Басимон келтирган ва солиҳ амалларни
қилганларгина равзада 
хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Мақолалар / БОЛАЛАЁТГАН БИДЪАТЛАР БОШИМИЗГА БАЛО БЎЛМАСИН!
Merlin?s hand glow and beam as a separate element.

БОЛАЛАЁТГАН БИДЪАТЛАР БОШИМИЗГА БАЛО БЎЛМАСИН!

Ҳар бир халқнинг ўзига яраша урф-одат, анъана ва маросимлари бўлади. Булар ушбу халқнинг миллати, дини, миллийлиги, маданияти ва илм-маърифатидан, қолаверса, маънавияти, маърифатидан дарак беради. Шу боис турли халқларнинг урфлари турличадир. Баъзилари учун шон-шараф бўлган урф-одатлар бошқалар учун ор-номус саналади. Яна қайсидир дин вакиллари учун баъзи бир урфлар динини ва эътиқодини ифода этса, бошқалар учун динсизлик ва эътиқодсизликни ҳам билдириши мумкин.

Афсуски, сўнгги пайтларда бидъат-хурофотлар болалаб бормоқда. Энг ачинарлиси, ҳали-бери бу бидъатлар бўй кўрсатишдан тўхтайдиганга ўхшамайди. Йилдан-йилга хилма-хил, ранг-баранг бидъатлар пайдо бўляптики, кимлардир бунинг кетидан ҳар тарафлама манфаатдор бўлаётгани учун мазкур бидъату хурофотларга «миллийлик» тўнини кийгизишяпти.

Юртимизнинг баъзи жойларида маййит чиққан хонадонда чироқ ёқилади. Халқ орасида “чироқ” дея зикр қилинадиган, пахтадан ясалган ва ёғга ботириладиган пилик ёки оддий шамни аёллар таъзия ўтгандан кейин маййит ўлган хонада 40 кун ёқиб қўйишади. Бу “чироқлар” маййитнинг руҳи учун ёқилар эмиш.

“Маййит чиққан хонада чироқ ёқилишига муносабатингиз қандай?” деган саволга аёлларнинг 27 фоизи: “Маййитнинг руҳи учун чироқ ёқилади”; 38 фоизи: “Чироқ ёқиш керак деб ўйлайман”, деган жавобларни белгилашган.

Маййитга чироқ ёқиш динимизда қаттиқ қораланади. Мусибатга тоқатсизлик қилиб, юз ва қўлларини қорага бўяш, ёқа йиртиш, юзни тирнаб қон чиқариш, бошига тупроқ сочиш, сон ва кўкракларига уриб фарёд солиш, қабристонга чироқ ёқиш каби ишлар ботил ва жоҳилият одатларидандир.

Бошга бир синов келганида, иши юришмаганида, беморлик, тушкунликка тушганда кўпчилик берадиган маслаҳат шундай бўлади: “Фолбинга боринг, бирортаси амал қилиб қўйган бўлмасин”. Фолбин ҳам кутилган гапни айтади: “Амал қилишибди” ёки “Фотиҳа олишингиз керак”. Бунинг учун ҳафталик овқатларни қилиб юборишни тавсия этади. Бундай бидъатлар исрофгарчиликка, энг ёмони, ширкка олиб боради.

Ҳафталик овқатлар борасида ҳам иримлар бор бўлиб, ҳар бир куннинг махсус овқати бор эмиш: Душанба куни эр-шерларга атаб норин; сешанба куни – қиймали мошкичири; чоршанба куни – чучвара (тугун оши), чучварани қозонга солишдан аввал ниятлари айтилиб, учта чучваранинг тугуни ечилади; пайшанба куни – қирқ битта нўхат солиниб ош, ҳолвайтар;  жума куни – қайсар париларга атаб қайла;  шанба куни – шавла билан сомса қилинади;  якшанба куни – дастурхонга тўққиз хил нарса қўйилади: мева, қанд, юпқа, чалпак, нон, шунингдек, калла-пойча солинади, чўзма, ҳолвайтар пиширилади.

Фолбинлар инсонни бошига тушадиган ҳар қандай синовларни кетказишни таомга, егуликка боғлиқ деб билишади ва буни ҳузурига келганларга уқтиришади. Аслида, билиш лозимки, ҳар бир мусибат, ҳорғинлик, беморлик Аллоҳ таолонинг изни билан бўлади. Аллоҳ таоло бандасига муҳаббат қилгани учун ҳам синов беради. Ёлғиз Ўзидангина мадад сўралади.

Имом Табароний Восила ибн Асқаъ розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Расули Акрам соллоллоҳу алайҳи ва саллам: “Ким фолбиннинг ҳузурига келиб, ундан бирор нарсани сўраса, қирқ кечагача тавбаси тўсилади. Агар фолбиннинг гапига ишонса, кофир бўлади”, деганлар.

Таъзия маросимларида қилинадиган ҳолвайтар ҳам “маййит чиққан жойда ис чиқариш” маъносида қилинади. Ҳолвайтар “пайшанбалик”, “якшанбалик” ва бошқа маросимларда ҳам қилинади.

Бу таомнинг асл моҳияти эса қуйидагича: Ойша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: “У киши ўз аҳлларидан бирон киши вафот этадиган бўлса, шу сабабли аёллар тўпланиб тарқагандан сўнг, фақат аҳллари ва хос кишилар қолганда бир декча талбийна қилишга амр этарди. Сўнгра уни нонли шўрва устига қуйиларди. Кейин у киши: “Эй аёллар, шуни еб олинглар. Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг “Талбийна беморнинг юрагини қувватли қилувчидир ва баъзи маҳзунликни кетказади”, деганларини эшитганман”, дер эди (Имом Бухорий, Имом Муслим ривояти).

“Талбийна“ – ун, сут ва асалдан пишириб тайёрланадиган таом. Ушбу ривоятда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам тавсия қилган, юракни қувватлаб, хафаликни кетказадиган “талбийна” таоми ҳақида сўз кетмоқда. Ойша онамиз розияллоҳу анҳо Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламдан эшитганлари учун ўзлари иштирок этган таъзияларда мусибатзада аёлларга ўша таомни егизар эканлар.

Ҳозирги вақтда “ис чиқариш”, “пайшанбалик”, “якшанбалик”, ўтганларни “йўқлаш” мақсадида пишириладиган ҳолвайтар таркиби ва тайёрланиши жиҳатидан талбийнага ўхшаб кетади. Кейинчалик сут ўрнига ёғ, асал ўрнига шакар ишлатилган. Ҳолвайтар ҳам ун, ёғ ва шакардан қилинади. Мусибатхонада маййит чиқарилмасдан олдин, “Бурнига ис кирсин учун” деб ҳолвайтар қилинади. Бу мутлақо нотўғридир. Ниятни ўзгартириб, “Одамларга қувват бўлади”, деб қилинган ҳар қандай таом тириклар учун фойдали. Ҳолвайтар ҳам танага қувват бағишлайди.

Халқимиз орасида егуликларга оид турли бидъат тушунчалар борки, буларни эшитиб, асл моҳияти нима эканлигига ҳайрон қоласиз:

– шафтолини иккига бўлиб еб бўлмайди;

– шомдан кейин оқлик: сут, қатиқ берилса, сигирнинг сути камаяди;

– дастурхонга тоқ нон қўйилмайди, тоқ нарсалар аза бўлган хонадонда қўйилади;

– пиёладаги чой устига чой қуйилса, эри ёки хотини ташлаб кетади;

– қалампирни қўлга берса, уруш бўлади;

– биров тишлаган нарсани еса, бошқа одамнинг насибасини еган бўлади;

– чой устидаги пуфакчаларни чўнтакка солиш бойлик келтиради;

– қозоннинг тагини ялаган ёки қирмочини еган қизнинг тўйида ёмғир ёғади;

– марҳумнинг қирқи чиққунча таъзия бўлган хонадон эгалари тухум емайди;

– таъзия бўлган хонадонга лағмон ёки угра қилиб чиқилмайди, мусибат чўзилиб кетади;

– чой ичидаги шамаларнинг туриши, меҳмон келишидан дарак;

– қаҳванинг юқи бировнинг тақдиридан дарак беради;

– ноннинг ўртасини еса, шаҳарнинг ўртасига келин бўлади ёки куёв бўлади.

Шунга ўхшаш иримлар халқимиз орасида ҳанузгача учраб туради. Ҳар бир нарса Аллоҳ таолонинг изни билан бўлади. Ҳаётимизда учраб турадиган турли синовларда фақат Аллоҳдан мадад сўрашимиз, Қуръон оятларига, Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳадисларига оғишмай амал қилишимиз лозимдир.

Халқ орасида; “Иккала ҳайит орасида никоҳланиш жоиз эмас”; “Сафар ойида сафар қилиб бўлмайди”; “Рўза ойида тухум еб бўлмайди”; “Ўлик чиққан хонадонда сумалак, ҳалим пиширилмайди”; “Ифторликка хамирсиз овқат тайёрлаш лозим”; “Мавлид ўқилса, хонадон соҳиблари қатнашмайди” қабилидаги эътиқодлар ҳам айнан бидъатлардир. Бу каби ирим-сиримларга ишониш, унга “ихлос” билан амал қилиш Аллоҳ таолога яқинлаштирмайди, балки унинг ғазабига олиб боради. Аллоҳ бундан барчамизни асрасин! Шунинг учун ҳам обид зотлардан Абу Айюб Сихтиёний рахимахуллох: “Бидъатчи ўз бидъатида канча тиришса, Аллохдан шунча узок бўлади” – деганлар.

Бидъат-хурофотларга берилган кишининг қилаётган ишлари: яхши амалларнинг ҳабата бўлиши, шайтоннинг бидъатчига яқин бўлиши ва ҳақ билан ботилнинг аралашиб кетишига сабабчи бўлади.

Инсонлар онгида ўрнашиб, айни кунда одат тусига кириб қолаётган бидъат амалларнинг хато эканини тушунтириш, уларни шаръий ҳукмлар билан баён қилиш долзарб масала ҳисобланади. Туманимиздаги маҳаллалар фаоллари билан аҳоли ўртасида бидъатларга берилмаслик бўйича тушунтириш-тарғибот ишларини олиб боряпмиз.

Халқимиз онгида мустаҳкам илдиз отган шундай қадриятларимиз борки, улар (меҳмондўстлик, катталарга ҳурмат, кичикларга иззат, саломлашиш) миллийлигимизга янада зеб бериб, халқимизнинг янада фаровон яшашини ҳамда бошқа миллат ва элатлар орасида доимо юксак эҳтиромга сазовор бўлишини таъминлаб келган.

Мавзуга оид бўлгани учун урф ҳақида тўхталиб ўтишни лозим топдик. Урф  икки хил: саҳиҳ ва фосид бўлади. Урфу саҳиҳ кишилар одатланиб қолган, шаръий далилга мухолиф бўлмаган, ҳаромни ҳалол қилмайдиган, бажариш лозим бўлган ишдан тўхтатмайдиган нарсага айтилади. Фосид урф эса, одамлар одатланиб қолган, бироқ у шариатга хилоф, ҳаромни ҳалол қилувчи, лозим бўлган ишни қилишдан тўхтатувчи нарсадир. Масалан, кишилар одатланган, фарзанд туғилгандан кейинги ношаръий зиёфатлар, туғилган кунни ҳар йили нишонлаш, киши вафот қилгандан сўнг бажариладиган мункар ишлар; судхўрлик, турли қимор ўйинлари каби амаллар киради.

Саҳиҳ урфга биноан шаръий ҳукм чиқаришда қозилар мужтаҳидлар ҳукмларига риоя этади. Чунки одамлар одатланиб қолган ишлар, агар улар шариат қонунларига зид бўлмаса, уларнинг манфаатлари ҳисобланади. Аммо фосид урфга риоя қилмаслик вожибдир. Чунки унга риоя қилиш шаръий далилга қарши туриш ёки шаръий ҳукмни бекор қилишдир.

Демак, урф-одатлар шариатга мувофиқ бўлсагина уларга амал қилиш жоиз. Халқимиз орасида урфга айланган, ота-боболаримиздан қолган маънавий мерос деб эътиқод қиладиган ишлар жуда кўп. Афсуски, ушбу урф-одатларимизнинг ҳаммаси ҳам динимиз кўрсатмаларига мувофиқ келавермайди. Урф-одат экан деб уларга амал қилавериш ярамайди. Ҳар қандай ишни қилишдан олдин бу ишга Аллоҳ буюрганми  ёки қайтарганми? Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларида бу ҳақда нима дейилган? Бу борада шариатимиз кўрсатмаси қандай? каби саволларга жавоб топилиши лозим. Шундагина ҳам ўзимизни, ҳам оиламизни асраган, турли бидъат ва хурофотларнинг олдини олган бўламиз.

Миродил МИРЖАЛИЛОВ,
Қибрай тумани бош имом-хатиби,
“Дўрмон” жоме масжиди имом-хатиби.