг қироатни бузганларини кўриб, шундай деганман», деган экан.

Демак, намозда имомликка ўтиш, айниқса хатм қилиш ҳазилакам иш эмас, бунга енгил қараб бўлмайди. Имомлик ўта жиддий эътибор бериш лозим бўлган масъулиятли ишдир. Имомлар, хусусан, қорилар тажвид қоидаларига имкон қадар оғишмай амал қилишлари зарур. Бу талаб намознинг дурустлиги, мукаммаллиги учун ҳам аҳамиятлидир. Бу ишга аввало энг муносиб кишиларни танлаш, керак бўлса, имтиҳон қилиш, талабга жавоб бера олмаганларнинг малакасини оширишни йўлга қўйиш лозим.

Имом Жазарий айтадилар: «Бу уммат Қуръони Каримнинг маъноларига амал қилиш билан Аллоҳга ибодат қилгандек, уни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан нақл қилинган тарзда, ҳақларини адо этиб тиловат қилиш билан ҳам ибодатни қоим қилиб келган». Айтмоқчиларки, унинг маъноларига, буйруқ ва қайтариқларига амал қилиш қанчалик зарур, аҳамиятли бўлса, сўзларини тўғри талаффуз этишнинг муҳимлиги ҳам бундан кам эмас.

Хулоса қилиб айтганда, ҳар бир Қуръон қориси тажвидга чин дилдан ёндашиши, унга иймон, виждон асосида амал қилиши ва бу ишга қорилик масъулияти деб қараши лозим. Бунда ҳам ниятни соф, тўғри қилиш керак, мадҳу­мақтов, ўзни кўрсатиш учун бўлмаслиги керак. Шароит тақозосига кўра қанчалик тез ёки секин ўқишидан қатъи назар, тажвид қоидаларига оғишмай амал қилиши керак. Ўзи ўқиганда ҳам, бошқаларга ўқиб, эшиттирганда ҳам қоидаларга риоя этган ҳолда, чиройли ўқиши лозим. Муҳими, қироат суръатида ҳам суннатга мувофиқ иш тутиш матлубдир.

 

  1. Қироатнинг суръатига риоя этинг. Рамазонда энг кўп ўртага ташланадиган ва баъзан тортишув, баҳсларга сабаб бўладиган мавзу – қироатнинг тезлиги, суръатидир. Қуръони Каримни қанчалик тез ёки секин ўқиш мумкин ёки керак? Навбатдаги мулоҳазалар шу хусусда. Ҳар бир қори, ҳар бир тингловчи бу борадаги илмий мезонни билиб олиши лозим.

Қуръони Каримнинг ҳар бир калимаси, ҳар бир ҳарфи Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан ўрганилган. Қуръон таълимидаги бу жиддият қироатнинг суръатини ҳам аниқлашга имкон яратган. Барча қироат уламолари таъкидлайдиларки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан Қуръони Каримни уч хил суръатда ўқиш мумкинлиги ривоят қилинган бўлиб, мутахассислар уларнинг ҳар бирини алоҳида ном билан ажратиб беришган:

а) Таҳқиқ. Буни ўзбек тилига таржима қилсак, «маромига етказиб ўқиш» дейиш мумкин. Бунда мад, ғунна ва бошқа тажвид қоидалари энг юқори нуқтасида, энг тугал суратда адо этилади. Шошилмай, дона‑дона қилиб, хотиржам, виқор билан ўқилади. Бу қироатнинг энг секин сурати бўлиб, агар унинг энг охирги чегараларидан ҳам хатлашга ўтилса, қироатга халал етади, қисқа унлилар чўзилиб, ҳарф ва калималар ўртасида танаффус пайдо бўлади.

Уламолар бир овоздан таъкидлайдиларки, таҳқиқ мартабаси асосан таълимда қўлланади. Ўқувчи даставвал ҳарфларни, қироат қоидаларини яхши ўзлаштириши учун бунга муҳтож. Шунингдек, мажлисларда, йиғинларда, Қуръон кечаларида тиловат қилишга ҳам шу суръат мос тушади, ярашади. Мисол учун, шайх Мустафо Исмоил, Муҳаммад Сиддиқ, Абдулбосит, Хусарий каби қироат устозларининг турли йиғинлардаги қироатлари ҳам шу таҳқиқ суръатида ҳисобланади. Аммо хатми Қуръон қилишда бу мартаба секинлик қилади, вазиятга унчалик монанд келмайди. Қоидаларни таҳқиқ мартабасида етарли ижро эта билган қорилар хатми Қуръон қилганларида бироз тезроқ, яъни тадвир мартабасида ўқишлари мумкин.

б) Тадвир. Бу «ўртача суръат» деган маънони билдириб, таҳқиқдан тез, бироқ энг тез қироатдан секинроқ бўлади. Бунда ҳам тажвид қоидаларига тўла амал қилинса-да, мадларнинг ўртача чўзилиши танланади ва лафзлар чаққонлатилади. Аммо тадвир суръати оятларнинг маъносини бемалол тадаббур қилишга имкон берадиган даражада бўлиши керак. Тадвир суръати қироат мартабалари ичида энг афзали, энг мақбули ва ҳар тарафлама энг қулайидир. Бу мартабада қори ҳам эркин ҳаракат қилади, кучанмайди, тингловчи ҳам чарчамайди. Шайх Абдулбосит Абдуссамат, Муҳаммад Сиддиқ Миншавий, Халил Хусарий каби устоз қориларнинг «тартил қироати» номи билан танилган хатмлари, Алий Абдурраҳмон Ҳузайфий, Муҳаммад Айюб, Саъд Ғомидий, Мушарий Рошид каби қориларнинг таровеҳдаги хатмлари тадвир суръатида ўқилган.

Мавзудан келиб чиқиб айтсак, кунига 1‑2 порадан ўқиладиган хатмларда шу тезлик муносиб, ундан кўпида кўп ҳолларда ҳадр тезлигига ўтишга тўғри келади. Бу менинг шахсий фикрим.

в) «Ҳадр» сўзи аслида «юмалатиш», «ғилдиратиш» деган маъноларни билдиради. Қироат илми истилоҳида эса қироатнинг энг тез суръатини англатади. Бунда фақат чўзиш вожиб бўлган мадларгина чўзилади, бироқ улар ҳам энг қисқа миқдорда чўзилади, жоиз мадлар эса чўзилмайди. Қироат тезлиги ҳисобига ғунналарда ҳам кўп турилмайди. Аммо бунда ҳам ҳарфларнинг тўкислигига, вожиб қоидаларнинг ижросига халал етказиш мумкин эмас. Яқин йилларда ўтган улуғ устозлардан бири Абдулазиз қори даданинг айтганларига кўра, ҳадрда вақф‑ибтидо, яъни қироатни бошлаш ва ўртада тўхташ асносида ҳам энг жоиз мартаба ушланади. Имкон қадар бир нафасда узоқроқ ўқилади ва нафас етмаган ҳолларда вақф белгиси йўқ жойда тўхтаб, қайтариб қироат қилинганда ҳам, бир калима олдиндан қайтарилади, маъно яхши тушунарли чиқиши учун юқорироқдан ўқиб ўтирилмайди. У киши буни бизга устозлари Рўзи қори домладан нақл қилиб, «Устоз ҳар уччала мартабада ҳам эркин ва ўзига хос равнақ билан ўқир, уларнинг фарқини яққол кўрсатар эди», деган эдилар.

Аслида ҳадр суръати Қуръондан кўпроқ ўқишни ният қилган пайтдаги шахсий такрорлар учун муносиб. Шунингдек, бу суръат кўпроқ ўқиб қилинадиган хатмларда жуда қўл келади. Бунда агар қорининг лафзи енгил, чаққон бўлса, ўзи ҳам, тингловчи ҳам чарчамайди, акс ҳолда ҳолат аксинча бўлиши мумкин.

Умуман олганда, қироатни қайси мартабада ўқиган афзал, деган саволга кўпчилик уламолар ўрта мартабада ўқиш афзаллигини таъкидлашган. Баъзи олимларимизнинг айтишларича, бу худди миқдори оз, аммо қиймати юқори пул билан қиймати паст‑у, саноғи кўп пулни сарфлаганга ўхшайди. Бирида тафаккур ва тадаббур ҳисобига кўпроқ ажрга эга бўлинса, иккинчисида кўпроқ калима нутқ қилингани эвазига ажри ортади.

Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, мазкур мартабаларда ўқиш ҳар кимга ҳам жоиз ва муяссар бўлмайди. Қори аввал таҳқиқ мартабасида қоидаларни тўкис ижро этишни яхши ўзлаштириб олади. Етарли малака ҳосил бўлгач, тадвирда ўқиши мумкин. Тадвирда ҳам қоидаларни тўкис адо эта олиш маҳоратини ҳосил қилган қоригина ҳадр мартабасида ўқиши жоиз. Етарли малакаси бўлмаган кишига бу мартабага қўл чўзиш дуруст эмас.

Назаримда бизда кўпинча ҳолат аксинчага ўхшайди. Кўпчилик қорилар Қуръонни олдин тез ўқиб ёдлаб олишади‑да, кейин ҳиммат қилгани секинроқ, дона‑дона ўқишни ўзлаштиради. Аслида эса ҳар бир Қуръон ўрганувчи киши аввал таҳқиқда ўқиши, ҳадрда эса етарли малакага эга маҳоратли қориларгина ўқиши керак.

Қориларга маълум бўлса‑да, эслатиш лозим бўлган яна бир гап шуки, хатмда ёки бошқа жойда Қуръонни дона‑дона, тажвид билан ўқий олиш учун кундалик такрорни ҳам шундай олиб бориш лозим бўлади. Акс ҳолда секин ўқиса, тажвидга амал қилса, масалан, мадларни чўзса, кейинги калима ёдга келмай қолади, адашиб кетади. Ҳар бир қори тажвид қоидаларига риоя қилиш, гўзал оҳангда қироат қилиш аввало инсоннинг ўзи учун зарур эканини ёдда тутмоғи даркор.

Қироат мартабаларига оид асосий маълумотлар ана шулардан иборат. Бундан бошқача йўл тутиш Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан бизгача етиб келган ва то қиёматгача ўзгармайдиган таълимга зиддир. Ҳадрдан ҳам тезроқ ўқишга ёки буни талаб қилишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ, чунки бу суннатга, шариатга хилоф бўлиб, Қуръоннинг ҳаққини поймол қилишга олиб боради. Буни ҳар бир қори, ҳар бир тингловчи яхши тушуниб олиши шарт.

Фараз қилинг, бир ёзувчи ёки шоир ўзининг асарини кўпчиликка ўқиб беришни сизга топшириб, илтимос қилиб, ўзи ҳам кузатиб турибди. Айтайлик, сизга асарини берган зот юқори мартабали раҳбар киши бўлсин. Сиз унинг асарини ўқишда у кўзлаган мақсадни рўёбга чиқаришга қанчалар уринасиз? Шариллатиб, биров тушунмайдиган қилиб ўқиб бермасангиз керак? Айниқса ўша асарнинг муаллифи ўзининг махсус элчиларини ишга солиб, уни ўқиш қоидаларини ҳам ўргатиб, қўлингизга тутқазган бўлса ва ижроингизга қараб жазо ёки мукофот тайёрлаб қўйган бўлса, нима қиласиз? Бу саволларга холис жавоб бера олсангиз, Қуръонга бўлган иймоннинг ўзи сизга керагича йўл кўрсата олади.

Ҳанафий улмоларнинг улуғ намояндаларидан бири имом Ҳасфакий ўзининг машҳур «Ад‑Дуррул‑мухтор» китобида таровеҳ ҳақида сўз юрита туриб, жумладан, шундай дейди:

«(Таровеҳда қори) ортиқча дуоларни тарк этади ва мункар ишлардан – бидирлаб қироат қилишдан, таъаввуз ва тасмияни тарк этишдан ҳамда хотиржамлик, осудалик, тасбеҳ ва дам олишни тарк этишдан узоқ бўлади».

Қаранг-а, уламоларимиз биз ҳозир сўз юритаётган хатолардан сақланишни қадимдан таъкидлаб келган эканлар. Демак, таровеҳда қироатда ҳам, намозда ҳам, тасбеҳларда ҳам осудалик бўлиши лозим.

Айрим кишилар ўзларича ўша биз назарда тутаётган тез ўқишни ўзимизнинг қориларнинг, ота‑боболаримизнинг ўқиши деб, секин, дона‑дона ўқишни эса арабларга тақлид қилиш деб ўйлашади. Бу тушунчанинг мутлақо хато экани фақиҳларимизнинг сўзларидан ҳам маълум. Қолаверса, биз юқоридан тилга олиб келаётган устоз қориларимизнинг бирортаси бундай қироат қилмаган. Абдулазиз қори даданинг айтишларича, устозлари Рўзи қори домланинг ҳадрдаги қироатларини Андижондаги Нишон қори дада олган экан. Андижонда ўтган марҳум устозлардан яна бири, ҳофиз Охун махдум домла ҳам шу йўсинда қироат қиларди.

Биз уларнинг ва юртимизда қироатни тарқатган бошқа катта устозлар – Шаҳобиддин қори дада, Абдуқаҳҳор Махдум, Мубин қори дада, Шаҳобиддин қори дада билан бирга Покистондаги Қуръон кўригида иштирок этган Раҳматуллоҳ қори ака ва бошқа устозларнинг мажлисларда ва хатмларда қилган тиловатларини тасмаларда эшитдик. Барчаларини Аллоҳ раҳматига олсин. Бирорталарида ҳарфларни ямлаш, калималарни чайнаш ёки мад‑ғунна каби қоидаларни пайҳон қилиш каби ҳолатлар мутлақо учрамайди. Асосий фарқ шундаки, улар хатмларда асосан ҳадрда ўқиганлар.

Рўзи қори домланинг ўғиллари устоз Абдулбоқий қори дада ҳам ўз даврларида юзлаб қориларни тарбиялаганлар. У киши оталарининг энг пешқадам шогирдларидан таълим олган эканлар. Устозларимизнинг таъкидлашича, у киши ҳатто ўзаро қилинган хатмларда ҳам бир порани салкам бир соатда ўқиган экан. Биз ҳам ёшлигимизда у кишининг қироатларини бир неча марта эшитганмиз.

Асли Ҳаканлик (Андижон шаҳрининг мавзеларидан бири), Маккаи Мукаррамадан етти қироатда ижоза олиб келган устоз Довудхон Тўра даданинг бир қирғиз шогирдлари бўлган. У киши Андижонга келганида «Девонабой» масжидида тиловат қилиб бериб турган. Эшитганлар у кишининг қироатини тахминан Муҳаммад Сиддиқ Миншавийнинг қироатига таққослашади.

Андижонлик Файзуллоҳ қори дада «Жомеъ» масжидда хатмга ўтган машҳур қори устозлардан бири Комил қори аканинг қироатларини тавсифлаб, шундай деган эдилар: «Дона‑дона, шошилмай, ўта хуш ва гулдурос овоз билан ўқирдилар. Ҳонақоҳ ичидаги қироатларини ҳатто масжид саҳнига кираверишдаги эшик тагида (тахминан 150­200 метр масофада) туриб ҳам эшитса бўларди».

Яна бир устоз Марҳум Ҳусайн қори дада ўзларининг беморликларидан олдинги қироатларини мадиналик қори Муҳаммад Айюбнинг қироатига ташбеҳ қилардилар. У кишининг қироатини кўпчилик эшитган.

Шу ўринда ўз ҳаётимдан ҳам бир мисол келтирсам. Она томондан бобомиз Ҳабибуллоҳ ҳожи дада ўз даврининг етук олимларидан, ҳофизи Қуръонларидан эдилар. Саксон беш ёшларида ҳам масжидда хатмга ўтиб берганлар. 11‑12 яшар вақтларим. Қуръони Каримни ёдлаб, ярмидан ўтиб қолгандим. Бобом шариллатиб такрор қилаётганимни кўриб: «Намунча тез ўқимасанг?! Нечта ўқийсан ўзи?» дедилар. «300 та», дедим. «Ўтган сураларни такрор қиласанми?» дедилар. «Йўқ», дедим. Шунда опоқ дадам: «Бунинг ўрнига секинроқ қилиб элликта ўқи, шу яхши. Шу билан бирга, ёдлаб ўтилган сурларни ҳар куни такрорлаб тур. Биз Жомеъда шундай ўқиганмиз», дедилар. У киши 1920‑1925 йилларда Андижон шаҳридаги «Жомеъ» мадрасасида таҳсил олган эканлар.

У кишининг хатмдаги қироатлари намоздаги ўқишларидан бироз чаққонроқ эди, холос. Бир маромда, дона‑дона ўқир эдилар. Вақф‑ибтидо қоидаларига ниҳоятда риоя қилардилар. Бу қоидаларнинг кўпини устозларидан олган эканлар. Эсимда, бир гал опоқ дадамга Каҳф сурасини ўқиб берганимда менга қаерларда вақф қилиш‑қилмасликни ҳам кўрсатган эдилар.

Демак, айрим жойларда ҳали-ҳануз учраб турган ҳаддан зиёд, қоидаларга халал етказадиган даражада қироат қилиш катта устозларнинг йўсини эмас. Нима сабабдан ва қайси омиллар натижасида бу ҳол юзага келгани ҳақида айрим тахминлар бўлса‑да, ҳозир бу ҳақда тўхталишнинг мавриди эмас. Ҳар қалай бунчалик тез ўқиш мўътамад устозларда бўлмагани аниқ. Зеро, Қуръондан етарли таълим олган, ижоза олган киши ҳеч қачон бундай қироат қилмайди, бунга рози бўлмайди ва бўлиши мумкин ҳам эмас, чунки у ўзи қабул қилиб олган омонатга путур етаётганини кўриб туриб, буни жоиз деб билиши, маъқуллаши мутлақо тўғри келмайди.

Шу ўринда юқорида ишора қилинган тахминлардан бирини эсга олиш жоиз. Бизнингча, ўтган даврларда масжидлардаги хатми Қуръонларнинг муддатини уч ё етти кун, деб қатъий белгилаб қўйиш ҳам айрим ёш қориларнинг қироатлари тезлашига сабаб бўлган бўлиши мумкин. Шунингдек, аралашишга ҳақли бўлмаган илмсиз кишиларнинг қистови билан, жамоатдаги айрим одамларнинг талабига жавоб бериш илинжида ҳам шундай ҳол юзага келган бўлиши эҳтимолдан холи эмас. Ўшанда ҳам катта устозлар ҳеч қачон қироат қоидаларини бузишмаган, уларга қатъий риоя қилишган. Аммо айрим қориларда бироз бепарволик ўтган бўлиши ва аста‑секин ҳаддан зиёд, қоидага хилоф равишда тез ўқишга ўтиб кетилган бўлиши мумкин.

Бугун эса шароит тамоман бошқача. Устозларимиз, Диний идорамиз раҳбарлари «Хатмлар 15 кундан кам бўлмасин, бир ойлик бўлса, яна ҳам яхши», деб туришибди. Мақсад – одамлар чарчамасин, толиқмасин, тун қисқалиги сабаб дам олиш кечикмасин. Шу 1‑2 поралик хатмлар учун тахминан икки соат тавсия этилмоқда. Бу ҳам айтилган талабларга жавоб бера олишга етарли муддат. Бу улуғ имкониятлардан унумли фойдаланишимиз, бироз дангасаликдан воз кечишимиз ушбу неъматнинг шукри бўлади, албатта.

Келинг, фурсатдан фойдаланиб, ўтмиш устозлар, умматнинг етакчилари ҳаётидан айрим лавҳаларга бир назар ташлайлик. Саҳобаи киромлар, салафи солиҳлар мавзуимизнинг ҳозир биз сўз юритаётган жиҳатига, яъни қироат суръатига қандай муносабатда бўлганини ўрганайлик.

Имом Бухорий «Саҳиҳ»да «Қуръон фазилатлари китоби»да «Қироатда тартил қилиш, Аллоҳ таолонинг «Ва Қуръонни тартил билан ўқи», деган сўзи, «Ва Қуръонни одамларга аста-секин ўқиб беришинг учун уни бўлиб‑бўлиб қўйдик», деган сўзи ҳамда уни шеърни шариллатиб ўқигандек шариллатиб ўқишнинг макруҳлиги ҳақида» деган алоҳида боб очиб, унда Абу Воилдан қуйидаги ривоятни келтиради:

«Эрталаб Абдуллоҳ(ибн Масъуд)нинг олдига бордик. Бир киши: «Бу кеча муфассални ўқидим», деди. У: «Шеърни шариллатиб ўқигандек шариллатиб‑а?! Албатта, биз қироатни (яъни ҳақиқий қироатни) эшитганмиз. Мен Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ўқийдиган, (ҳажми) бир хил сураларни ёд ўқийман, муфассалдан ўн саккизта сура ва «Ҳо­мим»лардан иккита сура», деди».

(Шуни яхши билиш керакки, имом Бухорий одатда макруҳнинг таҳримийсини, яъни ҳаромга монандини ҳам, танзиҳий – одоб бобидагисини ҳам макруҳ деб аташ билан чекланган.

«Муфассал» – «бўлак‑бўлак қилинган», «ажратиб-ажратиб қўйилган» деган мазмунни билдириб, Қуръони Каримнинг етти бўлагидан охиргиси – кичик суралардан иборат бўлмиш еттинчи бўлагига берилган умумий номдир. Муфассал сураларнинг охири Ан‑Нас сураси эканига иттифоқ қилинган. Бошланиши эса кучлироқ фикрга кўра, Ҳужурот ёки Қоф сурасидир. Бу суралар қисқа‑қисқа бўлгани ва оятлари ҳам қисқа бўлгани учун шундай ном олган.)

Бу ерда Ибн Масъуд розияллоҳу анҳу тафаккур‑тадаббурсиз кўп ўқигандан кўра оз бўлса ҳам, соз ўқиган яхши, демоқчи. Бошқа муҳаддисларнинг ривоятларида Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай қироат қилмаганларини айтиб, бояги кишига танбеҳ бергани ҳам айтилган. Бунга ўхшаш танбеҳ Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ҳам содир бўлгани нақл қилинади.

Ибн Абу Шайба Шаъбийдан ривоят қилади:

«Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу шундай деди: «Қуръонни шеър ўқигандек шариллатиб ўқиманг. Сифатсиз хурмони сочиб юборгандек, уни ҳам сочиб юборманг. Унинг ажойиботларида тўхталинг ва у билан қалбларни ҳаракатга келтиринг».

Бу – улуғ қори саҳобалардан бирининг набавий тарбия асосида айтган сўзлари, кўрсатмаларидир. Бу – Қуръонни бевосита Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзларидан, у зотнинг муборак оғизларидан эшитиб, таълим олган ва у зот томонидан: «Ким Қуръонни нозил бўлганидек тароватда ўқишни истаса, Ибн Умму Абддек ўқисин», деган ишонч ёрлиғига эга бўлган кишининг иршодларидир. Демак, қори Қуръонни бир хилда шариллатиб ўқиб кетавермай, унинг ибораларидаги, маъноларидаги ажойиботларини кўрсата билишга интилиши, ўрни келганда бироз урғу бериб, тўхталиб ўтиши ҳам керак экан. Акс ҳолда Қуръонни ерда сочилиб ётган, биров харидор бўлиб қўл узатмаётган сифатсиз мева‑чеваларнинг ҳолига солган бўлар экан.

Имом Ҳоким «Мустадрак»да, имом Байҳақий «Сунан»да Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумонинг қуйидаги гапларини ривоят қилишган:

«Биз ҳаётимизда шундай бир даврларни яшадикки, унда биримизга Қуръондан олдин иймон берилар эди. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга сура нозил бўлар, биз унинг ҳалолу ҳаромини, амру тақиқларини ва унинг қаерларида тўхташ кераклигини ўрганар эдик, худди сизлар бугун ўрганаётгандек. Кейинги пайтларда эса шундай кишиларни кўряпманки, уларга иймондан олдин Қуръон берилмоқда. Сўнг у унинг бошидан охиригача ўқиб чиқяпти‑ю, амри нима‑ю, тақиқи нима, унинг қаерларида тўхташ керак, билишмайди ва уни сифатсиз хурмони сочиб юборгандек сочиб юборишади».

Қуръони Каримни тафаккур‑тадаббурсиз тез ўқиш ҳақида шунча гап айтилгач, энди бунинг устига Қуръоннинг талаффуздаги ҳақларини ҳам поймол қилиб ўқиш ҳақида умуман гапирмаса ҳам бўлаверади. Қўрқмай айтиш мумкинки, ундай хатм қилгандан кўра қилмаган яхши, чунки хатм суннатдир, Қуръоннинг эъзози ва тажвид қоидаларининг риояси эса вожибдир. Бунинг ўрнига тўлиқ хатм бўлмай, озроқ бўлса ҳам, имкон етганча, Қуръоннинг ҳақларини адо этган ҳолда ўқиб қўйган афзалдир.

Кимдир: «Бизнинг одамлар араб бўлмаса, барибир тушунмагандан кейин, тез ўқиб қўяверади‑да. Уларга тафаккур, тадаббур қилишга йўл бўлсин», дейиши ҳам мумкин. Аслида гап ундай эмас. Қуръони Каримдаги ҳарфлар, калималарнинг жойлашиши ўзи бир мўъжиза, оҳангдор, мафтункордир. Қолаверса, Қуръони Каримга хос бўлган мад, ғунна каби тажвид қоидаларининг ижроси ҳам қироатга алоҳида тароват бахш этади, оҳанг кашф этади. Ахир Аллоҳ таоло бу қоидаларни Ўз каломига бекорга жорий қилмаган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан тортиб, бугунгача қироат устозлари мазкур қоидаларни ўргатиб, сақлаб келишлари ҳам беҳудага эмас. Шунинг учун Қуръоннинг ушбу хусусиятларини қанчалик кўрсатсангиз, шунчалик таъсирли чиқаверади. Тушунган-тушунмаганга бир хил таъсир қилаверади. Таъсири яхши бўлган сари қалбларни тозалаши, сайқаллаши ортиб бораверади. Булар аслида илмий исбот талаб қилмайдиган ҳақиқат бўлса-да, айримлар илмий исботлаб ҳам қўйган. Шунинг учун ҳам Қуръони Каримнинг мана шу хусусиятидан баҳра олган кишилар ҳеч қачон усиз Қуръонни эшитгиси келмайди, балки эшита олмайди ҳам.

Эътибор берилса, Қуръони Каримнинг назми, услуби ўзига хос. На бирор араб адабиёти асарига, на шеърга, на ҳадисларга ўхшайди. Башар сўзидан тубдан фарқ қилади ва ҳаммасидан устун туради. Шу билан бирга, Қуръони Каримдаги деярли ҳар бир сурада назм ва услуб жиҳатида яна алоҳида ўзига хослик бор. Мисол учун, Юсуф сурасининг жумлалари умуман бошқача, Каҳф ёки Исро сурасининг иборалари бошқа. Марям, Тоҳо, Фурқон, Шуъаро, Соффот ё Сод ва бошқа кўп сураларнинг ҳар бир жумласи унинг қайси сурага тегишли эканини кўрсатиб туради. Бақара ва Оли Имрон сураларидаги маҳобат бошқа, Раҳмон ва Воқеа сураларидаги тароват бошқа. Қисқаси, ҳар бир сурани ўқиганингизда янги бир дунёни кашф этаётгандек бўласиз. Ҳар бир суранинг ўзи алоҳида бир олам. Ҳатто кичик сураларда ҳам бундай ажойиботларни сон‑саноқсиз келтириш мумкин. Аммо тез ўқиганда буни пайқаб бўлмайди, бу гўзаллик намойиш топмай, шариллаган қироат остига кўмилиб, йўқ бўлиб кетади. Қани, қайси қори Қуръоннинг ушбу хусусиятларини, ҳақларини яксон этиб, уни бу мислсиз гўзалликларидан мосуво қилиб ўқишга журъат этади? Қорининг Қуръон ўқишдан мақсади ўзи нима? Наҳотки мақсад Қуръоннинг ҳақларини поймол қилиш бўлса? Қалбида Қуръонга эъзози бор тингловчи бу хил бедодликка қандай қилиб рози бўла олади?

Аслида эса қори Қуръоннинг мазкур жиҳатларини ўз қироатида акс эттира олиши керак. Акс ҳолда энг камида Қуръони Каримга эътиборсизлик, одобсизлик қилган бўлади, уни зое қилган бўлади.

Имом Абу Ҳомид Ғазолий раҳматуллоҳи алайҳ айтади: «Билгинки, тартил билан ўқиш маҳбуб саналган, бу фақат тадаббур учун эмас, чунки Қуръоннинг маъносини тушунмайдиган ажамга ҳам қироатда тартил қилиш ва оҳиста ўқиш мустаҳабдир».

Ўрни келганда шуни ҳам эслатиб ўтиш жоизки, Қуръони Каримни аста‑секин, шошилмай ўқиш ҳақида айтилган мазкур гапларни ҳаддан зиёд, ноўрин чўзиб ўқиш учун ҳам ҳужжат қилиб олмаслик керак. Аниқроқ қилиб айтганда, қорилар буни суиистеъмол қилмасликлари, балки ҳар доим ўрта йўлни ушлашлари лозим. Рамазон олдидан Ўзбекистон мусулмонлари диний идорасида бўлиб ўтган қорилар йиғилишида муфтий ҳазратлари, устоз Усмонхон домла таъкидлаганларидек, тажвидни ҳам ушлаш, қавмни ҳам риоя қилиш даркор. Айтиш мумкинки, ўша мажлисда берилган вақт, яъни бир-икки поралик хатмлар учун тахминан икки‑икки ярим соатлик муддат мазкур мақсадни рўёбга чиқариш учун етарли муҳлат бўлса керак. Бунда албатта, қорининг имконияти, малакаси ва маҳорати инобатга олиниши лозим. Ҳар нима бўлганда ҳам, Қуръони Каримнинг ҳаққини риоя этиш биринчи ўринда бўлиши шариат талаби эканини унутмаслигимиз даркор.

Бир-икки поралик хатмларни тадвир суръатида, ундан кўпроқ ўқиладиган хатмларда эса ҳадрда ўқиш мақсадга мувофиқдир. Албатта, ўзаро ва оила даврасида эркинроқ йўл тутиш мумкин. Муҳими, «қўрага қараб қўй қамалмайди, балки қўйга қараб қўра қилинади» деган қоидага мувофиқ иш тутиш лозим. Акс ҳолда қўйлар ё ташқарида қолиб кетади, ё ичкарида сиқилиб қолиб, ҳалок бўлади. Хатми Қуръонга мутасадди бўлган кишилар бунга алоҳида эътибор беришлари керак.

Қироатни чаққонроқ қилишга ёрдам берадиган ишлардан яна бири – жоиз мадларни чўзмай ўқишдир. Яъни мунфасил мадларни чўзмай, икки ҳаракат қилиб ўқиш тариқасида ўқилса, қироат енгилроқ ва тезроқ кечади. Бу йўсин «Жазарий тариқаси» дейилади. Бунда асосий фарқ муттасил мадни табиий мад шаклида, ортиқча чўзмай ўқиш бўлса‑да, яна айрим қоидаларга риоя қилишга тўғри келади. Бу мураккаб нарса эмас, қори одам бир кўриб олса, дарҳол ўзлаштириб олади. Бу ҳақда кенгроқ маълумотга эга бўлиш учун тегишли манбаларга мурожаат қилиш тавсия этилади Қаранг: Одинахон Муҳаммад Юсуф. «Муфассал тажвид». Ташкент. «Ҳилол‑Нашр» 2014.  176–183-бетлар.