Басимон келтирган ва солиҳ амалларни
қилганларгина равзада 
хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Мақолалар / БАҒРИКЕНГЛИК

БАҒРИКЕНГЛИК

Марказий Осиё тарихига назар солинса, қадимдан бу минтақада уруш ёки зиддиятлар диний ёки миллий адоват сабабли бўлмаганини кўриш мумкин. Буни турли омиллар билан изоҳлаш мумкин. Улардан бири мазкур минтакада фаолият юритган алломалар меросида бағрикенглик ғоялари кенг тарғиб этилганидир.

Бунга Абу Мансур Мотуридий асарларида баён этилган бағрикенглик ғоялари мисол бўла олади. Аллома қаламига мансуб Қуръон тафсирига бағишланган “Тавилоти аҳли сунна” асарида Ҳаж сураси 40-ояти тафсирида: “Черков ва ибодатхоналарни вайрон этиш ман этилади. Шунинг учун ҳам мусулмонлар юртида шу давргача улар бузилмай сақланиб қолган. Бу масалада илм аҳли орасида ихтилоф йўқ”, дейилади.

Имом Мотуридий фикрига кўра, кишиларнинг яхшилик йўлида ўзаро ҳамкорлик қилишлари жамият ҳаётининг янада фаровонлашишига хизмат қилади.

Самарқандлик фақиҳ, муфассир Абу Лайс Самарқандий эса ўзининг “Баҳрул – улум” китобида Мумтаҳана сурасининг 8 – 9-оятлари шарҳида: “Сизлар билан динда уруш қилмаган ўзга дин вакиллари билан борди-келди қилинг, улар билан адолатли муомалада бўлинг”, деб ёзади.

Аҳмад Яссавий ҳам ўз ҳикматларида ғайридинларга яхши муносабатда бўлишни уқтирган:

Суннат эрмиш, кофир бўлса, берма озор,

Кўнгли қоттиғ дилозордан Худо безор.

Бурҳониддин Марғиноний “Ҳидоя” асарида “Мусулмонлар диёрида черков ва ибодатхоналар бузилиб кетган бўлса, уларни ўз жойида яна қайта тиклаш мумкин”лигини алоҳида айтиб ўтган.

Мовароуннаҳрлик яна бир машҳур фақиҳ, муфассир Абул Баракот Насафий ислом оламида маълум ва машҳур “Мадорик ат-танзил” асарида мазкур оятларни “Ўзга дин вакилларига эҳтиром кўрсатинг ҳамда уларга сўзда ва амалда яхшилик қилинг” , деб шарҳлайди.

Юртимиз том маънода диний бағрикенгликнинг тарихий меросхўри сифатида жаҳон ҳамжамиятида эътироф этилмоқда. Зеро, диёримизда 130 дан ортиқ миллат ва элат вакиллари тинч-тотув яшаётгани барча соҳада тараққий этишимизнинг асосий омилидир.

Робияхон ТОҲИРОВА

[carousel-horizontal-posts-content-slider]