Басимон келтирган ва солиҳ амалларни қилганларгина равзада хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Ақида / Ақиданинг таърифи

Ақиданинг таърифи

Исломий низомлар (Исломнинг тизими) асосий икки қисмга бўлинади. Улар ақида ва шариатдир.

Шариат – бу Муқаддас Ислом дини келтирган ибодатлар ва муомалотларни ўз ичига олган таклифотлардир.

Ақида – бу мўмин қалбан эътиқод қилиши вожиб бўлган илмий асослардир.

Ислом ақидаси бошқа эътиқодлардан бир неча жиҳатдан афзаллиги билан ажралиб туради.

У Раббоний ақида бўлиб, Аллоҳ таолонинг ҳузуридан Жаброил алайҳиссалом воситаси билан Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломга ваҳий қилингандир. Шунингдек, у инсоннинг пок табиатига мувофиқдир.

У собит ақидадир. Замонлар ва маконлар ўзгариши билан ўзгармайди. У инсонлар томонидан яратилган назариётлар эмас. У инсоннинг шароити ва барча талабларига мос келади. У рад этиб бўлмайдиган ҳақиқатлар ва ўта ишончли далиллар устига қурилган асослардир.

Муҳаммад Абдуҳ ўзининг “Рисолатут Тавҳид» китобида: «Ақоид» бир илмки, унда Аллоҳнинг мавжудлиги, Унга қандай сифатларни собит қилиш вожиблиги, нима билан васф қилиниши жоиз эканлиги, У зотдан нимани нафий қилиш вожиблиги, пайғамбарлар ҳақида, уларнинг қандай бўлишликлари вожиблиги, уларга қандай нисбат бериш жоизлиги, уларга нималарни нисбат бериш ман қилингани ҳақида баҳс юритилади”, дейди.

Таърифларнинг энг жамловчиси, энг осони, энг шомили ва қисқаси Аллома Али Қорининг “Ал-Фиқҳул Акбар”га қилинган шарҳининг такмиласида, 146-саҳифада зикр қилинган таърифидир: “У бир илмки, унда эътиқод қилиш лозим бўлган нарсалар ҳақида баҳс қилинади”.

Ақида сўзи араб тилида عقد калимасидан олинган бўлиб, луғавий жиҳатдан учта маънони ўз ичига олади:

1) Лузум, яъни зарурат, эҳтиёж, талаб, лозим бўлган нарса деган маънолар.

2) Таакуд, яъни тасдиқланган, исботланган, асосланган, тўғри бўлиб чиққан деган маънолар.

3) Истийсоқ, яъни ишонч ҳосил қилинган, тўғрилигига ишонилган, мустаҳкамланган деган маънолар.

Ақиданинг шаръий истилоҳий маъноси: У шак ва гумонни қабул қилмайдиган, воқеликка мувофиқ келадиган қатъий эътиқоддир. Яъни ўта аниқлик даражасига етиб бормаган илм ақида деб номланмайди. Шунингдек, эътиқод воқеликка ва собит ҳақиқатга мувофиқ келмаса ва далил исботга асосланмаса, у саҳиҳ ақида ҳисобланмайди.

Мулло Али Қори “Фиқҳул акбар”га қилган шарҳида “ақида” сўзига шундай таъриф берган: “Ақида шундай илмки, унда эътиқод қилиш лозим нарсалар ҳақида баҳс юритилади”.

Ақида илмининг мақсадлари қуйидагилар:

  1. Динга бўлган ишончни мустаҳкамлаш.
  2. Диний ақидаларни қатъий далиллар билан исботлаш, улар ҳақидаги шубҳаларни аритиш.
  3. Тўғри йўлни изловчиларга очиқ-ойдин ҳақни баён этиш.
  4. Дин асосларини ботил аҳлининг шубҳаларидан сақлаш.

Ақида илмининг асосий мақсади – бандани икки дунё саодатига эриштириш.

Энг тўғри ақида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ва у зотнинг саҳобаларидан нақл қилинган. Бу “Аҳли сунна вал жамоа” ақидаси дейилади.

Тошкент тумани “Холмуҳаммад ота” жоме масжиди
имом-хатиби Авазхўжа Бахромов манбалар асосида тайёрлади

 

 

Fikr bildirish

E-pochta manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy ma'lumotlar * bilan belgilangan