Басимон келтирган ва солиҳ амалларни
қилганларгина равзада 
хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Мақолалар / ТАОМ ЕЙИШДА ЖАМ БЎЛИШ ВА ИШТИРОК ЭТИШ САБАБИДАН ЗИЁДА БЎЛАДИГАН ОДОБЛАР ҲАҚИДА

ТАОМ ЕЙИШДА ЖАМ БЎЛИШ ВА ИШТИРОК ЭТИШ САБАБИДАН ЗИЁДА БЎЛАДИГАН ОДОБЛАР ҲАҚИДА

Шундай одоб-ахлоқлардан бири агар дастурхон атрофида ўзидан ёши улуғ киши ёки аҳли фазллари бўлса, уларнинг ҳурматидан биринчи бўлиб таом ейишни бошламасликдир. Аммо уй соҳиби ёки зиёфат эгаси бўлса, таом ейишни биринчи бўлиб бошлаб бериши лозим. Яна таом устида сукут сақламаслик, балки маъруф нарсалар ҳақида сўзлаш, таом ва ундан бошқа нарсалар ҳақидаги солиҳлар ҳикояларидан гапириш одобдандир.

Шунингдек, таом тановул этувчи ҳар бир киши дўстига мулозамат этиши лозимки, таом дастурхони атрофидаги биродари унга «Олинг, енг», деган сўзни айтишга эҳтиёж сезмасин. Балки ёзилиб, бетакаллуф бўлиш ва ўзини сиқилганга солмаслик керак.

Яна емак вақтида хижолат тортмасликлари учун биродарларига тикилиб қарамаслиги, ўзгалар хушламайдиган амални қилмаслиги, товоқ-лаган устида қўлларини силкитмаслиги, оғзига луқма солаётган вақтда бошини лаган-товоққа чўзмаслиги, оғзидан бирор нарсани чиқариб ташламоқчи бўлса, юзини таомдан ўгириши ва у нарсани чап қўли билан олиши, ёғли луқмани сиркага ва сиркани ёғга ботирмаслиги – бу ҳолни ўзидан бошқа одам ёмон кўриши мумкин – ўзи еяётган луқма бўлагини шўрвага ботирмаслиги (шўрва қўйилган коса умумий бўлса) ҳам шарт.

Дўсту-биродарларини чорлаб, уларга таом тортиш мустаҳабдир. Бу ҳақда Али розияллоҳу анҳудан ривоят этилади: «Бир миқдор таомга биродарларни жам этиш менга бир қулни озод этишдан ҳам маҳбуброқ».

Ҳайсама раҳимаҳуллоҳи алайҳ хабиса (яъни, хурмо, қаймоқ, крахмал қўшиб тайёрланган тансиқ ва чиройли ширин таом) тайёрлаб Иброҳим ва Аъмашни даъват этардилар ҳамда уларга: «Олинглар, енглар, бу таомларни сизлар учун ҳозирладим», дер эдилар. Мезбон ҳеч бир такаллуфсиз, меҳмонлардан таом тортишга изн сўрамай, ўзида ҳозир бўлган таомларни тортади, балки рухсатсиз ҳозир бўлган таомдан дастурхонга келтиради. Ўзидаги барча таомни тортиш такаллуфдир.

Меҳмон одоблари қуйидагилардир: махсус таомни талаб этмаслик, агар икки хил таомдан бирини танлаш лозим бўлса, энг осонини танлаш, агар мезбон таклифдан хурсанд бўладиган бўлса ва таомни тайёрлашда қийналмаса, унда ихтиёр ўзида.

Имом Шофеъий заъфарончи (зиравор ўсимлик сотувчи)нинг уйида меҳмон бўлдилар. Заъфарончи ҳар куни таомга ишлатиладиган ранг-алвонлар билан мактуб ёзарди ва жориясига топширарди. Имом Шофеъий мазкур мактубни олиб, унга бошқа бир ранг қўшдилар. Заъфарончи буни билиб жуда хурсанд бўлди.

Бир киши одамлар таом истеъмол этаётганларини билса, уларнинг олдига кирмаслиги лозим. Тасодифан, ҳеч бир сабабсиз кириб қолса ва улар уни таомга таклиф этишса, қарайди – агар улар уни ҳаё қилиб таомга чорлаган бўлсалар, бирга тановул этмайди, агар ўзлари билан таомланишларини яхши кўришларини билса, таом ейиши жоиз. Бир киши дўстининг уйига ташриф этса-ю, уни уйида топа олмаса, аммо уйда дўстидан бошқа уни кутиб оладиган бошқа одамлар бўлиши шарт, агар ҳеч ким бўлмаса, орқага қайтади. Аллоҳ таоло Қуръони Каримда амр қилиб бундай дейди: «Ўз уйларингдан бошқа уйларга соҳиби хонадонни топмагунларингча ва уй эгаларига салом бермагунларингча кирманглар» (Нур сураси, 27-оят). Агар унга ишонадиган бўлса ва таомини ейишидан хурсанд бўлишини билса, у вақтда таом ейиши жоиз бўлади.

Зиёфат одоблари қуйидагилардир: зиёфатга фосиқларни эмас, тақводорларни даъват этишга қасд этиш керак. Баъзи салафи солиҳлар дейишади: «Тақводорлар таомини егил ва таомингни муттақийлар есин!»

Зиёфатга фақат бой-бадавлатларнинг ўзини эмас, фақир-мискинларни ҳам даъват этиш лозим. Ташкил этиладиган зиёфатга қариндош-уруғларни таклиф этишга асло бепарво бўлмаслик шарт. Уларни чақиришда бепарво бўлиш инсонни одамгарчиликдан чиқишга ва силаи раҳм этишдан узоқлашишга олиб келади. Шу каби биродар ва таниш-билишлари ҳақида ҳам тартибга риоя этади. Зиёфатга таклиф этганда манманлик ва фахрланиш кўзда тутилмайди. Балки таом бериш ва дастурхон ёзишда суннатга амал этади. Биродарлар қалбларини мойил этади, мўминлар дилларига хурсандчилик киритишни ният этади. Таклифни қабул этиши унга машаққатли бўлишини билса, уни зиёфатга таклиф этмайди. Ёки бирор сабабга кўра ҳозир бўлганларга азият етказиши мумкин бўлган кишини ҳам таклиф қилмайди.

Манбаалар асосида

Тошкент вилояти Пискент тумани «Саид Ота » жоме масжиди
имом-хатиби Эшонҳўжаев Саидроҳим