Басимон келтирган ва солиҳ амалларни
қилганларгина равзада 
хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Мақолалар / РАМАЗОНИМ КЕТМОҚДА…

РАМАЗОНИМ КЕТМОҚДА…

Охирги кунлар ҳам яқинлашиб қолди… Субҳаналлоҳ!..

Мана гўзал ва муборак ой яна ўз поёнига етиб қолди. У жуда тез ўтиб кетди, сездингизми?!

Рамазоннинг охирги кунлари!… Энг бетакрор, энг тароватли ва ҳаяжонли!

Ибодатларга жидду жаҳд қиладиган, сабот ва матонат кўрсатадиган фурсатлар келди!

? БЕЛНИ МАҲКАМ БОҒЛАЙМИЗ!

? НАФСИМИЗНИ ЕНГАМИЗ!

? ШАЙТОНИЙ ЎЙ-ХАЁЛЛАР, ИШЛАРНИ КИШАНЛАЙМИЗ!

? ДИҚҚАТИМИЗНИ ЖАМЛАБ, МАҚСАДЛАРИМИЗНИ АНИҚ БЕЛГИЛАБ ОЛАМИЗ!

? ДУОЛАРНИ КЎПАЙТИРАМИЗ, ТИЛИМИЗНИ ФАҚАТ АЛЛОҲНИНГ ЗИКРИЮ ИСТИҒФОРЛАР, САЛОВАТЛАР БИЛАН МАШҒУЛ ҚИЛАМИЗ!

? АЛЛОҲНИНГ КАЛОМИНИ ТИЛОВАТ ҚИЛИБ, ХАЙРУ БАРАКОТЛАР СЎРАЙМИЗ!

Зеро, Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам қачон (охирги) ўнлик кирса, белни маҳкам боғлаб, кечани тирилтирар ва аҳлларини уйғотар эдилар» (Бешовлари ривоят қилишган).

Ҳафиз ибн Касир роҳимаҳуллоҳ айтадилар: “Кўпчилик ҳадислар Зулҳижжа ойининг дастлабки ўн куни йилнинг бошқа кунларидан ва Рамазоннинг охирги ўн кунидан ҳам афзалдир. Лекин Рамазоннинг охирги ўн кечаси йилнинг бошқа кечаларидан яхшироқдир, чунки унда минг ойданда яхшироқ Лайлатул Қадр бор” (Тафсир ибн Касир 5/412).

Бугун ўзимизга бир савол билан мурожаат қилиб кўрайликчи:

Рамазон бошланишидан олдин қўйган мақсадларимизнинг ҳаммасини бажаришга улгурдикми?

Ибодатларда янада кўпроқ жидду жаҳд қилишим мумкинми?

Ҳеч нарсани унутиб қўймадимми (хайрли ишлар, садақа, силаи раҳим ва ҳоказо)?

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:Сизга муборак Рамазон ойи келди. Аллоҳ азза ва жалла сизга унинг рўзасини тутмоқни фарз қилди. Унда осмонларнинг эшиклари очилур. Унда жаҳаннамнинг эшиклари ёпилур. Унда ўзбошимча шайтонлар кишанланур. Унда Аллоҳнинг бир кечаси бўлиб, у минг кечадан яхшидир. Ким у кечанинг яхшилигидан маҳрум бўлса, батаҳқиқ, маҳрум бўлибди», дедилар” (Насаий ва Байҳақий ривоят қилганлар).

Бошқа бир ҳадисда: “Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилинади. У зотга ўзларидан олдинги одамларнинг умрлари кўрсатилди ёки шунга ўхшаш Аллоҳ хоҳлаган нарсаларни. Бас, у зот худди умматларининг умрларини қисқа, бошқалар умрлари узунлиги ила етган амалларга ета олмайдиган деб билганга ўхшадилар. Шунда Аллоҳ у зотга Лайлатул Қадрни минг ойдан яхши қилиб берди” (Имом Молик ривоят қилган).

Азизлар, ғанимат онларлан унумли фойдаланайлик, файзи улуғ кечанинг хайр баракотларидан маҳрум бўлиб қолмайлик! Аллоҳ таоло барчамизга Қадрни топишни муяссар қилсин!

Бекобод тумани “Амир Ҳамза” жоме масжиди

имом-хатиби Абдулаҳад Саиджахонов

[carousel-horizontal-posts-content-slider]