Басимон келтирган ва солиҳ амалларни қилганларгина равзада хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Мақолалар / Мазҳаблар орасида закотнинг таърифи

Мазҳаблар орасида закотнинг таърифи

Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм

Ўн саккиз минг оламни яратган, инсонларни бахтли ва бахтсиз қиладиган, ўлдириб ва тирилтирадиган, кулдириб ва йиғлатадиган, бор қилиб ва йўқ этадиган, фақир ва бой қиладиган, зарар ва фойда берадиган Аллоҳга ҳамд бўлсин. Ул зот баъзи бандаларни яхшилик билан хослаган ҳамда уларнинг устидан бой ва беҳожат қиладиган неъматларини хохлаганича ёғдирган. Айримларга эса имтиҳон ва синовларни кўрсатиб, ризқда умидсизлик ва машаққатга солганича муҳтож қилган. Сўнг закотни исломнинг учинчи рукни этиб, у орқали бойларга молиявий ибодатни адо этиш ва камбағалларга моддий ёрдам олиш имконини яратиб берган Аллоҳ таолога беадад ҳамду-санолар бўлсин!

        Закот ҳақидаги илоҳий таълимотларни ўз умматларига англатиб, уни татбиқ қилиш йўлларини кўрсатиб берган ҳабиб Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо (соллаллоҳу алайҳи вассаллам)га энг пок салавоту-дурудлар бўлсин!

Закотнинг таърифи:

Закот сўзи луғатда – “ўсиш”, “зиёда бўлиш” ва “поклаш” деган маъноларни билдиради.

Закоти берилган молга барака киради, шунингдек, у кўпайиб, ўсади ва бало-офатлардан сақланади. Бунда ўсиш маъносини ўзида акс эттирган бўлади.

Закот берган кишининг моли покланади. Чунки закот бермаган кишининг моли ичида закотга ҳақдорларнинг моли аралашган мол сифатида нопок бўлиб туради. Қачон закотини берса, покланади, бўлмаса йўқ.

Ушбу закот сўзининг луғавий маъноларига Аллоҳ таолонинг қуйидаги ояти мисол бўлади:

قال الله تعالى : خُذْ مِنْ أَمْوَالِهِمْ صَدَقَةً تُطَهِّرُهُمْ وَتُزَكِّيهِمْ بِهَا

 “Уларнинг молларидан садақа (яъни, закот) ол. Бу билан уларни поклайсан, тозалайсан” (Тавба сураси 103-оят).

Демак, умумий маънода закот туфайли закот берувчи ўз молларига ҳақдорларнинг моли аралашиб қолишидан ва гуноҳларидан покланади ва унга ажр-савоб умид қилинади.

Закот сўзи шаръий истилоҳда – молдаги вожиб бўладиган ҳақдир.

Закотнинг таърифи ҳақида мазҳаб уламолари турлича баён қилишган.

Моликийлар закотга қуйидагича таъриф берганлар:

Ҳақдор кишига нисоби етган махсус молдан махсус жузни чиқаришдир. Агар у тўлиқ мулк бўлса ва бир йил тўлган бўлиб, аслий ҳожат ва маъдан бўлмаса”.

Шофеъийлар қуйидагича таъриф берганлар:

“Закот – махсус бир кўринишдаги мол ёки жонлиқдан чиқариладиган нарсанинг номидир”.

Ҳанбалийларнинг наздида қуйидагича таъриф берилган:

“Закот – махсус бир вақтда, махсус тоифалар учун ва махсус молдаги вожиб бўлган ҳақдир”.

Ҳанафийлар қуйидагича таъриф берганлар:

“Закот – махсус молдан шариатда тайин қилинган махсус жузни махсус шахсга Аллоҳнинг розилиги учун мулк қилиб беришдир”.

Энди ушбу Ҳанафийларнинг таърифларидаги истилоҳлар билан танишиб чиқсак:

Махсус мол – нисобга етган молдир.

Шариатда тайин қилинган махсус жузни – деган жумланинг маъноси шуки, чиқариладиган закотнинг миқдори шариатда кўрсатилган миқдорга тўғри келиши керак. Озгина садақа бериб, “шу закот” деб бўлмайди.

Махсус шахс” – “закот олишга ҳақли шахс” дегани.

Аллоҳни розилиги учун” деганда закотни ибодат нияти билан бериш кераклиги тушунилади.

Мулк қилиб бериш”, яъни ўша берилаётган мол олувчи кишига мулк бўлмагунича закот адо этилган ҳисобланмайди. Мисол учун, бир кишига “Мана шу уйда бир йил ўтириб туришинг сенга закот”, деб бўлмайди. Бунда мулк қилиб берилмаган бўлади.

Закотнинг ҳикмати шуки, одамлар орасида ризқ ва неъматлардаги тафовут яқинлашади, яъни бой ва фақирлар орасида ўзаро қисман тенглик юзага келади. Ва одамлар орасида ютуқ ва ўсишлар ҳосил бўлади. Аллоҳ таоло Қуръони Каримда:

قال الله تعالى : وَاللَّهُ فَضَّلَ بَعْضَكُمْ عَلَى بَعْضٍ فِي الرِّزْقِ

 “Аллоҳ ризқда баъзингизни баъзиларингиздан ортиқ қилди”, деган (Наҳл сураси 71-оят).

Яъни, албатта, Аллоҳ таоло ризқда баъзиларимизни баъзиларга нисбатан афзал қилди ва фақирлар, сўровчи ва бечораларга бойларнинг зиммасига миннат ва ихтиёрий бўлмаган фарз-вожиб бўлган ҳақни беришликка буюриб, Ўзининг Каломида:

قال الله تعالى : وَفِي أَمْوَالِهِمْ حَقٌّ لِلسَّائِلِ وَالْمَحْرُومِ

Ва молу мулкларида, сўровчи ва бечораларнинг ҳаққи бордир”, деб марҳамат қилади (Зарият сураси 19-оят).

Закотнинг фарз бўлишлиги, энг аввало, ана шу тафовутни муолажа қилишликнинг воситасидир. Шунингдек, инсонни молу дунёдан устун қилиш, инсон молу дунёнинг қули эмас, молу дунё инсоннинг қули эканини таъминлашдир.

قال الله تعالى : خُذْ مِنْ أَمْوَالِهِمْ صَدَقَةً تُطَهِّرُهُمْ وَتُزَكِّيهِمْ بِهَا وَصَلِّ عَلَيْهِمْ إِنَّ صَلَاتَكَ سَكَنٌ لَهُمْ وَاللَّهُ سَمِيعٌ عَلِيمٌ

 “(Эй Муҳаммад), сиз уларнинг молларидан бир қисмини ўзларини поклаб тозалайдиган садақа сифатида олинг ва уларнинг ҳақларига дуо қилинг. Албатта, сизнинг дуоингиз улар учун ором-осойишталик бўлур. Аллоҳ эшитгувчи, билгувчидир” (Тавба сураси 103-оят).

Закот бериш орқали жамиятдаги иқтисодий жиҳатдан бақувват барча кишилар бахиллик балосидан покланадилар. Қайси бир жамиятда, қай бир шахсда бахиллик бўлса, оқибати ёмон бўлиши ҳаммага маълум. Бу муаммони ҳал қилиш учун энг тўғри йўл ҳам закотдир.

Шу йўл билан жамиятдаги иқтисодий имкомияти бор ҳар бир шахс жамият фойдаси учун молу дунё сарфлашга ўз ихтиёри билан доимо тайёр турадиган бўлади.

Закот бериш Аллоҳ таоло берган неъматларига шукур қилиш ҳам демакдир. Демак, закот ибодати туфайли закот берувчи шахс ўзининг ихтиёридаги молу дунё Аллоҳ таоло томонидан берилган неъмат экани, у эса бу мол-дунёга вақтинчалик соҳиб бўлиб турганини тушуниб етади.

Закот берувчи закоти туфайли ўзининг молига кўз тегишлигидан ва гуноҳкор-жиноятчиларнинг қўлига тушиб қолишидан сақлайди. У ҳақда Пайғамбаримз соллаллоҳу алайҳи васаллам:

قَالَ رَسُولُ اللَّهِ صلى الله عليه وسلم :« وَحَصِّنُوا أَمْوَالَكُمْ بِالزَّكَاةِ ، دَاوُوا مَرْضَاكُمْ بِالصَّدَقَةِ ، وَأَعِدُّو ا لِلْبَلاَءِ الدُّعَاءَ ».

Молларингизни закот(бериш) ила сақланглар, касалларингизни садақа билан даволанглар ва дуо ила балолорни қайтаринглар” деганлар.

 

Ал-Фиқҳу алал-Мазоҳибил-арбаъа” ва Ислом фиқҳи ва унинг далиллари китоби асосида

Янгийўл тумани “Имоми Аъзам” жоме масжиди

имом ноиби Нуриддин Акромов тайёрлади