Басимон келтирган ва солиҳ амалларни
қилганларгина равзада 
хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Мақолалар / Наҳотки, у зотга муҳаббатсиз уммат бўлсам

Наҳотки, у зотга муҳаббатсиз уммат бўлсам

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламга бўлган муҳаббат, у зотни кўриш шавқи соҳобалар, тобеъинлар, мужтаҳидлар, солиҳлар қалбларини тўлиқ эгаллаб олган эди. Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салам уларни зулматдан нурга, жаҳолатдан маърифатга олиб чиққан ҳидоят пайғамбаридир.

Битиклардан қуйидагиларни ўқий бошладим:
– Амр ибн Ос розияллоҳу анҳу: “Мен учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан севимлироқ бирор киши йўқ”, деганлар.
– Абда бинти Холид ибн Сафвон отаси ҳақида: “Отам Холид ўрнига ётишдан олдин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга, муҳожир ва ансорлардан иборат у зотнинг асҳобларига шавқини айтар, уларни номма-ном санаб: “Улар менинг ифтихорим. Уларга қалбим талпинар. Соғинч азоби қийнаяпти. Ё Раббим, ҳузуринга тезроқ чорла”, дер эди.

– Буюк тобеин Зайд ибн Аслам айтади: “Умар розияллоҳу анҳу кечаси одамларнинг аҳволларини кузатиб юрганларида, бир уйда ёниб турган чироққа кўзлари тушди. Қарасалар, бир кампир жун титиб: “Муҳаммадга яхши бандаларнинг саломи бўлсин. Поклар, яхшилар у зотга салавот айтадилар. Сиз кечалари ибодат билан қоим бўлар, саҳарлари кўз ёш тўкар эдингиз. О, кошкийди мен билан ҳабибим бир ҳовлига жамланса!?” деб Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламни назарда тутар эди. Умар розияллоҳу анҳу ўтириб йиғлай бошлади.

…Шу жойга етганда ўқишни тўхтатдим. Очиғи, ўқиёлмадим. Ўзимнинг кимлигимни чуқурроқ англаб етиш учун хаёлга толдим…
Наҳотки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга муҳаббат қўйганларнинг мингдан бир муҳаббати менда бўлмаса.
Наҳотки, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламдан шу даражада узоқлашиб кетдим. Наҳотки, қалбим муҳрланган бўлса.
Наҳотки, у зотдан энг узоқ, у зотга муҳаббатсиз уммат бўлсам. Охиратда у зотга умматлик даъвосини қилиш учун менда нима бор?!
Наҳотки…

Савол кўпайган сари ўзимдан нафратланиб кетяпман….
Аллоҳ, Ўзинг асра!

Миршавкат ТЎЙЧИЕВ

[carousel-horizontal-posts-content-slider]