Басимон келтирган ва солиҳ амалларни
қилганларгина равзада 
хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Мақолалар / ЁШЛАР ТАРБИЯСИ – КЕЛАЖАК МЕВАСИ

ЁШЛАР ТАРБИЯСИ – КЕЛАЖАК МЕВАСИ

Рамазон ҳикматлари

Рамазон – тоат-ибодат, хайру саховат ойи бўлиши баробарида, тарбия мавсуми ҳамдир. Бу ойда сўзда эмас, балки кўпроқ амалда, яъни юриш-туришимизда, ўзаро муомаламизда – хуллас, барча жабҳада навқирон авлод вакилларига ибрат бўлишимиз  керак. Чунки баъзан сўз билан айтилган панду насиҳатдан кўра кўпроқ амалда намуна бўлиш яхши самара беради.

Башарият яралибдики, тарбия масаласининг долзарблиги ҳеч қачон кун тартибидан тушмаган. Муқаддас динимизда ҳам тарбияга катта эътибор қаратилади, алоҳида урғу берилади. Роғиб Асфаҳоний таърифлаганидек, тарбия – инсоннинг диний, фикрий ва ахлоқий қувватларини уйғунлик ҳамда мувозанат ила ўстиришдир.

Исломда фарзанд тарбияси ота‑онанинг энг масъулиятли ва узоқ давом этадиган бурчларидандир. Зотан, ота‑онанинг фарзанд неъматига ҳақиқий шукри ҳам айнан тарбия масъулиятини шараф билан тўғри адо этиш орқали юзага чиқади. Амалий шукр – берилган неъматни неъмат берувчи Зотни рози қиладиган тарзда тасарруф қилишдир. Бинобарин, фарзанд неъматига амалий шукр қилиш ўша фарзандни Аллоҳ таолога итоат қиладиган банда қилиб тарбиялаш орқали амалга оширилади.

Қуръони каримда одамзотни тарбияга чорлайдиган оятлар кўп. Хусусан, Луқмони Ҳакимнинг ўғлига қилган насиҳати келтирилган оятлар тарбиянинг олий намунаси, инсоннинг зурриёти олдидаги бурчи ва фарзанднинг отасидаги ҳаққи ҳақида баён қилади: «(Луқмон яна деди): «Эй ўғилчам! Шубҳа йўқки, агар хантал (ўсимлигининг) уруғидек (яхши ёки ёмон амал қилинадиган) бўлса, бас, у (амал) бирор харсанг тош ичида ё осмонларда ёки ер остида бўлса, ўшани ҳам Аллоҳ келтирур. Зеро, Аллоҳ лутфли ва огоҳ зотдир. Эй ўғилчам! Намозни баркамол адо эт, яхшиликка буюр ва ёмонликдан қайтар ҳамда ўзингга етган (балолар)га сабр қил! Албатта, мана шу пухта ишлардандир. Одамларга (кибрланиб) юзингни буриштирмагин ва ерда керилиб юрмагин! Чунки Аллоҳ барча кибрли, мақтанчоқ кимсаларни суймас. (Юрганингда) ўртаҳол юргин ва овозингни паст қилгин!» (Луқмон сураси, 16–19-оятлар).

Тарбия инсон камолотининг асосидир. Бизда фарзанд тарбияси ҳар бир оила учун асосий вазифа бўлиб келган. Қадимдан халқимиз тарбияга алоҳида эътибор қаратган. Бежиз “Бир болага етти маҳалла ота-она”, дейилмайди. 

Халқимиз турмуш тарзига, ҳаётига ислом динининг фазилатлари сингиб кетгани ҳеч кимга сир эмас. Оддий қилиб айтганда, ўзбек халқи болам, деб яшайди. Шунинг ўзи, бирон биримиз фарзандларимиз келадаги учун бефарқ эмаслигимиздан далолат беради.

Фарзандларимизнинг қулоғига устозга эҳтиром кўрсатиш, иззатлаш, ҳурмат қилишни ҳам қуйиб боришимиз керак. Аллоҳ таоло Қуръони каримда: «У (Аллоҳ) омилар (саводсиз кишилар) орасига ўзларидан бўлган, уларга (Унинг) оятларини тиловат қиладиган, уларни (ширк ва жаҳолатдан) поклайдиган ҳамда уларга Китоб (Қуръон) ва Ҳикмат (Ҳадис)ни ўргатадиган (бир) пайғамбарни (Муҳаммадни) юборган зотдир. Ҳақиқатан, (улар пайғамбар келишидан) илгари аниқ залолатда эдилар» (Жумъа сураси, 2-оят), деб марҳамат қилинган.

Ҳадиси шарифда: “Аллоҳ мени қийновчи ва қийинлаштирувчи қилиб эмас, балки муаллим ва осонлаштирувчи қилиб юборди”, дейилган (Имом Муслим ривояти).

Бугун фарзандларимизга Имом Қатода раҳимаҳуллоҳнинг бир туя китобни ёд олганини, Имом Шаъбийнинг: “Оқ нарсага ёзилган ҳар бир нарсани ёд олдим”, деган сўзини, Ашраф Али Таҳонавийнинг қисқа умри давомида бир ярим минг китоб ёзганини, Ибн Рушд умри давомида икки кеча: уйланган ва отаси вафот этган кеча китоб ўқий олмаганини бот-бот эслатиб туришимиз зарур. Шундагина улар устозлар не-не машаққатлар билан шу даражага етишганиин англайдилар ва уларни ҳурмат қилишни ўрганадилар.

Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам одамларга эзгулик ва яхшиликни ўргатадиган кишиларни мақтаб, бундай деганлар: Албатта, Аллоҳ таоло, Унинг фаришталари, осмонлару ер аҳли, инидаги чумоли,  ҳаттоки денгиздаги балиқ ҳам одамларга яхшиликни таълим берувчининг ҳаққига  дуо қиладилар (Имом Термизий ривояти).

Абу Ҳанифа Нўъмон ибн Собит шогирдлари билан кетаётган эди. Йўлдан чўпон подани ҳайдаб ўтиб қолди. Шунда Абу Ҳанифа отдан тушиб, чўпонга салом бериб, тавозе кўрсатди. Чўпон кетгач, шогирдлари: “Устоз, сиз Куфада, Басрада донғи кетган олимсиз, оддий чўпонга бунчалик тавозе кўрсатишингизнинг боси недир?” дейишди. Абу Ҳанифа: “Бу чўпондан ҳайвонлар ҳақида савол сўрагандим. У менга устозлик қилган эди. Муаллимга тавозе кўрсатиш гўзал фазилатдир”, дедилар.

Дарвоқе, бола одоби билан, устозга эҳтироми билан элда азиз. Шундай экан, фарзандимиз элда азиз бўлишини истасак, унга одоб, ахлоқ ўргатайлик.

Жасурбек домла РАУПОВ,

Тошкент вилояти бош имом-хатиби

[carousel-horizontal-posts-content-slider]