Басимон келтирган ва солиҳ амалларни қилганларгина равзада хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Мақолалар / Рўза ва унинг фазилатлари

Рўза ва унинг фазилатлари

Рўза араб тилида “Совм” деб аталади. Бу сўзнинг луғавий маъноси мутлақо бирор нарсадан ўзини тийиб туриш демакдир. Шаръий истилоҳда эса ният қилиб, тонг отгандан кун ботгунча еб-ичиш ва хотинига яқинлик қилишдан тийилиб туришга рўза дейилади.

“Рўза” сўзи бизга форс тилидан ўтган бўлиб, луғатда кун, кундалик, ризқ-рўз маъноларини билдиради. Яъни, Рамазон ойининг кундузи махсус ибодат қилинади, шу билан бирга бу ойда ризқ-рўз кенг бўлади.

Рўза тутишнинг жуда катта ва зарурий бўлган маънавий аҳамияти бор.

1) Рўза неъматларга шукр қилишга, неъматларнинг қадрини билишга васила бўлади. Чунки, нафс ейиш, ичиш ва жимоъдан ўзини тияди. Бу учови эса дунёвий неъматларнинг энг улуғларидандир. Улардан бир неча муддат тийилиб туриш, неъматларнинг қадрини яққол кўрсатади, чунки, одатда неъмат йўқолганда билинади. Неъматларнинг қазоси шукр билан бўлади. Неъматларга шукр қилиш эса фарздир. Бунга рўза ҳақидаги оятда Аллоҳ таоло ишора қилган: “Шоядки, сизлар шукр қилсангизлар!”. (Бақара сураси, 185-оят)

2) Рўза тақвога ҳам василадир. Чунки, нафс рўза сабабли ҳалол нарсалардан тийилиб туради, ўзини асрайди. Бунинг сабаби у Аллоҳнинг розилигини топмоқчи, аламли азоблардан сақланмоқчидир. Бу билан ўз-ўзидан ҳаромлардан, Аллоҳ манъ қилган нарсалардан сақланиш келиб чиқиши табиийдир. Зотан, ҳаромлардан сақланиш ҳам фарздир. Бунга Парвардигори оламнинг Ўзи рўза оятида ишора қилган: “Шоядки, сизлар тақво қилсангизлар!”. (Бақара сураси, 183-оят)

3) Рўза нафсга қаҳр қилиш, шаҳватларни синдириш воситасидир. Чунки, нафс қанчалик тўқ бўлса, шунчалик қутуради, шаҳватларни хоҳлайди. У оч бўлса, нафси-ҳавосининг попуги пасаяди. Шунинг учун ҳам Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай деганлар: “Сизлардан кимки зинодан қўрқса, бас, рўза тутсин!”. Яъни, ким зино қилиб қўйишдан ўзини тия олмаслигидан қўрқса, рўза тутсин.

4) Рўза шайтонга ҳам қаҳр қилиш воситасидир. Зотан, шайтоннинг иши адаштириш, шаҳватларга ёрдам бериш ва ундашдир. Адашиш ва шаҳватга берилишнинг асли кўп таом ейиш эканлигига шубҳа йўқ. Шунинг учун ҳам Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Шайтон одам болаларининг қон юрадиган жойларида юради, бас, унинг йўлини очлик билан торайтиринг!”, деганлар.

5) Рўза камбағал ва мискинларга ёрдам беришга бир василадир. Зотан, рўзадор ўзида очлик ва чанқоқликни сезар экан, ўзгаларнинг очлик ва чанқоқлигига аҳамият беради ва уларга ёрдам бергиси, дардларига шерик бўлгиси келади. Шу билан Аллоҳ таолонинг раҳматига эришишни кўзлайди.

Бундан ташқари рўза тутишнинг инсон соғлиги учун ҳам жуда кўп фойдалари борлигини тиббиёт олимлари таъкидламоқдалар.

Дин душманлари рўза инсон соғлиғи учун кони зарар деб қанчалик оламга жар солмасинлар, тиб олимлари, ҳақиқий илм кишилари рўзанинг  кони фойда эканлигини таъкидламоқдалар, исбот қилмоқдалар. Жумладан, “Ҳадис ва ҳаёт” китобида рўза инсоннинг соғлигига фойда бўлишини қуйидаги жиҳатларда кўрсатилган:

  1. Рўза инсондаги касалликларга қарши қобилият (иммунитет)ни кучайтиради. Чунки, рўза тутган одамда ушбу мақсадга хизмат қилувчи ҳужайралар ўн марта кўпайиши илмий равишда собит бўлган.

  2. Рўза тутган одамда семизликка қарши монеълик пайдо бўлади. Рўзадор руҳий изтироблардан ҳам сақланади.

  3. Рўза буйракда тошлар йиғилишидан сақлайди. Чунки, рўза тутган одамнинг қонида сода кўпайиб, калий тузлари тўпланишини ман қилади. Шунингдек, рўзадор пешобида пешоб йўлларидаги тузларни тўпланиб қолишини йўқотадиган модда кўпайиши ҳам илмий равишда исбот этилган.

  4. Рўза инсон жисмини унинг тўқималарида тўпланиб қоладиган заҳарли моддалардан тозалашга ёрдам беради.

  5. Рўза жинсий майлнинг кучини қирқади. Бу, айниқса, ёшлар учун жуда фойдали бўлиб, жисмни турли асабий ва жисмоний изтироблардан сақлайди.

Ҳозирги кунда рўза кўплаб беморликларни даволашда қўл келмоқда:

  1. Семизликдан келиб чиқадиган қон томирларининг торайиши, қон босимининг ортиши ва баъзи юрак касалликларини даволашда.

  2. Қон айланишига оид касалликларни даволашда.
  3. Бўғинларнинг сурункали шишини даволашда.

Умуман, ичак касалликлари, жигар, сариқ, бавосил, бронхит, бронхиал астма, аллергия, экзема, қанд, саратон, тутқаноқ, склероз, ўпка касалликлари, камқонлик каби касалликларга рўзанинг жуда фойдали эканлигини илмий равишда тиббиёт олимлари исбот қилганлар.

Шуни билмоқ керакки, аслида рўзани биз мусулмонлар касалликларга фойдали бўлгани учун эмас, балки Аллоҳ таоло буюргани учун, унинг розилиги учун тутамиз.

Аллоҳ таоло кириб келган бу муборак ойни барчамизга қутлуғ қилсин. Рамазон рўзасини тўлиқ тутиб, гуноҳларимиздан фориғ бўлган ҳолатда чиқмоқликни барчамизга Яратганнинг Ўзи насиб айласин!

                                Нусратуллаев Абдулбосит
                                       Оҳангарон тумани “Абдуқаҳҳор Махсум”
                                                 жоме масжиди имом-хатиби