Басимон келтирган ва солиҳ амалларни қилганларгина равзада хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Мақолалар / Эҳсон- савобли амаллардандир

Эҳсон- савобли амаллардандир

Бутун оламнинг Парвардигори карами кенг, саховати чексиз бўлган зотки, У ўз хазинаи ғайбиясидан бандаларига қанча инъом қилса-да, ундан ҳеч бир нарса камаймайди. Парвардигоримиз биз бандаларини ҳам Ўзининг сифатларидан ўрнак олиб, доимо хайру саховатли бўлишга ва эҳсон қилишликка буюради. Келинг шу ўринда аслида “эҳсон” ўзи нима эканлиги ҳақида билиб олсак.

“Эҳсон” деганда бировга бирор неъматни бериш ва фазлу карам кўрсатиш тушунилади. Лекин “эҳсон” сўзи луғатда “яхшилик қилиш, эзгулик кўрсатиш” маъноларини ҳам англатади. Аллоҳ таоло Қуръони Каримнинг бир неча оятларида эҳсон ва яхшилик қилишликка буюргандир. Иброхим сурасининг 31-оятида шундай мархамат қилади:

(Эй Муҳаммад!) Имон келтирган бандаларимга айтинг, намозни баркамол адо этсинлар ҳамда савдо-сотиқ ва ошна-оғайнигарчилик бўлмайдиган кун (қиёмат) келмай туриб, Биз уларга ризқ қилиб берган нарсалардан хуфёна ва ошкора эҳсон қилсинлар!

Оли Имрон сурасининг 92-ояти каримасида эса шундай дейилади:

Суйган нарсаларингиздан эҳсон қилмагунингизгача сира яхшиликка (жанатга) эриша олмайсизлар. Ниманики эҳсон қилсангиз, албатта, Аллоҳ уни билувчидир.

Роббал аъламин жаннатга эришишликнинг йўлларидан бири бу – суйган нарсасидан эҳсон қилиш эканини баён қилмоқда. Инсон табиатида шундай бир нарса борки,  ўзи суйган нарсасидан воз кечиб уни эҳсон қилиш озгина қийинроқ туюлади. Аммо, ўйлаб қаралса воз кечаётган нарсаси унинг эвазига охиратда қўлга киритадиган мукофоти яъни жаннатнинг  олдида жуда арзимас нарса эканини тушуниб етади.

Расулуллоҳ (с.а.в.) ҳам инфоқ-эҳсон қилишликка буюриб Адий ибн Хотим (р.а.)дан ривоят қилинган ҳадиси шарифда шундай мархамат қилганлар:

Хурмонинг ярмини инфоқ-эҳсон қилиб бўлса ҳам дўзахдан сақланинглар”.

Аллоҳ таоло эҳсон қилишга буюрган экан бу фақат моддий нарсаларда бўладими? Ундай бўлса жаннатга фақатгина бойлар кирадику? деган саволлар пайдо бўлади. Йўқ! хайр-эҳсон қилиш фақатгина бирор нарсасини бошқа бир кишига беришдан иборат эмас. Эҳсоннинг турлари кўп: Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.)га эргашиш ҳам-эҳсон, бировни кечириш ҳам-эҳсон, бошга келган мусибат ва озорларга сабр қилиш ҳам – эҳсон, хаттоки бировга яхши муомалада бўлиш ҳам эҳсондир. Демак, эҳсонни бой ёки камбағал бўлишидан қатъий назар хар қандай одам қила олиши мумкин.

Қуръони Каримда эҳсоннинг фазилати ҳақида зикр этиш баробарида эҳсон қилувчиларга бериладиган савоб-мукофотлар ҳам баён этилади.

Аллоҳ йўлида молларини эҳсон қилувчилар (савобининг) мисоли гўё бир донга ўхшайдики, у ҳар бир бошоғида юзтадан дони бўлган еттита бошоқни ундириб чиқаради. Аллоҳ хоҳлаган кишиларга (савобини) янада кўпайтириб беради. Аллоҳ (карами) кенг ва билимдон зотдир.

Аллоҳ таоло бу мисоли билан қилинган биттагина эҳсон эвазига битта эмас, балки, етти юз ва ундан ортиқ савоб ато этиши мумкинлигини билдирмоқда. Эҳсон қилувчи киши бу эҳсони эвазига фақатгина охиратда ажр олибгина қолмай, бу дунёда ҳам мукофотларга эга бўлади. Муҳтожларга хайр-саховат қилиш инсонлар ўртасида меҳр-оқибат ришталарини янада мустахкам боғланишига, ўзаро хурмат ва тотувлик ҳисларини ортишига, дунёвий ишларини ривож топишига хизмат қилади. Ҳақиқатдан, бирор кишига бир нарсани эҳсон қилсангиз ёки унга бирор яхшилик кўрсатсангиз, бундан дилингиз равшан тортади, рухий хотиржамлик юзага келади, ўзгаларга манфаат етказганингиздан хурсанд бўласиз. Эҳсон қилинган киши ҳам ўзига кўрсатилган яхшиликдан севинади, дилида сизга нисбатан муҳаббат пайдо бўлади, агар сизга кеки бўлса, унутади. Шу тариқа жамиятда кишилар орасида тотувлик, ҳурмат-эҳтиром пайдо бўлади, душманчиликлар барҳам топади, осойишталик ва фароғат барқарор бўлади. Энг асосийси кимга яхшилик қилсангиз, Аллоҳ сизга уни зиёдаси билан қайтаради.

Биз эҳсон сўзи баробарида “садақа” сўзини ҳам жуда кўп ишлатамиз. Халқимиз орасида “садақа балоларнинг кетишига сабаб бўлади”, “садақа қилганнинг савоби улуғ” каби тушунчалар мавжуд. Садақа деганда, одатда, фақат гадо-тиланчиларга, фақир кишиларга бериладиган нарса тушунилади. Аслида эса, садақа луғатда “инфоқ, хайр-эҳсон” маъноларини билдириб, Аллоҳ розилиги учун бажариладиган ёки бериладиган ҳар қандай яхшилик садақа саналади. Демак, хайр-эҳсоннинг барча турларини ҳам садақа деса бўлаверади. Садақа мажбурий ва ихтиёрий бўлади. Мажбурий садақа турига фарз ва вожиб бўлган закот, ушр, фитр, каффорот кабилар киради. Ихтиёрий садақага хар қандай хайр-эҳсон, худойи, моддий ёрдам, бировга қилинган яхшиликлар киради.  Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.) “Ҳар бир мусулмонга садақа лозим”, деганлар.

Абу Мусо Ашъарийдан (р.а.) ривоят қилинади. Расулуллоҳ (с.а.в.):

Ҳар бир мусулмонга садақа лозим, деганларида, саҳобалар: Агар уни топа олмаса-чи? дейишди. Расулуллоҳ (с.а.в.): Қўли билан ишлаб топиб ўзи ҳам фойдаланади ва садақа ҳам қилади, дедилар. Агар бунга ҳам қодир бўлмаса-чи? дейишди. Расулуллоҳ (с.а.в.): Бечорахол муҳтожга ёрдам берсин, дедилар. Агар бунга ҳам қодир бўлмаса-чи? дейишганида, Расулуллоҳ (с.а.в.): Яхшиликка буюрсин, дедилар. Агар бунга ҳам қодир бўлмаса-чи? дейишганида, Расулуллоҳ (с.а.в.): Ёмонликдан ўзини тийсин, шундай қилиши ҳам садақадир, дедилар.

(Имом Бухорий ва Муслим ривояти)

Расулуллоҳ (с.а.в.) яна бир ҳадиси шарифларида  эҳсон, садақа қилувчи сахий инсонларни Аллоҳга маҳбуб бандалар деб таърифлаганлар.

Абу Ҳурайра (р.а.)дан ривоят қилинади:

Набий (с.а.в.): Сахий Аллоҳга яқиндир, жаннатга яқиндир, одамларга яқиндир ва дўзохдан узоқдир.

Бахил Аллоҳдан узоқдир, жаннатдан узоқдир, одамлардан узоқдир ва дўзохга яқиндир.

Албатта, сахий жоҳил, бахил обиддан кўра Аллоҳ азза ва жаллага маҳбубдир, дедилар.

Аллоҳ хайр-эҳсон қилувчи бандаларининг молига барака берибгина қолмай, дунё ишларида ҳам яхшиликларни насиб этади, бошига тушган мушкулотлардан тезда фориғ бўлишига мададкор бўлади. Ривоятлардан бирида шундай дейилади.

Бир хотин боласи билан кетаётган эди, бўри унинг боласини олиб қочди. Хотин бўрининг орқасидан кетаётиб, битта нонини таом сўраган гадога берди. Шунда бўри қайтиб келиб, боласини унга топширди. Ғойибдан овоз келди: “Бир луқмага – бир луқма”.

Ҳақиқатдан хам аёлнинг қўлидаги нон унинг луқмаси эди, бўрининг оғзидаги боласи эса бўри учун таом эди. Хотин атиги биргина нонини эҳсон қилиш билан фарзандини бўрига егулик бўлишдан қутқариб қола олди.

Ўтмиш аждодларимиз ҳам Ислом дини талабларига кўра, эҳсон ва садақа қилишда бутун инсониятга намуна бўлишган. Шулардан атиги бир киши, ҳамюртимиз Абдуллоҳ ибн Муборакнинг саҳоватлари, сахийликлари ва таниган-танимаганга садақа-эҳсон қилишлари ҳақида шунчалик кўп ривоятлар келганки, шулардан бир нечасини тилга олишнинг ўзи кифоя.

Манбаларда келишича, Абдуллоҳ ибн Муборак оддий бир боғбоннинг ўғли бўлиб, ўзининг саъй-харакатлари ва меҳнатининг эвазига жуда бой-бадавлат бўлган экан. У зот ақлли, диёнатли зуҳду тақвога таянган, сермулохаза, охиратни ўйлаб иш кўрадиган инсон бўлиб, унинг мақсади молу-дунёсини Аллоҳ розилигида хайрия ишлар ва эзгу мақсадларга сарфлаш бўлган. Улар доимо атрофдагиларга, кўшниларга, етимларга, ночорларга, камбағал ва мискинларга ёрдам берардилар. Абдуллоҳ ибн Муборакнинг бир яхудий қўшнилари бор эди. Абдуллоҳ ўз болаларини овқатлантиришдан аввал камбағал қўшниларининг болаларига таом берар, фарзандларини кийинтирмасдан олдин яхудий қўшниларининг болаларини кийинтирардилар. Одамлар яҳудийнинг олдига келиб: “Ховлингни бизга сот”, дейишди. Шунда яҳудий: “Ховлимни икки минг динорга сотаман. Аслида унинг нархи минг динор, кейинги минг динор эса Ибн Муборакка қўшни бўлганим учун”, деди. Кейинчалик ўша яҳудий қўшнилари Абдуллоҳнинг дуолари билан мусулмон бўлди.

Бир куни Ибн Муборакдан бир гадой пул сўраган эди, у бир дирҳам эҳсон қилди. Шунда унинг баъзи дўстлари: “Бу гадойлар қовурилган гўшт ва фалужаз (ширинлик) каби таомлар истеъмол қилади. Унга бу пулнинг бир қисмини берса ҳам кифоя қиларди”, дейишди. Шунда Ибн Муборак: “Худо ҳаққи, улар кўкат ва нондан бўлак бирор таом истеъмол қилмайдилар, деб ўйлардим, башарти улар фалужаз ва гўшт ер эканлар, унда уларга бир дирхам етмас экан”, дейди ва хизматкорларидан бирига: “Гадойни қайтариб келгинда, унга ўн дирхам бер”, дея амр қилади.

Дунёдан ўтган аждодларимиз қилган бундай яхшиликлар, садақотлар, хайрли амаллар бугун барчамиз учун ибрат ва дастурул амал бўлиши керак.

Хайр-эҳсон қилишнинг фазли, саҳоватли киши эришадиган ажр-савоб, мукофотлар ҳақида қанча гапирса ҳам оздек туюлади. Аммо, шу ўринда эътибор беришимиз лозим бўлган яна бир катта масала борки, ҳар бир киши буни яхши билиб олиши зарур.  Бу исрофдир. “Исроф” сўзи арабча сўз бўлиб, “ҳар бир ишда ҳаддан ошиш” маъноларини англатади. Динимизда исроф қаттиқ қораланади. Қуръони каримда исрофнинг нақадар ёмон хислат экани ҳақида ўнлаб ояти карималар бор. Аллоҳ таоло исрофдан сақланиш лозимлиги ҳақида огоҳлантириб Исро сурасининг 26-оятида шундай марҳамат қилади:

«Қариндошга, мискин ва йўловчига (хайр-эҳсон қилиш билан) хақларини адо этинг ва исрофгарчиликка мутлақо йўл қўйманг»!

Оятнинг аввалида хайр-эҳсонга буюрилаяпти, сўнгида эса исрофдан қайтарилмоқда. Чунки, кўпгина кишилар эҳсон қилаяпман бу савоб деб ҳаддан ошириб юборишади ва исрофга йўл қўйишади. Ислом таълимотига кўра исрофгарчилик – ноҳақ ва ҳаром-хариш йўлларга мол-дунё сарфлашдир. Исрофнинг кўлами катта: маросимларни тежамсиз ўтказиш ҳам исроф, электр, газ, сув, ёнилғи каби турмуш қулайликларини ортиқча ишлатиш ҳам исроф, вақтни, умрни бефойда нарсаларга сарфлаш ҳам исрофдир. Мазҳаббошимиз Имоми Аъзам айтганларидек: “Хайр ва эҳсонда исроф бўлмаганидек, исрофда ҳам ҳеч қандай хайр йўқдир”.

Минг афсуски баъзи тушунмаган кишилар мажбурий садақа (закот) билан нафл (эхтиёрий) садақани аралаштириб юбориш ҳоллари учрайди. Бундайлар закотни беришмайдию, аммо шуҳрат қозониш, ном чиқаришга, кимўзарга турли зиёфат, маросимлар ўтказиб  ўзларича садақа қилган бўладилар. Ном чиқариш, обрў қозониш, бошқалардан устун ёки пулдор эканини кўрсатиш учун уйларни ҳаддан ташқари ҳашаматли ва дабдабали қилиш, уларни кераксиз қимматбахо жиҳозлар билан безаш, кийимнинг янги урф бўлгани изидан қувиш, зиёфат ва маросимларни бошқаларникидан бир неча баробар дабдабалироқ ўтказиш давримиздаги исрофнинг кўринишларидандир.

Лекин барча ишда ҳам меъёр яхши, мўтадиллик яхши. Менга бойлик бериб қўйилибди, дея уни ҳар томонга сочавериш, айниқса буюрилмаган ишларга сарфлаш савоб ўрнига гуноҳ эшикларини очиб юбориши мумкин. Ахир Расулуллоҳ (с.а.в.): Исрофгар жаннатга кирмайди”, деганлар. Исроф ўрнига ён атрофдаги ночор яшаётган бир фақир оиланинг кам-кўстига кўмаклашиш, ўқиш учун тўлов (контракт) пулини тўлолмаётган талабага ёрдамлашиш, уйланиш учун маблағ топа олмай гангиб юрган ёш оиланинг мушкулини осон қилиш, қарзини тўлолмай турган қарздорга кўмаклашиш мумкин-ку!

Шундай экан барчаларимиз доимо ён-атрофдагиларимизга меҳрли, саҳоватли бўлиб исрофдан сақланишликка харакат қилайлик. Али ибн Абу Толиб таъкидлаганларидек: “Энг эзгу эҳсон хожатмандга берилганидир”.

Мана   азиз диёримизга барча мўмин-мусулмонлар интиқиб кутаётган рамазони шариф ойи кириб келди. Биламизки, рамазон ойи бу- хайр-саҳоват, меҳр-мухаббат ва  мурувват  ойидир. Рамазон ойида битта қилинган савобли амал эвазига  бир неча баробар савоб кўпайтириб бериладиган ой ҳисобланади. Шу сабабли инсонлар айнан мана шу ойда қўлдан келганича қўпроқ савобли амаллар қилишга уринадилар.

Аллоҳ таоло ҳаммамизни берадиган эҳсон ва мурувватларимиз, яхшилик ва садақотларимизни ихлос ва чин дилдан ато этувчи саҳоватли инсонлар сафидан жой олишимизни насиб этиб, Ўзи исрофдан сақланишимиз учун мадад берсин. Рамазон ойи муборак бўлсин!

               Қибрай тумани бош имом-хатиби 
                                                                           Миродил Миржалилов