Басимон келтирган ва солиҳ амалларни қилганларгина равзада хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Мақолалар / РИЗҚ БАРАКАЛИ ЭКАНИНИНГ БЕЛГИСИ

РИЗҚ БАРАКАЛИ ЭКАНИНИНГ БЕЛГИСИ

Ризқ баракали эканлигининг белгиси шуки, у сабабли инсонда қаноат, шукр, ва сабр пайдо бўлади ҳамда яхши амалларга тавфиқ насиб этади.

Қози Муҳаммад ибн Абдулбоқий роҳматуллоҳи алайҳ айтади:

“Мен Маккага яқин жойда турар эдим. Бир бор қаттиқ оч қолдим. Очликни аритиш учун менда ҳеч нарса йўқ эди. Ўша вақтларда ипак халтача топиб олдим. Унинг оғзи ипак боғич билан боғланган эди. Уйга келиб уни очган эдим, ичида қимматбаҳо тақинчоқ бор эди. Бунақасини ҳеч кўрмаган эдим. Уйимдан чиқдим. Бир киши ўша тақинчоқ ҳақида эълон қилаётган экан. Қўлида 500 динор солинган бир халтача бўлиб, халтачани топиб, қайтариб берганга бераман, деб турган экан. Мен эса оч ва муҳтож эдим. Тиллани олиб, тақинчоқ солинган халтачасини қайтариб бермоқчи бўлдим ва олдимга чақирдим. У менга тақинчоқ солинган халтачани сифатлаб, ундаги тошлар сонини айтиб берди, халтачани унга топширдим. У менга 500 динор берди. Мен эса олмасдан: “Уни сизга қайтариб бериш менга вожибдир, эвазига нарса олишим яхшимас”, – дедим. Кейинчалик Маккадан кетдим. Кемага миндим. Кема ҳалокатга учраб одамлар ғарқ бўлишди. Мен кеманинг бир парчасининг устида жон сақлаб, саломат қолдим. Ёғоч парчаси мени оқизиб, одамлар яшайдиган бир оролга олиб келди. У ердаги масжидлардан бирига бориб қўним топдим. Тинмай Қуръон ўқирдим. Қироатимни эшитган одамлар Қуръон ўргатишимни сўраб, олдимга кела бошлашди. Шу орқали куним ҳам ўтар, ризқим ҳам етар эди. Одамлар мендан: “Ўқиш, ёзишни ҳам биласизми?” – деб сўрашган эди, мен: “Ҳа”, – деб жавоб бердим. Натижада, уларнинг болаларига ҳам ўқиш, ҳам ёзишдан сабоқ бера бошладим.

Кейинчалик улар менга мол дунёси кўп бир етим қизга уйланиш таклифини килишди. Мен кўнмадим. Улар қаттиқ туриб олишгач, рози бўлдим. Никоҳдан кейин қизнинг қариндошлари билан бир хонада ўтирган эдик, қарасам қизнинг бўйнида ўша мен Маккада топиб олган тақинчоқ шодалари турар эди. Ёнимдагилар мени тақинчоққа ажабланиб қаттиқ тикилиб қолганимни кўриб: “Эй шайх, сиз қизнинг жамолига қарамай тақинчоғига қараб, қизнинг қалбига озор бердингиз”, – дейишди. Мен эса уларга бу тақинчоқ қиссасини айтиб бердим. Одамлар баланд овозда такбир айтиб юборишди. Уларга: “Бунча қичқирмасангиз, сизларга нима бўлди?” – десам, улар: “Сиздан бу тақинчоқни қайтариб олган киши бу қизнинг отаси эди. У доим “Аллоҳим, уни мен билан учраштирсангу, мен унга қизимни никоҳлаб берсам”, деб дуо қилар эди. Унинг бу дуоси қабул бўлган экан”, – дейишди.

Мен икки ўғил кўрганимдан сўнг у аёл вафот этди. Кейинчалик иккала ўғлим ҳам вафот этгач, тақинчоқ менга мерос бўлиб қолди. Мен уни 100 000 динорга сотдим.

Шайх Абдулбоқий бу ривоятни қисса қилиб берар экан, атрофдагиларга: “Сизлар кўриб турган барча мол дунёим ўша тақинчоқдан қолганидир”, – деди.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам:

“Жамийки хатоларнинг боши дунё муҳаббатидир ва жамийки фитналарнинг асли  ушрни ва закотни ман килишдир”, деганлар.

Бир бор Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳнинг шогирди у кишининг йўқлигида Мадина шаҳридан келган кишига 400 дирҳамлик қалин кийимни 1000 дирҳам эвазига сотиб юборди. Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ бу ишдан хабар топгач, шогирдини қаттиқ койиди ва уни дўконда иш юритишдан четлатди. Харидорни ташқи кўринишини билиб олиб, уни суриштиргач, Мадина шаҳридан уни қидириб топди ва олмаслигига қўймасдан 600 дирҳамни қайтариб берди. Сўнг Куфага қайтди.

Аллоҳ таолонинг ишқи  Муҳаммад ибн Абдулбоқий ва Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ калбларидан шунчалик юксак ўрин олган эдики, ҳаттоки бу дунёнинг барча хазиналарига эга бўлиш имкони уларга берилганда ҳам, заррача Аллоҳга исён қилиш сари қадам босмас эдилар. Улар доимо ризқни фақатгина ҳалолдан исташган ва шу сабаб ризқларига барака нозил бўлишлигига сабабчи бўлишган.  Улар Аллоҳ таолонинг Розилиги учун ҳаттоки эвазсиз фойдага ҳам рози бўлмадилар.

Шу ўринда бугунги кунимизга киёсан назар солсак. Бугун инсонлар жамоасининг аксар қисми шу даражага бориб етдиларки, ризқни талаб этишда ҳалолнинг чегараисига яқин кела олишлари уларнинг бадбўй нафслари учун маҳол ишга айланиб улгурди. Шу сабаб уларда на сабр ва на шукурдан асар қолмади.

 

Манбалар асосида Тошкент вилояти Пискент тумани
«Мулла Бўта Қози» жоме масжиди имом-хатиби Вохидов Мирсобит