Басимон келтирган ва солиҳ амалларни
қилганларгина равзада 
хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Мақолалар / Кўчат экиш – садақаи жория

Кўчат экиш – садақаи жория

Жаннатмонанд юртимизда экологик барқарорликни таъминлаш, табиий ресурслардан оқилона ва самарали фойдаланишни йўлга қўйишга ҳар қачонгидан ҳам катта эътибор қаратилмоқда.
Халқимиз меҳнаткаш, қадимдан бир парча ердан миришкорлик билан фойдаланиб, хонадонига Аллоҳнинг инояти ила барака киритаётган, ризқу рўзини бутлаб, омилкорлик билан иш тутаётган юртдошларимиз талайгина.

Дарахт экиш туфайли инсон ўзидан кейин садақаи жория қилган бўлади. Садақаи жориядан эса инсонга то қиёматгача савоб етиб боради. Бу ҳақда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Агар бирор банда бирон кўчат экадиган бўлса, ундан инсон, ҳайвон ёки қуш еса, бу ўша бандага қиёмат кунигача садақаи жория бўлади”, дейилган (Имом Муслим ривояти).

Экилган кўчат ва дарахтлар хамда ўсимликлар доимо Аллоҳ таолога тасбеҳ айтиб туради. Инсон ернинг гўзаллигини нафақат асраб-авайлаши, балки унинг янада гуллаб- яшнаши учун ўз ҳиссасини қўшмоғи лозим.

Муборак китоблар кўчат экувчиларнинг Аллоҳ даргоҳида эришадиган ажр-савобларидан хабар беради. Ушбу амал инсонга нафақат тириклигида, балки вафотидан сўнг ҳам манфаат етказиб туради, яъни қиёмат кунигача садақаи жорий сифатида банда фойдасига хизмат қилади.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам умматларини кўчат ўтказиш ва экин экишга тарғиб қилганлар. Анас ибн Молик розияллоҳи анҳудан ривоят қилинади. “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Агар қиёмат бўлиб қолса ва биронтангизнинг қўлида хурмо дарахти бўлса, уни экиб қўйсин”, дедилар (Имом Аҳмад ривояти).

Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, келажак авлодга табиий бойликларини бус-бутун етказиш, экологик муаммоларни бартараф этишга ҳисса қўшиш олдимизда турган муҳим вазифалардан бири ҳисобланади.

Одилжон НАРЗУЛЛАЕВ,
Янгийўл тумани «Имом Султон» жоме масжиди имом-хатиби

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

[carousel-horizontal-posts-content-slider]