Басимон келтирган ва солиҳ амалларни
қилганларгина равзада 
хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Хабарлар / Спорт ассоциациялари муслималарга бўлган муносабатини ўзгартирмоқда

Спорт ассоциациялари муслималарга бўлган муносабатини ўзгартирмоқда

Халқаро бокс ассоциацияси (ХБА) ўзининг раҳбарий тамойилларига ўзгартириш киритди ва халқаро миқёсдаги мусобақаларда аёл-боксчиларга рўмоли билан иштирок этишга рухсат берди, хабар беради Harpers Bazaar Arabia.

Германиялик спортчи ва Nike Pro Hijab элчиси Зейна Нассер бундай ўзгаришнинг амалга ошишида катта рол ўйнади.

“Рўмолда бокс тушар эканман доимо қарама-қарши фикрлар билан курашиб келдим. Доимо курашишимга тўғри келди, чунки ҳижобни фақат омилар, эрки йўқ аёллар ўрайди, деган фикр билан жуда кўп бора қаршилашдим. Мен бунинг аксини исботлашга уриняпман”, – деди беш карра Германия чемпиони Истанбулда ўтказилган ХБА Ижроия қўмитасининг тарихий баёнот эълон қилинган йиғилишида.

20 яшар германиялик муслима исломофобия билан бокс орқали кураш олиб бормоқда.

Бу ўзгаришларга қадам АҚШ бокс қоидаларига қарши чиққан америкалик Амайя Зафар билан боғлиқ ҳолатлардан сўнг бошланди. Кўп йиллик ҳаракатлардан сўнг, 2017 йилда унга рингга ҳижоб билан чиқишга рухсат этилди. Бу эса Америка бокс тарихида илк бора содир бўлган воқеа эди. Эндиликда қабул қилинган янги қоидага кўра, Зафар ўзининг орзусини амалга ошириб, 2020 йилда бўлиб ўтадиган Олимпиада ўйинларида муслималарга мос бўлган кийимда иштирок эта олади.

“Бу олдинга ташланган катта одимдир. Амайя нимага қодир эканлигини кўрсатадиган вақт келди, мен бундан жуда ҳам мамнунман”, – дейди спортчининг мураббийи.

Шу ўринда, америкалик қиличбоз Ибтихаж Муҳаммадни эслаб ўтиш ҳам ўринлидир. У 2016 йилда Риода ўтказилган Олимпиада ўйинларида ўз эътиқодига мос кийинган илк спортчи сифатида тарихга кирган муслимадир.

Лекин бошқа спорт турларида ҳижобга тақиқ ҳали ҳам кузатилмоқда. Индонезиялик дзюдочи Мифтахул Жанна 2018 йилги Осиё паралимпия ўйинларидан рўмолини ечишни хоҳламаганлиги учун дисквалификация қилинган эди.

“Ҳа, мен жуда ҳам хафаман. Чунки охирги 10 ой мобайнида жуда қаттиқ шуғулланган эдим. Меҳнатимнинг натижаси эса – дисквалификация бўлди”, – дейди спортчи.

Ислом талабларига мувофиқ кийиниш, спортчиларнинг диний эътиқодига тўсқинлик қилмаслик борасида бир қанча спорт ташкилотлари ижобий қарорлар қабул қилди. Хусусан, охирги бир неча йил мобайнида Оғир атлетика халқаро федерацияси (IWF), Халқаро футбол ассоциацияси (FIFA) ва Халқаро баскетбол федерацияси (FIBA) диний бош кийимларга, шу жумладан, рўмолга бўлган тақиқларни бекор қилди.

[carousel-horizontal-posts-content-slider]