Басимон келтирган ва солиҳ амалларни қилганларгина равзада хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Ислом тарихи / БАДР ЖАНГИ ҚАҲРАМОНЛАРИ

БАДР ЖАНГИ ҚАҲРАМОНЛАРИ

Алҳамдулиллаҳ вассолату вассаламу ала Росулиллаҳ. Дунёдаги барча мақтовлар, раҳмат ва ҳамд-у санолар фақат улуғ ва шарафли Зот Аллоҳ таолога бўлсин! У Зотнинг севикли бандаси, Аллоҳнинг яқини бўлган охирзамон пайғамбари, қиёмат кунида бизларга шафоатчи бўладиган зот Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга беҳисоб саловат ва саломлар бўлсин!

Пайғамбаримиз Макка шаҳрида инсонларни ҳақ динга даъват қилар, лекин, албатта, бу айтилган ҳақ гаплар баъзи мушрикларга ёқмас эди ва улар билан мусулмонлар орасида низолар авж олган эди. Мушриклар Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи васаллам)ни пайғамбар деб тан олишмаган ва Пайғамбаримизни Макка шаҳридан чиқиб кетишга мажбур қилган эдилар.

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам қурайшликларнинг Маккадан Шомга бораётган карвонига етолмай қолгандилар. Карвон Шомдан қайтаётганида Пайғамбаримиз ўз саҳобаларига ўша карвонга ҳужум қилишни амр этди. Шу тариқа мушриклар жангга қўзғалишди ва икки тараф аёвсиз жангга ҳозирлик кўришди.

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) 310 дан ошиқроқ (умумий 313, ё 314, ёки 317) киши билан юришга ҳозир бўлдилар. Пайғамбаримизнинг ўзлари юришга қўмондонлик қилдилар.

Мушрикларда эса 1300 жангчи, 100 от, 600 совут, саноқсиз туялар бор эди. Қўшинга Абу Жаҳл ибн Ҳишом қўмондонлик қилди.

Жанг бошланмасдан аввал ва жанг давомида ҳам Пайғамбаримиз қўлларини дуога очиб, тинмай дуо қилар, Аллоҳга ялиниб-ёлвориб: «Ё Парвардигор, менга ваъда этган нусратингни бергин. Парвардигор, Сендан аҳдинг ва ваъдангни ўтинаман», – деб, Ўзи ваъда қилган ғалабани сўраётган эдилар. Чунки Аллоҳ таоло Пайғамбаримизга «Ан-наср» сурасида Ўзининг нусрати ҳақида ваҳий берган эди.

Урушни биринчи бўлиб мушриклардан бўлган Асвад ибн Абдуласад бошлаб берди. Унинг ахлоқсизлиги бошига етиб, уни Ҳамза ибн Абдулмуталлиб (розияллоҳу анҳу) икки зарбда ўлдирди. Шундан кейин, мушриклар ғазаб отига миниб, ўч олиш пайида уч киши – Утба ибн Рабиа, Шайба ибн Рабиа ва Валид ибн Утбани яккама-якка курашга чиқарди. Уларга қарши Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи васаллам): «Эй Убайда ибн Ҳорис, сиз туринг! Эй Ҳамза, сиз туринг! Эй Али, сиз туринг!» – дея амр этдилар. Шунда Ҳамза билан Али ўз рақибларини бир зумда мағлуб қилишди. Убайда ва рақиби бир-бирига биттадан зарба беришди. Шу пайт Али ва Ҳамза Утбани қатл қилиб, оёғи кесилган Убайдани кўтариб, майдондан олиб чиқиб кетишди.

Юқорида айтганимиздек, Набий (соллаллоҳу алайҳи васаллам) лашкарни сафлаб бўлганларидан сўнг, тинимсиз Роббисига дуо қилардилар. Шунда Аллоҳ таоло «Анфол» сурасида марҳамат қилганидай: «Парвардигорингиз фаришталарга: «Албатта, Мен сизлар билан биргаман, сизлар имон келтирган зотларнинг (ғалаба қозонишларига бўлган ишончларини) маҳкамланглар! Мен кофир бўлган кимсаларнинг дилларига қўрқув соламан…», – деб ваҳий қилди». Аллоҳ амр қилганидек фаришталар осмондан тушиб, мусулмонларга мадад берди. Мушриклар тез муддатда тор-мор этилди. Уларнинг қўмондони Абу Жаҳлни эса икки ёш йигит – Муоз ибн Амр ибн Жамуҳ ва Муаввиз ибн Афролар – ўлдиришди. Кейин Ибн Масъуд Абу Жаҳлни калласини Набий алайҳиссаломга келтирди ва Улар: «Аллоҳу акбар, ваъдасининг устидан чиққан, бандасига нусрат берган, душманларни ёлғиз Ўзи мағлуб этган Аллоҳга ҳамд бўлсин. Юринг менга унинг жасадини кўрсатинг», – дедилар. Унга кўзлари тушгач:»Бу шу умматнинг Фиръавни эди», – дедилар.

Шу куни Умар ибн Хаттоб (розияллоҳу анҳу) тоғаси Ос ибн Ҳишомни ўлдирди, у куни ота ўғилга душман эди. Абу Бакр (розияллоҳу анҳу) ўз душмани бўлмиш ўғли билан юзма-юз бўлди, у кунда ака ука учун душман эди, Умайра акасини боғлаётган ансорга қараб: «Уни маҳкам ушла, онаси бой, яхшигина пул тўлайди», – деди.

Жангда мусулмонлардан 14 киши шаҳид бўлди. Мушриклардан эса 70 киши ҳалок бўлиб, 70 таси асир олинди. Шу тариқа жангда Аллоҳнинг Ўзи ёрдам берган, Унга имон келтирган Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи васаллам)га эргашган бандалари ғалаба қилди ва бу бутун мусулмон умматининг ғалабаси, имон келтирмаган ва шубҳада бўлганлар учун Аллоҳнинг ваъдаси ҳақлигини ёрқин исботи бўлди. Ҳақ ва Пок Аллоҳ таолога ҳамдлар бўлсин!

“Кўкалдош” ўрта-махсус билим юрти 2″А» – курс
талабаси Абдураҳмонов Зоҳиржон