Исро ҳодисаси ислом даъватининг энг оғир ва машаққатли даврида содир бўлди. Бу вақтда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ва у кишига иймон келтирган мусулмонларга кучли тазйиқ ўтказиларди. Зеро мусулмонларни мушриклар зулмидан ҳимоя қилувчи Абу Толиб ва Хадийжа бинти Хувайлид онамиз ҳам вафот этиб кетишганди. Шундай қийин ва маҳзунли бир дамда Исро ва Меърож кечаси – Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Аллоҳ таоло ҳузурига чиқишлари содир бўлди. Бу нарса у зотдаги ғам-ташвишни кетказиш, даъват йўлида собитқадам бўлиш, қалбга сурур бағишлаш учун тасалли бериш эди.
Меърож Ҳазрат Пайғамбаримизга берилган улуғ мўъжизалардан биридир. Бошқа бирор пайғамбарга бундай улуғ мақом берилмаган. Меърож воқеасига инсоннинг ақли етмайди. Унинг замон, макон ва масофа каби тушунчаларни англатишга ҳар қандай қалам ожиз.
Бу ҳодиса баъзи Ҳанафий уламоларимизнинг таҳқиқ қилишларича, ҳижратдан бир ярим йил олдин, Рамазон ойининг ўн еттинчи куни содир бўлган1.
Уламолар Меърож пайғамбарликнинг ўн иккинчи йили, рабиъул аввал ойида ё ҳижратдан бир йилу беш ой олдин шаввол ойида ёки ражаб ойининг охирларида содир бўлган дейдилар2.
Аксарият олимларнинг фикрига кўра, 27 ражаб Меърож ойидир. Расули акрамнинг Меърож ҳодисалари ҳижратдан бир ярим йил, яъни ўн тўққиз ой аввал бўлиб ўтган.
Кўпчилик эски ровийлар Меърожнинг ҳижратдан бир йил ёки ўн саккиз ой олдин рўй берганини айтишади. Қуръони каримнинг ифодасига кўра, Меърож билан ҳижрат орасидаги вақт узоқ эмас, Меърождан сўнг ҳижрат ҳам яқинлашиб қолган эди3.
Меърож баъзи маълумотларга кўра ҳижратдан уч, айрим ривоятларга кўра эса, бир ярим йил олдин содир бўлгандир4.
Шайх Акбарободий ўзининг “Нодирул меърожи туркий” асарида Исро ва Меърож воқеаси ҳақида қуйидаги фикрларни келтиради: “Ва ани (Меърожни) воқеъ бўлғон вақтида ҳам ихтилоф этгандурлар. Ва уламоларни кўблари Меърож рабиул аввал ойида, пайғамбарликнинг ўн иккинчи йилида воқеъ бўлғондур деюрлар. Ва баъзилар айтурлар, Меърож ҳижратдин бир йил-у беш ой бурун эрди. Бу ривоятга қараганда, шул ойда воқеъ бўлса керак. Ва бир қавлда ражаб ойининг йигирма еттинчисида воқеъ бўлғондур ва баъзилар пайғамбарликнинг бешинчи йилида воқеъ бўлғондур деюрлар”5.
Сафиюрраҳмон Муборакфурий “Ар-раҳийқул махтум” китобида “Исро ва Меърож” воқеаси қачон содир бўлгани тўғрисида айтилган қуйидаги олти хил қарашни келтирган:
- Исро Аллоҳ таоло у зотни нубувватга мушарраф этган йили бўлган.
- Пайғамбар бўлганларидан беш йил кейин бўлган.
- Нубувватнинг ўнинчи йили ражаб ойининг 27-кечасида бўлган.
- Ҳижратдан ўн олти ой олдин нубувватнинг 12-йили рамазон ойида бўлган.
- Ҳижратдан бир йилу икки ой олдин нубувватнинг 13-йилида муҳаррам ойида бўлган.
- Ҳижратдан бир йил олдин нубувватнинг 13-йилида робиъул аввал ойида бўлган.
Кейин сўзида давом этиб, Исро сурасида Исро қиссаси битта оятда зикр қилингани, сўнгра Бани Исроил ва уларнинг бузғунчиликлари ҳақида сўз юритилгани сўнгра Қуръоннинг энг тўғри йўлга ҳидоят қилиши ҳақидаги хабар берилгани ҳамда бу оятларнинг ораларидаги боғлиқликлар ва уларнинг ҳикматлари ҳақида атрофлича сўз юритиб, охирида “Ушбу ҳикматларга кўра Исро биринчи “Ақаба байъати”дан салгина олдин ёки икки “Ақаба байъат”ларининг орасида бўлган” деган6.
Исро ва Меърож воқеаси қачон содир бўлгани ҳақида шу каби турли хил фикрлар ва тадқиқотлар мавжуд. Шу мавзу юзасидан Устоз Абдул Азим Зиёуддин домла чуқур изланишлар ва тадқиқотлар олиб борган ва “Исро ва Меърож воқеаси ҳижратдан бир йил олдин, яъни пайғамбарликнинг 13-йили рабиул аввал ойида, душанба куни бўлгани ҳақиқатга яқиндир. Бу вақт милодий 621 йилнинг сентябр ёки октябр ойига тўғри келади.Ўшанда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қамарий 52 ёшга тўлган эдилар”, деган хулосага келган.7
Меърож кечаси Расули акрамнинг қаерда бўлганлари ҳам ихтилофли масаладир. «Саҳиҳайн»даги Бухорий ва Муслим ривоятига кўра, Расули акрам Ҳарами шарифда «Хатийм» деб аталган жойда эдилар (Хатийм Каъбанинг таъмири давомида очиқда қолган жой эди. Қурайш пешволари бу ерда ётиб қолишни одат қилишган. Расули акрам ҳам баъзан шу ерда ётиб қолардилар).
Бошқа бир ривоятга кўра, бу пайтда Расули Акрам Умму Ҳоний уйида бўлганлар. (Умму Ҳоний Абу Толибнинг қизидир. Унинг уйи Абу Толиб маҳалласида эди). Бироқ бу ривоят заиф ривоятлардандир8.
Муҳаддислар ривоят қилишларича, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам хуфтон намозидан сўнг Умму Ҳоний бинти Абу Толибнинг уйида ухлаб ётганларида, Исро ҳодисаси бошланди. Ўша кечаси Буроқ номли ҳайвонга миниб, Байтул Мақдисга бордилар. Сўнгра у ердаги катта харсанг тош устида турганларида Меърожга кўтарилдилар. Ҳозирда ўша тош устига қубба – гумбаз қурилган, думалоқ бино шаклидаги суратлари бутун дунёга тарқатилган. Кўпчилик билмасдан, уни Масжидул Ақсо деб тушунадилар9.
Шунингдек, бу кечада Ҳазрат Пайғамбаримиз Аршу Курсини, Қаламни, Дўзах ва Жаннатни, ундаги одамларнинг аҳволларини, Байтул Маъмур – Обод уйни, Байтул аҳрорни, Байтус суроҳни, Байтул иззатни, доимий ибодатдаги фаришталарни ва ҳоказо бошқа ғайбий нарсаларни кўрдилар. Ширк, зулм, зино, етимнинг ҳақини ейиш, ота-онага оқ бўлиш каби фисқу фасод ишларнинг аянчли оқибатидан огоҳлантирилдилар10.
Меърож воқеаси «Саҳиҳул Бухорий» ва «Саҳиҳул Муслим» китобларида ҳаққоний баён этилган. Қози Иёз ҳам ўзининг «Шифо» асарида бу ҳақда алоҳида тўхталиб ўтган. Анас ибн Моликдан ривоят қилинишича, Расулуллоҳ Меърож воқеасини шундай баён этганлар: «Менга эшакдан каттароқ, хачирдан кичикроқ қадами илдам бир улов келтирилди. Уни миниб Байтул мақдисга бордим. Уловни пайғамбарларнинг уловлари турадиган жойга боғлаб, масжидда икки ракъат намоз ўқиб чиқдим. Жаброил менга бир идишда май билан иккинчи идишда сут келтирди. Мен сутни танладим. «Табиий нарсани топдинг», деди Жаброил. Шундан кейин осмонга кўтарилдик. Жаброил осмоннинг очилишини талаб қилди. Шу пайт: «Кимсан?» деган овоз эшитилди. Жаброил ўзини танитди. «Ёнингда ким бор?» деб сўради бояги овоз. «Муҳаммад бор», деди Жаброил. «Унга пайғамбарлик келдими?» деди овоз. «Ҳа», деди Жаброил. Шундан кейингина осмоннинг қопқалари очилди. У ерда мен Одам алайҳиссаломни кўрдим. У зоти муборак менга пешвоз чиқиб, яхшилик тиладилар. Ундан кейин иккинчи осмонга кўтарилдик. Бу ерда ҳам аввалги савол-жавоблар такрорланиб кўкнинг дарвозалари очилди. Бу ерда Яҳё билан Ийсони учратдим. Улар ҳам менга пешвоз чиқиб, яхшиликлар тилашди. Учинчи осмонга ҳам шу таҳлид чиқдик ва бу маъвода жами гўзалликнинг ярми ато этилган Юсуфни кўрдим. У ҳам менга пешвоз чиқиб, яхшилик тилади. Тўртинчи осмонда Аллоҳ таоло Марям сурасининг 58-оятида: «Идрисни юқори даражага кўтардик», дея эътироф этган Идрис билан юз кўришдик. Бешинчи осмонда Ҳорун билан, олтинчи осмонда Мусо билан учрашдим. Улар ҳам менга пешвоз чиқиб, яхшилик тилаб қолишди. Еттинчи осмонда Байтулмаъмурга суяниб ўтирган Иброҳимни кўрдим. Байтул маъмурга ҳар куни етмиш минг фаришта кириб чиқар, бир марта ташриф буюрганларига қайтиб келиш навбати тегмас экан. Кейин Сидратул мунтаҳо дарахтини кўргани бордик. Унинг япроқлари филнинг қулоғидек, мевалари қовоқдек келар экан. Роббимнинг амрига биноан бу дарахт ўзгариб, товланиб турарди. Унинг таъриф-тавсифига барча махлуқлар қатори одам ҳам ожиз. Аллоҳ таоло менга баъзи ишларни ваҳий қилиб, бир кеча-кундузда эллик марта намоз ўқишни буюрди. Мен Мусонинг ёнига келганимда у: «Роббинг умматингга нималарни фарз қилди?» деб сўради. Мен эллик марта намоз ўқишни буюрганини айтдим. «Изингга қайтиб, Роббингдан ибодатни енгиллатишини ўтин, умматингнинг бунга тоқати етмайди. Сендан аввал мен Бани Исроилни синаб кўрганман», деди. Мен дарров изимга қайтиб: «Эй Роббим, умматимга енгиллик бер», деб ёлбордим. У намознинг беш маҳалини қисқартирди. Мусонинг ёнига келиб воқеани баён этдим. У юқорига чиқиб, яна енгиллик сўрашни маслаҳат берди. Шу зайил Роббим билан Мусонинг ўртасида зир қатнадим. Токи Парвардигорим: «Эй Муҳаммад, бир кеча-кундузда беш маҳал намозни фарз қилдим. Ҳар бир намозга ўн маҳалнинг, беш маҳалга эллик маҳалнинг савобини бераман. Кимки бирон эзгуликни ният қилиб,кейин уни қилолмаса, бир яхшиликнинг савоби, мабодо кўнглига туккан эзгуликни рўёбга чиқарса, ўн яхшиликнинг савоби берилади. Кимки бирон шумликни кўзласа-ю, амалга оширмаса, ёмонлик ёзилмайди, мабодо ўйлаган ёмонлигини қилса, битта ёмонликнинг гуноҳи ёзилади», деди. Мусонинг ёнига келиб бўлган гап-сўзларни айтдим. У яна Роббингдан енгиллик сўра, деб маслаҳат берди. Мен: «Ҳадеб Роббимнинг ҳузурига бораверишдан уяламан», дедим.
Пайғамбар алайҳиссалом шу куни кечаси Маккага қайтдилар. Эрталаб масжидга чиққанларида Абу Жаҳл ибн Ҳошимга тунда юз берган воқеаларни гапириб бердилар, эси оғиб қолган Абу Жаҳл: «Ҳой Каъб ибн Луай жамоати, буёққа келинглар!» деб одамларни чақирди. Тамошаталаб Қурайш мушриклари югургилаб келишди. Расулуллоҳ уларга ҳам Меърож воқеасини баён этдилар. Кофирлар ҳайратдан ёқа ушлаб, бўлмаган гап, дея уввос солишди, баъзилари чапак чалиб юборишди, баъзилари пешонасини тутамлаб ўйга чўмишди. Эринмаган хабарчилар бу гапни Абу Бакрга етказишганда: «Пайғамбар алайҳиссалом шундай деган бўлсалар, демак рост гап экан», деди. «Унинг шу бўлмағур гапига ҳам ишонасанми?» дейишди мушриклар. «У кишининг бундан ғайритабиий гапларига ҳам сўзсиз ишонаман», деди Абу Бакр. Шу кундан эътиборан Абу Бакр Сиддиқ (ростгўй, самимий, ҳақгўй одам) деб аталди. Ночор қолган мушриклар Расулуллоҳни синаб кўрмоқчи бўлишди: Байтул мақдисни кўрганлари, бу масжиднинг шакли-шамойили қандайлигини сўрашди. Расулуллоҳ Байтул мақдисни илгари кўрмаган эдилар, лекин Аллоҳнинг ёрдами билан унинг қандай қурилганини, нечта эшиги борлигини, ҳатто қандай безаклар билан зеб берилганини аниқ айтиб бердилар. «Буни-ку топдинг, энди бизнинг ўша ёққа кетган карвонимиз ҳақида гапириб бер», дейишди мушриклар. Расулуллоҳ мушрикларнинг Шомга кетган карвонида нечта туя борлиги, одамларининг аҳвол-руҳияси ҳақида хабар бериб, карвон фалон куни кун ёришганда шаҳарга кириб келади, кулранг туя йўл бошловчи бўлади, дедилар. Мушриклар айтилган куни йўлга чиқиб туришди. Чиндан ҳам қуёш уфқдан бош кўтарганда узоқдан кулранг туя етовидаги карвон кўринди, лекин бу ҳол уларни иймонга келтириш ўрнига кофирлиги ва тарсолигини баттар кучайтирди. Бу ҳодисани кўз бойлоғичлик, фолбинликка йўйишди.
Меърожга чиқилган туннинг эртаси Жаброил алайҳиссалом келиб, Расулуллоҳга беш вақт намозни ўқиш тартиблари ҳамда намоз вақтларидан таълим берди, икки ракъат бомдод номози тонг ёришганда, тўрт ракъат пешин намози кун оға бошлаганда, тўрт ракъат намоздигар нарсаларнинг сояси бир ёки икки баробар узайганда, уч ракъат шом намози кун ботганда, хуфтон намози қизил шафақ йўқолгандан кейин ўқилади. Беш вақт намоз фарз бўлишида аввал Расулуллоҳ Иброҳим алайҳиссаломга ўхшаб эрталаб ва кечқурун икки ракъатдан ибодат қилардилар11.
Биз Исро ва Меърож ҳодисасидан кўплаб мулоҳаза, ибрат ва панду-насиҳатлар олиш билан бир қаторда, Исро ва Меърож воқеасига шак-шубҳа билан қараган кишилар ҳозирги замон илмий кашфиётлар замонасида бу илоҳий ҳодиса ақлдан йироқ эмаслигига яна бир бор ишонч ҳосил қилаётганларига шоҳидмиз. Зеро ҳозир турли тез ҳаракат қилувчи замонавий учоқлар сабабидан узоқ масофалар яқин бўлди, масофа ҳақидаги тушунчалар бутунлай ўзгариб кетди, чунончи, ҳар бир нарсага қодир Зот хоҳлаган ишига амр қилса, албатта бўлгусидир. Аллоҳ хабар бериб айтади:
“Унга фақат сабрли зотларгина эришурлар, унга фақат улуғ насиба эгасигина эришур”. (Фуссилат сураси 35-оят)
Тошкент вилояти Зангиота тумани
“Рамадан” жоме масжиди имоми ноиби
Валиев Сайдакбархон
1 Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф. Ҳадис ва Ҳаёт. 5-жуз Намоз. Тошкент: “Шарқ” нашриёти. 2008й. 12-бет
2 Оламлар сарвари. Мақолалар тўплами. Тошкент: “Мовароуннаҳр” нашрёти, 2008й. 55-бет.
3 Закои Кўнрапа. Пайғамбаримиз ва ашараи мубашшара. Биринчи китоб. Макка даври. Тошкент: “Мовароуннаҳр” нашриёти. 1995й. 127-бет.
4 Усмон Кески ўғли. Сияри Набий. Анқара: 1997й. 47-бет.
5 Меърожнома. Тошкент: “Ёзувчи” нашриёти. 1995й. 29-бет
6 Абдулқодир Абдураҳим. Эътиқод дурдоналари “Бадъул амолий” шарҳи. Тошкент: “Тошкент ислом университети” нашриёти. 2012й. 174-бет.
7 Жобир билан Абдуллоҳ ибн Аббос (розийаллоҳу анҳум): “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам рабиул аввал ойининг душанба куни ҳам туғилганлар, ҳам ваҳий у зотга рост туш орқали кела бошлаган, ҳам Меърожга чиққанлар, ҳам Мадинага ҳижрат қилганлар, ҳам вафот этганлар”, дейишган. “Ибн Асийр Жазарий: “Исро воқеасининг душанба куни бўлгани менинг назаримда саҳиҳдир”, деган. Ибн Мунир ушбу гапни ихтиёр қилган”. Шайх Али Нойиф Шаҳҳуд: “Исро ва Меърож ҳодисаси кўпчилик ва муҳаққиқ уламоларнинг сўзларига кўра, ҳижратдан бир йил олдин рабиул аввал ойида бўлган. Тадқиқот ва мушоҳада қилинганидан кейин, Исро ва Меърож ҳодисаси рабиул аввал ойида бўлганига ишонса бўлади”, дейди. Мулла Али қори ибн Муҳаммад Султон Ҳанафий: «Исро ҳижратдан бир йил олдин рабиул аввал ойида бўлган. Ибн Асийр: “Мана шу саҳиҳдир”, деган», дейди. Аллома Бадриддин Айний Ҳанафий: “Исро ҳодисаси ҳижратдан бир йил олдин рабиул аввал ойида бўлган. Бу кўпчилик уламоларнинг сўзидир. Ҳатто Ибн Ҳазм бу борада муболаға қилиб, ижмоъни нақл қилган”, дейди. Демак, Исро ва Меърож воқеаси ҳижратдан бир йил олдин, яъни пайғамбарликнинг 13-йили рабиул аввал ойида, душанба куни бўлгани ҳақиқатга яқиндир. Бу вақт милодий 621 йилнинг сентябр ёки октябр ойига тўғри келади. Ўшанда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қамарий 52 ёшга тўлган эдилар.Аллоҳ таоло Ўзининг буюк ҳикмати ила бу ҳодисанинг аниқ вақтини унуттирди. Қаранг: “Ҳидоят” журнали. 2012 йил. 1-сон. 18-бет.
8 Закои Кўнрапа. Пайғамбаримиз ва ашараи мубашшара. Биринчи китоб. Макка даври. Тошкент: “Мовароуннаҳр” нашриёти. 1995й. 128-бет.
9 Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф. Ҳадис ва Ҳаёт. 19-жуз. Оламларга раҳмат пайғамбар. Тошкент: “Hilol-Nashr” 2013й. 185-бет.
10 Оламлар сарвари. Мақолалар тўплами. Тошкент: “Мовароуннаҳр” нашрёти, 2008й. 59-бет.
11 Муҳаммад Ҳузарий. Нурул яқин. Тошкент: Чўлпон-Камалак. 1992й. 65–67-бетлар.