Басимон келтирган ва солиҳ амалларни
қилганларгина равзада 
хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Мақолалар / АЗОН ва ТАКБИР

АЗОН ва ТАКБИР

Намозхонларни сафга туришга чорлаш учун айтиладиган махсус такбир «Иқомат» дейилади.

Аллоҳ Қуръони Каримда шундай марҳамат қилган:

«Эй, имон келтирганлар! Қачонки, жумъа кунидаги намозга (азон) чақирилса, дарҳол Аллоҳнинг зикри сари (имом хутбасини тинглаш учун) ҳаракатга тушингиз ва савдо-сотиқни тарк қилингиз! Агар биладиган бўлсангиз, мана шу (иш) ўзларингиз учун яхшидир» (Жума сураси 9-оят).

«(Улар) намозга азон айтсангиз, уни (намозни ёки азонни) мазах ва ўйин қилиб оладилар. Бу уларнинг ақлсиз қавм эканидан (далолат)дир» (Моида сураси 58-оят).

Бу икки оятдаги «Нидо»дан мурод азон экани очиқ кўриниб турибди. Демак, азон Қуръонда зикр қилинган экан. «Азон» сўзи луғатда «билдириш» деган маънони англатади. Шариатда эса фарз намознинг вақтини махсус сўз ила билдиришга “Азон” дейилади. Азон айтиш биринчи ҳижрий санадан бошланган. Дастлаб мусулмонлар масжидга тўпланишар, намоз вақтини кутиб ўтиришар, вақт бўлганда эса, намоз ўқир эдилар. Ибн Умар (розияллоҳу анҳу)нинг айтишича, Насороларнинг зангига ўхшаш занг чалиниши ёки яҳудийларнинг дудига ўхшаш дуд чалишни маслаҳат қилинган ҳоллар ҳам бўлган.

Абу Довуд, Ибн Можа, Доримийлар ривоятида Абдуллоҳ Ибн Зайд кечаси туш кўргани ва унга бир киши азон ва такбирни тўлиғича айтиб бериб, сен буни Билолга айтгин у айтсин, чунки унинг овози сеникидан кучлироқ деганини ва ўзи Билолга ўргатиб тургани, Билол эса айтгани, буни Умар Ибн Хаттоб (розияллоҳу анҳу) эшитиб ридосини судраб чиққани ва Расулуллоҳга (соллаллоҳу алайҳи васаллам): «Эй Аллоҳнинг Расули сизни ҳақ ила юборган Зотга қасамки, мен ҳам шунга ўхшаш туш кўрдим» деганини айтиб берганлар.

Бу воқеадан 1400 йил ўтиб ойга чиққан Америкалик фазогир ҳам Ойда туриб азонни эшитди. Бу овозни овоз ёзиш асбоблари ёзиб олди. Йиллар ўтиб фазогир Мисрга келиб азонни эшитганида, кўпчилик иштирок этаётган йиғилишда бу овозни Ойда эшитган эдим, деб тан олди.

Набий (соллаллоҳу алайҳи васаллам): «Муаззинлар қиёмат куни энг бўйни узун одамлар бўлурлар», дедилар.

Набий (соллаллоҳу алайҳи васаллам): «Имом зоминдир, муаззин омонат эгасидир. Эй бор Худойим! Имомларни иршод қил, муаззинларни мағфират қил», дедилар. Бу ҳадислар муаззинлик фазли тўғрисидадир.

Анас (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: «Билол (розияллоҳу анҳу)га азонни жуфт айтмок, иқоматни қад-қоматис солоҳдан бошқасини тоқ айтмок амир қилинди». Ҳанафийдан бошқа мазҳаблар шу ҳадисга амал қилиб иқоматни тоқ айтадилар. Аммо ҳанафий мазҳаби бошқа ҳадисни далил қилиб олган.

Абу Маҳзура (розияллоҳу анҳу) ривоятида: Набий (соллаллоҳу алайҳи васаллам): Билолга: «Қачонки бомдод азони бўлса «Ас-солату хойрум минан навм» ни айтасан», деб ўргатганларига биноан 2 марта айтилади. Дора Қутний, Абу Довуд ривоятлари.

Азон ҳам иқомат ҳам суннати муаккададир. Азон чўзиб, иқомат тезлаб айтилади. Ўқилаётган намоз хоҳ адо, хоҳ қазо бўлсин, хоҳ жамоат бўлсин, хоҳ ёлгиз ўқилаётган бўлсин азон, такбир суннатдир. Бир намоз учун маҳаллада айтилган бир азон кифоя қилинади.

Яна бир кунлик қазо намозларини ўқувчи киши учун ҳам бир мажлисда битта азон кифоя қилади, қолганларини такбирнинг ўзи билан ўқиса ҳам жоиздир.

Азоннинг шартлари:

1-Намоз вақтининг кириши;

2-Азон араб тилида бўлиши. Араб тилидан бошқа луғатларда айтилган азон ҳам азон ҳисобига ўтмайди.

3-Азон оқил, балоғатга етган, яхши ёмонни ажрата оладиган етти ёшдан юқори шахс томонидан айтилмоқлиги. Гўдакнинг, мастнинг, жиннининг, жунуб кишининг айтган азонларини қайтадан айтиш лозим. Лекин булар айтган такбир қайтариб айтилмайди.

Азон ва иқоматдаги суннатлар:

1-Азонни эркак айтмоқлиги, аёлнинг такбири макруҳдир.

2-Азонни тик турган ҳолда айтиш. Азон ва такбирни ўтириб айтиш макруҳ.

3-Кўпчиликка эшиттириш мақсадида имкони даражасида овозни кўтариб айтиш.

4-Азонни баланд жойга чиқиб айтиш. Мезанани айланишни зарари йўқ.

5-Азон ва иқоматни қиблага юзланиб айтиш.

6-“Ҳайъалатайн”да юзни ўнг ва чапга буриш.

7-Азон жумлаларининг ораларини ажратиб айтиш, яъни бир жумлани айтиб бир лаҳза сукут қилиб ва кейин иккинчи жумлани айтиш.

8-Азонни таҳоратли ҳолда айтиш, чунки азон ўзи намозга чақиришдир. Намозга чақирувчининг ўзи инсонлардан кўра намозга тайёр бўлишга ҳақлидир.

9-Муаззиннинг солиҳ киши бўлиши. Фосиқнинг азони макруҳ.

10-Азон билан иқоматнинг ўртасида намозхонлар етиб кела олиш миқдорича ўтириш.

11-Муаззин азон айтаётганда гапирмаслиги ҳатто салом берганда, акса урганда ҳам жавоб бермаслиги керак.

12-Азон калималарини ноўрин чўзиб, маъноларни бузиб юбришдан муҳофаза қилиш.

13-Такбир айтилгач, кечиктирмай намозни бошлаш. Агар такбирдан сўнг намоз кечикиб кетса, у қайтариб айтилади. Муаззин азон айтаётганда бармоқлари билан қулоқларини беркитиб олиши мустаҳабдир.

Азон эшитувчилар ҳар қандай амалларини, ҳатто Қуръон қироатини ҳам тўхтатиб азонга жавоб бериши суннатдир. Азонга жавоб қайтариш сўз ва амал билан бўлади.

А) Муаззин лафзларини қайтариб туриш;

Б) Азонни эшитган киши масжидга юрмоғи. Азон билан иқомат ўртасида қилинган ҳар қандай дуо ижобатдир. Бу фурсатни ғанимат билмоқ керак.

Азон сўзларини ўнта жойда нотўғри айтиш ҳаром ва қасдан айтилганда куфр хавфи бор:

  1. “Аллоҳу акбар”нинг “ҳамза”сини (“алиф” (أ) ҳарфини) чўзиш;
  2. “Акбар”нинг “бо”сини (“бе” (ب) ҳарфини) “Акбаар”деб чўзиш;
  3. “Ашҳаду”ни “Ашҳааду” деб “ҳа” (ه)сини чўзиш;
  4. “Ашҳаду”нинг ҳойи ҳавваз ҳарфини ҳойи ҳуттий ҳарфига (яъни, “ه”ни “ح”га айлантириб) айтиш;
  5. “Лаа илааҳа иллаллоҳу”нинг “илло”сини ташдидсиз, яъни битта “лом” билан айтиш;
  6. “Ҳаййа”нинг “йа”сини чўзиб “ҳаййаа” дейишлик;
  7. “Ҳаййа”нинг ҳойи ҳуттий ҳарфини ҳойи ҳаввазга алиштириб айтиш (яъни, “ح”ни “ه”га ўзгартириш);
  8. “Фалааҳ”нинг охиридаги ҳойи ҳуттий ҳарфини ҳам ҳойи ҳаввазга алиштириб айтиш;
  9. “Ҳаййа ъалал фалааҳ”нинг ўрнига “Ҳаййа ъалал афлаҳ” дейишлик;
  10. “Ҳаййа”нинг “ҳаййа”сини ташдидсиз, яъни битта “ёй” билан айтишлик.

Тошкент вилояти Пискент тумани «Саид Ота» жоме масжиди
имом-хатиби Эшон
ҳўжаев Саидроҳим