Басимон келтирган ва солиҳ амалларни
қилганларгина равзада 
хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Хабарлар / Ташаккурнома

Ташаккурнома

Жорий йил муборак Рамазон ойи айни дамда бутун дунё аҳли бошдан кечираётган синовли дамларга тўғри келди. Шубҳасиз, меҳрибон ва тадбирли Аллоҳ таолонинг ҳар бир иродасида бандалар учун ўзлари билмаган кўплаб яхшиликлар бордир.

Бинобарин, бу мавсумда таровеҳ намозлари, улар таркибида адо этиладиган хатми Қуръон тадбирларини одатдагидек масжидларимизда жамоа бўлиб адо этиш имкони бўлмаган бўлсада, ихлосли халқимиз бу ойни ўзгача мароқ ва завқ билан, яъни – хонадонларида ўз оилалари даврасида кундузларини рўза тутиб, ўзаро хайру саховат ва меҳру оқибат ишларини амалга ошириб, кечаларини эса гўзал дуолар, тоату ибодатлар ҳамда Қуръон тиловатлари билан ўтказиб, иймон ва ихлосларини янада зиёда қилдилар.

Жорий йилги хатми Қуръон тадбирлари интернет тармоқлари орқали машҳур ва муҳтарам Қориларимиз орқали мунтазам тарзда узатиб борилди. Жумладан, халқимиз хатми Қуръон тарбирларини вилоятимизнинг www.fitrat.uz сайти орқали ҳам онлайн тарзда кузатиб бордилар.

Бундай юксак ва шарафли вазифани аъло даражада адо этган севимли Қориларимиз:
Зангиота туманидаги “Садр ота” жоме масжиди имом-хатиби Арипов Исматилла қори ЖУНАЙДУЛЛОҲ ота ўғли, “Имоми Аъзам” жоме масжиди имом-хатиби Шокиров Илёс АБДИСАИД ота ўғли, “Абдужалилбоб” жоме масжиди имом-хатиби Холматов Муҳаммадсобир қори РУСТАМЖОН ҳожи ўғли, ҳамда Қибрай туманидаги “Абдураҳмон ибн Авф” жоме масжиди имом ноиби Неъматов Муҳаммад-Содиқ ҚАЮМ ота ўғли номларигаЎзбекистон мусулмонлари идораси, унинг вилоят вакиллиги, хусусан, Қуръон аҳли бўлган – ихлос ва эътиқодли вилоятимиз аҳолиси номидан самимий ва чексиз ТАШАККУРИМИЗНИ ИЗҲОР ЭТАМИЗ!!!

Уларни тарбия қилган, бир нафас бўлсада кўзларидан нари кетишини хоҳламаган, бироқ Аллоҳнинг муборак каломини ўрганиши ва ҳаёт мазмунини у ила топмоғини аҳамиятли, деб билганларидан уларни илиқ бағридан олисларда айрилиқ ва соғинч азобларида бардош ила ўқитган меҳрибон ОТА-ОНАЛАРИ, уларга энг гўзал таълимни берган қадрли ва моҳир УСТОЗЛАРИ учун икки дунё саодатини сўраб дуолар қилиб қоламиз!

Аллоҳ таоло то Қиёмат қадар улар, шунингдек, бизнинг наслимиздан ҳам Каломини ёд олувчи ва у билан уйғун ҳаёт кечирувчи насллар силсиласини давомли қилсин!

Аллоҳ таоло ҳолимизни ислоҳ қилиб, бутун дунё аҳлининг бошидаги мавжуд офатни тезроқ кўтарсин. Меҳру оқибатимизда мустаҳкам ва бардавом қилсин. Халқимизни ҳар дам ва ҳар нафас ўз паноҳида асраб, икки дунёмизни саодатга тўлдирсин!

Амин…

Тошкен вилоят бош имом-хатиби Хайруллоҳ ТУРМАТОВ.