Басимон келтирган ва солиҳ амалларни
қилганларгина равзада 
хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Ислом тарихи / Олам Муҳаммад алайҳиссаломга мухтож – 1

Олам Муҳаммад алайҳиссаломга мухтож – 1

Суюкли пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг оламларга раҳмат бўлиб кетганини нафақат мусулмонлар, ҳатто мусулмон бўлмаган, дунё тан олган инсофли буюк мутафаккирлар ҳам эътироф қилганлар. Қуйида сизларга шулардан баъзиларининг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳақларида айтган илиқ фикрларини  тақдим қиламан:

МУҲАММАД – ИНСОНЛАР УЧУН ОЛИЙ НАМУНАДИР

Мен тарихдан инсонлар учун олий намуна бўладиган кишини изладим ва араб пайғамбари Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламни топдим. Биз – Европа аҳли барча тушунчамиз (яъни, илмимиз) билан ҳануз Муҳаммад етган нарсага етганимиз йўқ. Ҳали-бери бирор киши ундан ўтмайди ҳам. Муҳаммад – Инсонлар учун олий намунадир.

Гёте.(Иога́нн Во́льфганг фон Гёте) (1749–1832) – машҳур немис шоири, давлат арбоби ва донишманди. Романтик адабиётининг ёрқин намояндаси Гете кўплаб шеърлар қатори бир нечта драма, трагедия ва шеърий романлар муаллифи ҳамдир. Дунёга машҳур “Фауст” трагедияси унинг аниқ фанлар ва сиёсатга алоқадор, ахлоқий ва фалсафий қарашлари, халқпарварлик ғоялари жамланган асари саналади.

МУҲАММАД ВА БАШАРИЯТ АҚЛИНИНГ ТАРАҚҚИЙ ЭТИШИ

Муҳаммад Масиҳдан беш юз етмиш йил кейин зоҳир бўлди. Унинг вазифаси аввалги усулларни сингдириб, ягона илоҳга ва бу ҳаётдан сўнг яна ҳаёт борлигига башариятни эътиқод қилишга қайтаришлик ила уларнинг ақлини фазилатли ахлоқларга ўстириш эди.

Исломий фикр оламда жуда катта тараққиётни пайдо қилди. Башарият ақлини коҳинлар ҳузуридаги ҳайкалларга асир бўлиш кишанидан халос қилди. Дарҳақиқат, Муҳаммад ибодатхонадаги барча суратларни ўчириши ва илоҳликка тимсол бўлувчи нарсаларни бекор қилиши билан инсоният фикрини қўпол ва бузуқ ақидадан ҳоли қилишга эришди.

Мистер Санкс. Америка (1831–1883) – америкалик шарқшунос олим. Унинг энг машҳур китоби “Арабларнинг дини” деб номланиб, унда у Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам сиймосига жуда ижобий баҳолар беради.

БУ КИШИ ҲАР ТАРАФЛАМА ЛОЛ ҚОЛДИРДИ

Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг диний табиати кучли ихлосининг намоён бўлиши билан мақсади пок бўлган ҳар бир тадқиқотчини лол қолдиради. Дарҳақиқат, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам мустаҳкам ақида соҳиби эди. Кўпчилик инсонлар танимаганликлари сабабидан у кишининг ҳаққини камситишди.

У киши ҳаёти дақиқ нуқтасигача ўрганилган нодир ислоҳ қилувчилардандир. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам гўзал ахлоқ, чиройли муомала, ширинсўз, тўғри ҳукм чиқарувчи ва ростгўй эдилар. У кишининг асосий сифатлари тўғри ҳукм қилиш ва рост сўзлиги ҳамда айтган сўзи ва қилган ишига тўлиқ қаноат қилишидир.

Мен билган таниқли ислоҳ қилувчиларнинг орасида Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга ўхшаган кишининг топилиши жуда нодирдир. Жамиятни поклаш ва ахлоқларни тузатишдан иборат у киши амалга оширган ишларни қилган киши инсониятга яхшилик қилувчиларнинг энг буюги, деб ҳисобланиши мумкин.

Котиб Эдвард Монте (1856–1927) – француз шарқшуноси, Женева шарқ тиллари университети профессори. Ислом дини тарихи билан шуғулланиб, Қуръони Каримни ўрганиб чиққан ҳамда шу асосда жуда кўп илмий тадқиқотлар олиб борган.

Қудратуллоҳ Сидиқметов таржимаси