Басимон келтирган ва солиҳ амалларни қилганларгина равзада хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Мақолалар / Ким сукут сақласа, нажот топади

Ким сукут сақласа, нажот топади

Аллоҳ таоло инсонга кўпдан кўп неъматларини ато этган. Улуғ неъматлардан бири тил инсонга Аллоҳни зикр этиш, Қуръон тиловат қилиш, инсонларни тўғри йўлга чақириш ва Аллоҳ рози бўладиган ўринда ишлатиш учун берилган.

Тил – инсоннинг жисмонан кичик, аммо масъулият ва вазифа жиҳатидан эътиборга молик аъзосидир. Шунинг учун ҳам Қуръони Каримда Аллоҳ таоло уни миннат қилиб:

.أَلَمْ نَجْعَلْ لَهُ عَيْنَيْنِ  وَلِسَانًا وَشَفَتَيْنِ

яъни: “Ахир, Биз унга икки кўз, тил ва икки лаб пайдо қилмадикми?!” дейди (Балад сураси, 8-9 оятлар).

Шундай экан, тилнинг фойдаси билан бирга хатари ҳам жуда катта эканини унутмаслик лозим бўлади.

Шунинг учун шариатимиз сукут сақлаган кишини кўплаб жойларда мадҳ қилган ва сукут сақлашга тарғиб ҳам қилган.

Ҳадиси шарифда шундай дейилган:

عَنْ عَبْدِ اللهِ بْنِ عَمْروٍ قَالَ: قَالَ رَسُولُ الله صلى الله عليه وسلم: «مَنْ صَمَتَ نَجَا».

(رَوَاهُ التِّرْمِذِيُّ)

яъни, Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким сукут сақласа, нажот топади”, дедилар”. Термизий ривоят қилган.

Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Банданинг қалби тўғри бўлмагунча, унинг имони тўғри бўлмайди. Уни тили тўғри бўлмагунча, қалби ҳам тўғри бўлмайди. Унинг ёмонликларидан қўшниси омонда бўлмаган киши жаннатга кирмайди”, дедилар”. Имом Аҳмад ривоят қилган.

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Меърожга чиққанимда, мисдан бўлган тирноқлар билан юзлари ва кўксиларини тирнаётган бир қавмнинг олдидан ўтдим. Шунда мен: “Эй Жаброил, булар кимлар?” – дедим. У: “Булар (дунёда) одамларнинг гўштларини еб, уларнинг обрўларини тўкадиганлар”, деди”, дедилар. Абу Довуд ва Имом Аҳмад ривоят қилган.

Имом Қуртубий раҳматуллоҳи алайҳ: “Ғийбатнинг гуноҳи кабира эканида ихтилоф йўқдир, шунинг учун ғийбат қилган киши Аллоҳ азза ва жаллага тавба қилиши лозим”, деган.

Шунингдек, баъзи инсонларни ғийбат қилиш бошқа инсонларни ғийбат қилишдан кўра гуноҳи янада оғирроқ бўлади. Яъни, Аллоҳ таолонинг дўстлари бўлган уламоларни ғийбат қилишнинг гуноҳи жуда ҳам оғир бўлгани учун Ибн Асокир раҳимаҳуллоҳ:

لحوم العلماء مسمومة

“Уламоларнинг гўшти заҳарлидир!” – деганлар. Яъни, оддий одамларни ғийбат қилган инсон гуноҳи кабира орттиради, бу гуноҳининг жазосини охиратда, албатта, тотади. Ҳа, инсон заҳарланган гўштни еб ўлгани каби, уламоларни ғийбат қилган киши ҳам дунё ва охиратини барбод қилади.

Ғийбатнинг каффорати икки қисмдир. Афсус-надомат ва тавба қилса, Аллоҳнинг ҳаққини адо қилган бўлади. Кейин эса ғийбат қилинган одамни кўрганда ундан кечирим сўраши шарт. Зеро,  Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бизларни мана шу нарсадан огоҳлантириб, шундай деганлар:  “Кимнинг зиммасида бир биродарининг обрўси ёки молига тегишли бирор ҳаққи бўлса, динор ва дирҳамлар ўтмайдиган (қиёмат) куни келишидан олдин ҳаққини адо қилсин. Чунки у кунда бунинг ҳасаноти ҳақдорга олиб берилади. Агар ҳасанотлари бўлмаса, биродарининг гуноҳлари унинг гуноҳларига қўшиб қўйилади”. Муттафақун алайҳ.

Ашраф Али Таҳонавий раҳимаҳуллоҳ ғийбат ҳақида: “Аниқ гап шуки, ғийбат гуноҳи кабира. Агар бир ғийбатчидан азиятланиш ниҳоят даражада кам бўлса, у гуноҳи сағира бўлади”, деганлар. Яъни, ғийбат қилинган киши ўзи борасида қилинган ғийбатни эшитган чоғда хафа бўлмай, бепарво қараса, мазкур ғийбат гуноҳи сағира бўлади.

Абдуллоҳ ибн Муборак Суфёни Саврийга айтибдилар: “Абу Ҳанифа бунчалар ғийбатдан узоқ, ҳаттоки душманини ҳам ғийбат қилмайдия, чунки у киши ақлли, ўзидан ҳасанотни кетказишни хоҳламайдилар-да».

Инсон гапирдими хато қилиш эҳтимоли кўпаяди, кераксиз гап гуноҳ бўлиши тайин, демак, у иложи борича жим турса, фақат ўзига керакли ва савобли гапларни сўзласа, ана ўша одам нажот топади.

Ғийбат қилувчи киши золим, ғийбат қилинган эса мазлум бўлади. Аллоҳ таоло қиёмат куни банда билан банданинг ўртасига тушмайди ва ўз ҳолида қолдиради. Яъни, золимнинг савобидан мазлумга олиб берилади ёки мазлумнинг гуноҳларидан золимга юклатилади. Банда қиёмат куни ўзининг дунёда қилган яхши амалларини ўзга кишининг номаи аъмолида, айниқса, дунёда ўзи ёқтирмай, ўзи ғийбат қилган кишининг номаи аъмолида кўриши қанчалар аянчлидир.

 Пискент тумани бош имом-хатиби

Зайнилобиддинхон Қудратов