Басимон келтирган ва солиҳ амалларни қилганларгина равзада хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Мақолалар / Қахрамонларнинг фидоийлиги давлатимиз эътиборида

Қахрамонларнинг фидоийлиги давлатимиз эътиборида

Хар бир инсон дунёга келибдики, яхши яшаш, тинч юртда бахтли хаёт кечиришни истайди. Аммо, ҳамма ҳам бу тинч осмонга эришиш учун қанчадан-қанча юртнинг мард ўғлонлари фидоийларча жонини қурбон қилганлигини, хозирда юзлаб ўғлонлар ватан сархадларини ҳимояси учун тун-у кун ўз оромларидан кечаётганларини доимо ҳам  ўйлаб кўрмайди.

Яратганга чексиз шукрлар бўлсинким, ҳозирда мана шундай мустақил жаннатмакон юртда эмин-эркин яшамоқдамиз. Бундай фаровон кунларга эришиш йўлида минглаб юртимизнинг мард йигитлари ва фидоийлари ўз жонларини қурбон қилганларини эса ҳеч қачон унутмаслигимиз лозим. Бу ўғлонлар мол-мулк талашиб эмас, балки, азиз фарзандларининг нурли келажагини, ота-оналари ва яқинлари тинчлигини, жуфти-ҳалоллари осойишталигини ўйлаб жон таслим қилганлар. Мен ватан тинчлиги учун жон тиккан ўғлонларни худди ўзлари бу дунёдан ўтиб кетган бўлсаларда, бугунги фаровон кунда яйраб ўсаётган ёшларни, гулу-райхонларни  кўриб хурсанд порлаётган офтобга ўхшатаман. Ёшларимиз доимо шундай офтобларнинг қайноқ мехрини ҳис қилиб, уларни хотирлаб яшашлари зарур.

Аллоҳ таоло биз бандаларни доимо яхши амалларни қилишликка чақиради. Бу қилган яхши амалларимиз савоби фақатгина биз учун эмас, балки биздан олдин ўтганларга ҳам фойдали бўлиши учун  қилган хайрли ишимиз сўнгида уларни  эслаб савобини ҳадя қилишимиз  керак холос. Қуръони Каримда ўтганларни эслаб хайрли дуо қилиш яхши амаллардан эканлигига далолат қилувчи ояти карималар мавжуддир. Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.) ҳам бир неча ҳадиси шарифларида олдин ўтган инсонларнинг ҳаққига дуойи хайрлар қилишга чақирганлар.

Ибн Умар (р.а.)дан ривоят қилинади:

“Набий (с.а.в.):

Ўлганларингизнинг яхшиликларини зикр қилинглар. Уларнинг ёмонликларидан тийилинглар, дедилар”.
(Термизий ва Абу Довуд ривоят қилишган)

Ўтганларни хотирлаш, уларнинг хайрли ишларини миннатдорчилик билан эслаб туришда ҳикмат кўп. Хотира ва қадрлаш – халқимизнинг энг асосий қадриятларидан ҳисобланади. Мана бир неча йиллардан бери 9 май куни бутун Ўзбекистон бўйлаб Хотира ва қадрлаш куни – ёруғ қайғу, эҳтиром ва чуқур  миннатдорчилик байрами сифатида нишонлаб келинмоқда.

Ватан, миллат, дин йўлида жон фидо қилган аждодларимиз хотираси бизлар учун қанчалик ардоқли бўлса, ёши улуғларимизни қадрлаш, ҳурматларини жойига қўйиш ҳам шунчалик муҳимдир. Дарҳақиқат, одам боласининг умри ўтиб кексайган сари унинг жисми заифлашиб боради, аммо ҳаёт синовларида тобланган, бошидан яхши ва оғир кунларни кўп ўтказган кекса ёшдаги кишиларнинг борлиги барчамизга Аллоҳнинг берган улуғ неъматидир. Бу ҳақида жаноб Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.) шундай деганлар:

Агар ораларингизда мункиллаган қариялар, ўтлаб юрган чорва ҳайвонлари ва эмизикли чақалоқлар бўлмаганида эди, бошингизга балолар селдай оқиб келган бўларди.

Расулуллоҳ (с.а.в.) яна бир хадиси шарифларида эса шундай мархамат қилганлар:

Барака улуғларингиз билан биргадир.

Аллоҳ таоло бизларга кексалар туфайли шунчалар кўп марҳамат кўрсатар экан, ўз навбатида, бизлар ҳам уларнинг ҳурматларини жойига қўйишимиз, иззат-икром этишимиз лозим.

Ҳар бир сўзи сермаъно бўлган, бошидан ҳаётнинг турли синовлари ўтган, ҳаётда қайси йўл тўғри эканини ёшларга тушунтириб ибрат ўргатувчи фахрийларга ҳурмат ва эхтиром кўрсатиш – халқимизнинг эзгу анъаналаридан биридир. Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 4 апрелдаги “Иккинчи жахон уруши иштирокчилари ва ногиронларини рағбатлантириш тўғрисида”ги фармони аждодларимизга кўрсатилаётган чуқур ҳурматнинг яна бир далилидир. Президент фармонида ҳар бир уруш иштирокчисига икки миллион сўм рағбатлантирувчи пул маблағлари тантанали равишда  берилиши ва иккинчи жахон урушида иштирок этган фахрий нуронийлар иштирокида тантаналар, давра суҳбатлари ўтказилиши белгилаб қўйилди. Бундай фармонлар қахрамонларимизнинг кўнгилларини кўтаришга, ёшлар тинчликни янада чуқурроқ англаб етишларига ёрдам беради.

Бундан ташқари миллий автоуловларимизни ишлаб чиқарувчи GM авто корхонаси ҳар бир фахрийга ҳеч қандай  навбатсиз, чегирма асосида автоулов сотиб олиш учун  сертификат тақдим этди. Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари Хаж сафарига имтиёзли равишда юборилишлари уларга катта бир туҳфа бўлди десак адашмаган бўламиз.

Бугун тарихда бўлиб ўтган воқеалардан ибрат олиб яшаш ва эртанги кун учун шулардан керакли хулоса чиқариш келажакда тўғри йўлдан адашмасликка ёрдам беради. Ватанимизнинг озодлиги, порлоқ келажаги учун жонини тикиб вафот этган юртдошларимиз хотираси асло унутилмайди, юртимиз мустақиллигини қўлга киритишда иштирок этганлар эса доимо қадрланади.

Халқ эркинлиги, мамлакат тинчлиги ва фаровонлиги учун курашган одамлар хотираси доим ёдда сақланади.

                                                       Қибрай тумани бош имом-хатиби  
                                                                        М.Миржалилов