Басимон келтирган ва солиҳ амалларни
қилганларгина равзада 
хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Мақолалар / Фарзандни асрасак – Ватанни асраган бўламиз !!!

Фарзандни асрасак – Ватанни асраган бўламиз !!!

Бугунги кунда ҳар томонлама баркамол авлодни вояга етказиш – замон талаби эканлиги ойдек равшандир. Чунки мустақил Ватанимизнинг келажаги ёшлар қўлида. Фарзанд тарбиясида азалдан илм ва тажрибага суяниб келинганлигини ҳамма яхши билади. Ота-боболаримиз бола хулқи бузилишига ота-оналарнинг фарзанд тарбиясига бефарқ муносабатда бўлиши сабаб эканлигини таъкидлаб ўтганлар. Шундай ҳолатлар содир бўлмаслиги учун ота-оналар олдидаги жавобгарликни янада ошириш лозим. Шу билан бирга, болаларни зарур ва фойдали машғулотлар билан банд қилиш, уларни бекор қолдирмаслик кераклиги, уйда муносиб тарбия берилмаса, у кўчага интилиши ва ўзи билмаган ҳолда бошқа “дунё” домига тушиб қолиши мумкинлигини уқтирадилар. Оддий мисол тариқасида, бугунги кунда ота-онаси чет элга ишга кетган ёки ота-онаси бор бўлса-да, фарзанд тарбиясига бефарқ, лоқайд бўлганлиги сабабли турли жиноят йўлларига кириб кетаётган ёшларни кўриш, ачинарли ҳолдир.

Муқаддас ислом динимизда ҳам фарзанд тарбиясига энг долзарб масала сифатида қаралади. Жумладан, Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи ва васаллам Имом Термизий ривоят қилган ҳадисда: “Кишининг ўз фарзандига чиройли одоб-ахлоқ билан тарбиялаши кўп миқдордаги нафл садақа беришидан яҳшироқдир”, деб айтганлар. Демак, бугунги кунда  катта-катта қозонларда ош дамлаб нафл садақалар беришимиздан кўра, фарзанд тарбиясига эътибор беришимиз савобли амаллардан экан. Жорий йилнинг 15 июнь куни “Ижтимоий барқарорликни таъминлаш, муқаддас динимизнинг софлигини асраш — давр талаби” мавзусидаги анжуманда муҳтарам юртбошимиз “Ўз болангни ўзинг асра” деган ғояни илгари сурдилар. Сир эмаски,  фарзанд яхшиликни ҳам, ёмонликни ҳам илк бор оилада кўради. Катталарнинг барча хатти-ҳаракатларини худди суратга олгандек онгига жойлаб, улғайгач, уларни ҳаётда татбиқ эта бошлайди. Шу сабаб халқимизда “қуш уясида кўрганини қилади” деган гап бор. Баъзида ота-оналар фарзандлари олдида бир-бирларига “куракда турмайдиган” гапларни айтиб, бир-бирларини ҳақорат қилишади. Бу, албатта, фарзанд тарбиясига салбий таъсир кўрсатиши аниқ. Хулоса ўрнида айтиш жоизки, юқоридаги мақол оиладаги салбий муносабатга нисбатан ишлатилишини унутмайлик. Мутахассисларнинг айтишича, бола икки-уч ёшидаёқ баъзи нарсаларни идрок эта бошлайди. Айниқса, бугунги кунда ёш болаларнинг  телевизорда кўрганига тақлид қилишига нима дейсиз?!  Шу ўринда ҳаётий бир воқеани келтирмоқчиман. Ойнаи жаҳон орқали террористик ҳаракатлар  оқибатида вафот этган болалар  кўрсатилаётган эди. Ўйнаб юрган икки ярим ёшдаги набирамнинг бехосдан “у ўлганми?” деб берган саволи мени эсанкиратиб қўйди. Нима деб жавоб беришимни ҳам билмай қолдим. Чунки икки ярим ёшдаги бола ўлик билан тирикнинг фарқига борса. Ёш болаларни беш ёшгача қандай тарбияланса, кейинчалик хулқи шундай  шаклланади. Кейинги уринишларнинг натижаси кам бўлиши кузатилган. Шунга кўра, ахлоқи ёмон болалар асосан муҳити соғлом бўлмаган  оиладан чиқиши ойдинлашади.

Ота-онанинг фарзанд тарбиясидаги  бурчларидан бири, уни ёшлигидан бошлаб илм олишга  ўргатиш, улғайган сари бирор ўзига муносиб касбу ҳунар танлашга йўл кўрсатиб боришдир. Абдулла Авлоний айтганидек: “Ҳушёр ва зийрак кишилар куч ва қувватлари бор вақтида келадурган замонларини  тушуниб, пул ва молларини ўринсиз жойларга, тўй ва маъракаларга ҳаддан ортиқча исроф қилмаслар, ўзларининг роҳати, бола-чақаларининг саодати учун керак бўладурган  ер ва боғларини сотмаслар, замонага мувофиқ киши қилмак учун болаларини ўқитмак ва тарбия қилмак тўғрисида ақчаларини асло  қизғанмаслар”. Хақиқатда, бугунги кунда ким ўзарга тўйлар қиляпмизу, аммо фарзандимизни бирор бир илм масканида ўқиши ёки китоб сотиб олиши учун пулни қизғанамиз. Чунки орзу-ҳавасларимизнинг чеки йўқ. Фарзандимизга китоб олиб бергандан кўра, ошхонага ёки чойхонага бориб маишат қилишни афзал биламиз. Уламоларимиз болаларни хулқи ёмон, фаросатсиз кишилар билан ҳамсуҳбат бўлишларига йўл қўймаслик керак деб айтишган. Чунки болалар нимани кўрсалар ва кимга эргашсалар ўша нарсаларга тезда кўникиб қолишади.  Кейинги панду насиҳат билан уларнинг кўнглидан ўрганган нарсаларини чиқариб бўлмаслиги ҳақида таъкидлайдилар. Бунинг хақиқатини мустақиллигимизнинг илк даврида кириб келган турли оқим ва фирқаларнинг ёшларимиз онгини заҳарлашга қаратилган хунрезликларидан билишимиз мумкин. Айниқса, “Ҳизбут-таҳрир” диний экстремистик оқими қанчадан-қанча ёшларнинг онгини заҳарлаб, уларни зомбига айлантириб, Ватанига, ота-онасига қарши қилиб қўйганлиги, аччиқ бўлса ҳам ҳақиқатдир. Фарзандларимиз онгини заҳарлашга қаратилган ва ҳар қандай жиноят йўлларига кириб кетишини олдини оладиган миллий қадриятларимизнинг таркибий қисми бўлган инсонпарварлик, тинчликсеварлик, маърифатпарварлик асосида қурилган миллий ва диний қадриятимиз бўлган ислом арконларини фарзандларимизга тушунтириб, уларни асрасак, албатта Ватанни асраган бўламиз.

Бўстонлиқ тумани бош имом-хатиби в.б
                  М.А.Абдусаитов