Басимон келтирган ва солиҳ амалларни
қилганларгина равзада 
хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Мақолалар / Ризқ ва касб

Ризқ ва касб

Аллоҳ таоло барча жонзотларнинг ризқини тақсимлаб қўйган. Ҳеч ким белгиланган ризқдан ортиғини ололмайди. Бу борада Ҳазрат Сўфи Аллоҳёр бундай деган:

“Қидирғон бирла ризқинг қатрат ошмас,

Кетар қадринг, қадар данҳаргиз ошмас”.

Яъни, мол-дунё орқасидан ҳар қанча юрган билан ризқ кўпаймайди. Ҳар қанча излаган билан ризқ миқдори ошмайди. Лекин халқ олдида иззату ҳурмат, қадр кетади. Муаммонинг асл негизи ҳам шунда, баъзилар: “Ризқ тақдирда белгилаб қўйилган бўлса, касбнинг нима кераги бор?” дейишади. Бошқалар эса: “Аллоҳ ризқимизни беради”, дея танбаллик қилишади. Умар розияллоҳу анҳу: “Яратган ризқ беради, деб касбдан қўлларингизни тортманглар. Аллоҳ таоло тилла тангани осмондан ёғдирмайди”, деган. Ризқни Аллоҳ яратади, инсон эса касби ва меҳнати орқали уни насиб қилганича олади.

 “Ризқ” сўзи луғатда “улуш”, “инъом” каби маъноларини англатади. Истилоҳда Аллоҳ таоло жонзотларга етказган ва улар истеъмол қилган нарса ризқдир. Бошқа таърифда: “Жонзотлар манфаат олган дунё ва охиратга оид барча нарса ризқ”, дейилган. Қуръони каримда бундай марҳамат қилинади: “Ерда ўрмаловчи бирор нарса (жонзот) йўқки, унинг ризқи (таъминоти) Аллоҳнинг зиммасида бўлмаса! (У) унинг қароргоҳини ҳам, оромгоҳини ҳам билур.  Ҳаммаси аниқ Китоб (Лавҳул-маҳфуз) да (ёзилган) дир” (Ҳуд сураси 6-оят).

Одамлар истеъмол қилган барча нарса ризқ ҳисобланади. У ҳалол ёки ҳаром бўлишининг фарқи йўқ. Шу ўринда =ақли бир савол туғилади. Ризқ Аллоҳ таоло томонидан ато қилинса, уни ҳаром дейиш мумкинми? Берилган насибани шариатга мувофиқ бўлмаган йўл билан қўлга киритиш ҳаромдир. Инсон ҳалолни қўйиб, ҳаромни танлагани учун жазоланади. Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: “Эй одамлар, ердаги ҳалол-пок нарсалардан тановул қилингиз”(Бақара сураси, 168-оят). Бошқа оятда эса бундай дейилади:  “Эй, имон келтирганлар! Аллоҳгагина ибодат қилувчи бўлсангиз, сизларга Биз ризқ қилиб берган покиза нарсалардан еб, Унга шукр қилингиз!”(Бақара сураси, 172 оят).

Банда шайтон ва нафсига эргашиб, ризқни ҳаром йўл билан топишга уринса ҳам, Аллоҳ таоло бераверади. Лекин Яратганнинг буйруғини бажармагани ва ман этилган йўлни танлагани учун гуноҳкор бўлади.

“Касб” сўзи луғатда “қўлга киритиш”, “меҳнат билан маблағ топиш” каби маъноларни ифода этади. Уламолар истилоҳида эса мақсадга етиш учун сай-ҳаракат қилишга “касб” дейилади. Ибн Аббос розияллоҳу анҳу айтади: “Ҳалол касб қилиш тоғни тоққа кўчириб ўтишдан қийинроқдир”.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Касбларнинг яхшиси қўл меҳнати билан қилинадиган касбдир,  агар у холис бўлса”, деганлар (Имом Аҳмад ривояти).

Абу Нуайм Асфахоний “Ҳулятул авлиё” асарида бундай ёзади: “Аллоҳ таолонинг йўли ўн қисмдан иборат. Ундан тўққизтаси ҳалол ризқни талаб қилишда, бир қисми эса бошқа ишлардадир. Мўминга лойиқ ва муносиби шуки, ҳалол молни талаб қилади ва ҳаром, шубҳали нарсадан тийилади”.

Пайғамбарлар ҳам ризқларини меҳнат қилиб топишган. Ривоятларга кўра, Одам алайҳиссалом деҳқон, Идрис алайҳиссалом тикувчи ва хаттот, Нуҳ ва Закариё алайҳимассаломлар дурадгор, Ҳуд, Солиҳ, Шуъайб алайҳимуссалом тижоратчи, Иброҳим алайҳис салом баззоз (мато сотувчи), Мусо алайҳиссалом чўпон, Довуд алайҳиссалом темирчи бўлишган. Сулаймон алайҳиссалом хурмо дарахти баргларидан сават тўқиган. Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам тижоратчилик, ёшликларида эса чўпонлик қилганлар. Пайғамбарларнинг барчалари ўз касблари ва меҳнатлари билан рўзғор тебратишган. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳ юборган ҳар бир набий қўй боққан”, дедилар. “Сиз-чи?” дейишди саҳобалар. “Ҳа, чақалар эвазига Макка аҳлининг қўйларини боққанман”, дедилар”. Бошқа ҳадисда: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ҳеч ким ўз қўли билан топган ризқдан кўра лаззатлироқ таом емаган.  Аллоҳнинг пайғамбари Довуд (алайҳиссалом) ҳам ўз қўллари билан тирикчилик қилган”, деганлар (Имом Бухорий ривояти).

Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ҳалол касб қилиш фарздан кейинги фарздир”, дедилар” (Имом Байҳақий ривояти). Ҳадиси шарифда ҳалол ризқ талаб қилиш Ислом арконларидан кейинги фарз экани баён қилинди.

Бир киши Абдуллоҳ ибн Муборак раҳматуллоҳи алайҳни тушида кўрди. У зотдан: “Аллоҳ сизга қандай муомала қилди?”-  деб сўради. Абдуллоҳ ибн Муборак раҳматуллоҳи алайҳ: “Яратган мени мағфират қилди, фазлига олиб улкан марҳамат кўрсатди. Лекин менга уйимнинг рўпарасидаги темирчига берилган мақом насиб этмади”, – деб жавоб берди. Киши уйғонгач, темирчининг бундай даражага қандай эришганини ўйлаб қолди.  Суриштириб унинг уйини топди. Темирчининг хотинига тушини айтиб берди ва ундан: “Эрингизнинг қандай амали бор эди?” – деб сўради. Аёл бундай жавоб берди: “Эрим темирчи эди, кун бўйи ишлар, кечаси эса ухларди. Кечаси Абдуллоҳ ибн Муборакнинг таҳажжуд ўқишига ҳаваси келиб: “Биз ҳам бой бўлганимизда, туни билан таҳажжуд ўқирдик”, – дерди. У иш вақтида азонни эшитса, болғасини тепага кўтарган бўлса ҳам урмасди. Ўша заҳоти болғасини тушириб: “Азонни эшитганимдан кейин менга болғани ушлаб туриш ярашмайди”, – дея масжидга кетарди”. Темирчи ҳалол ризқ талабида эди. Азон эшитилиб, биринчи ва иккинчи даражали фарз тенг келиб қолганда юқорисини устун қўйиб, Раббининг ҳузурида олий мақомга эришди.

Ҳаром, шубҳали йўллар билан топилган мол фитна-фасод ва турли бало-қазоларга сабаб бўлади. Бундай бойлик орттириш дунёда таъна-маломатлар, охиратда эса аламли азобга сабаб бўлади. Ибн Шабрама розияллоҳу анҳу айтади: “Ажабо, шундай кишилар борки, касалликдан қўрқиб ҳалолдан тийилади. Лекин дўзахдан қўрқиб ҳаромдан сақланмайдилар”.

Абу Лайс Самарқандий айтади: “Ким касби ҳалол бўлишини истаса, беш нарсани маҳкам тутиши керак. Жумладан, касб туфайли фарзларни ортга сурмаслиги,  Аллоҳ таолонинг махлуқотларига озор бермаслиги, ўзини ортиқча машаққатга қўймаслиги, аҳли аёлнинг иффатини сақлашни ният қилиши ва ризқ Аллоҳ таолодан эканига ишониши талаб этилади”.

Муҳаммад Жабалрудий айтади: Эй ўғлим, ҳунарсиз, дангаса ва ишёқмас кишилар билан улфат бўлма! Уларнинг зарари сенга ҳам етади. Дангасалар ишламасдан катта ейиш ва яхши кийинишни ўйлайдилар”.

Аллоҳ таоло ҳалол касб билан ризқ топишимизни, бу билан икки дунёда иззатланишимизни насиб этсин.

 Обиджон МИРҲАМИДОВ
Қибрай туманидаги“Саъдулла ота”
жоме
масжиди имом-хатиби

Fikr bildirish

E-pochta manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy ma'lumotlar * bilan belgilangan