Басимон келтирган ва солиҳ амалларни қилганларгина равзада хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Мақолалар / Фарзанд қалбидаги нақш…

Фарзанд қалбидаги нақш…

Оила – ота, она ва фарзанддан иборат учта тиргакка қурилади. Оиланинг бахти саодати ҳам, унинг камоли ва фаровонлиги ҳам, тинчлиги ва осойишталиги ҳам ана шу уч устуннинг бир-бирига бўлган муносабатига, аҳиллигига, яхши тарбиясига боғлиқ. Булар бўлмас экан, оила таназзулга юз тутаверади. Бу инқироз эса, ўз навбатида жамиятни ларзага келтираверади.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ҳеч бир ота ўзининг фарзандига яхши тарбия бериш ва одоб ўргатишдан ортиқ ҳадя қилолмайди”, -деганлар ҳадисларида (Имом Бухорий ривоят қилган).

Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг ўзлари фарзандларига, набираларига, умуман, ёш болаларга жуда эътиборли бўлганлар. Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг тарбияларини олган издошлари, саҳобалар ҳам фарзанд тарбияси борасида Ул зотни йўлларини тутардилар.

Биз болажон миллатмиз. Фарзандларимиз учун ўзимизни ўтга-чўққа урамиз. Тиним билмаймиз. Ўзимиз емасак ҳам, уларнинг оғзига тутамиз. Лекин тарбиядаги жуда нозик жиҳатларга, боламизнинг қалбига киришга, у билан чинакамига дўстлашишга, тиллашишга, диллашишга интиляпмизми? Ота фарзанди учун ҳамма нарсани муҳайё қилиб қўйган, бироқ энг муҳим нарсани унутган. Ҳа, одам боласи учун қорин тўқлигию усти бутлигининг ўзи кифоя қилмайди. Унда кўнгил бор. Кўнгил эса доимий эътиборни, меҳрни тусайди. Ҳар бир фарзанд отадан меҳр кўришни хоҳлайди, эътибор истайди.

Агар биз ўша меҳрни бера олмасак, бошқалардан олса тўғри бўладими?! Эртага ўзларининг ғаразли мақсадларига йўғрилган, ватанига, динига ва ота-онасига қарши борадиган миссионер ва турли оқимлардан ота-онасидан ололмаган меҳр-тарбияни олса, бу ҳаммамиз учун фожеа бўлади.

Имом Ғаззолий бундай дейди: “Болалар ота-оналарига берилган бир омонатдир. Боланинг қалби ҳар қандай нақшу тасвирдан холи бир қимматбаҳо гавҳардир. Унга қандай нақш солинса, қабул қилади, қаёққа букилса, эгилади. Агар яхшиликка ўргатилса, шу билан ўсади ва дунёю охиратда саодатга эришади. Унинг савобига ота-онаси ҳам, ҳар бир муаллиму устозлари ҳам шерик бўладилар. Агар ёмонликка одатлантирилса, ҳайвонлардек ўз ҳолига ташлаб қўйилса, охир-оқибат ҳалок бўлади. Гуноҳи эса унинг тарбияси учун жавобгар бўлганларнинг гарданига тушади”.

Биз фазандларимизни баъзи тоифа ва гуруҳларнинг манфур ғояларига учиб, юртини ташлаб ватангадо бўлиб, юртдошларига қарши бориб, ватан хоини бўлишларини олдини олишимиз лозим.

Хулоса қилиб айтсак, барча мусулмонлар учун муқаддас бўлган тушунчалар ва атамаларни ғаразли мақсади йўлида суиистеъмол қилаётган бузғунчи тоифаларга қарши курашиш, уларнинг сохта даъволарига ўз вақтида асосли раддиялар бериш ҳар биримизнинг энг муҳим вазифамиздир. Агар биз ухласак, бепарво бўлсак, эртага улар, яъни бузғунчилар уйғонади.

Пискент тумани бош имом-хатиби
Зайнилобиддинхон Қудратов