Басимон келтирган ва солиҳ амалларни
қилганларгина равзада 
хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Ҳадис / Суннатга эргашиш – нажот йўлидир

Суннатга эргашиш – нажот йўлидир

Ҳозирги кунда баъзи тоифалар пайдо бўлиб, мусулмонларни тафриқага солиш истагида бўлишмоқда. Улар ўзларини маълум исмлар ила номлаб олиб, “Қуръон турганида суннатга ҳожат йўқ”, дея бузғунчиликлар қилмоқда. Бу ақли қосирлар суннат амаллар аҳамиятини ўзлари билмаганлари етмаганидек, бошқаларга ҳам бу бузуқ ақидаларини сингдиришмоқчи бўлишмоқда. Шу сабабли Суннат ҳақида, унинг аҳамияти, фазилатлари ҳақида кичкинагина  мақола ёзишга аҳд қилинди, Аллоҳ манфаатли қилсин.

Суннат – шариати Исломдаги иккинчи масдар манба бўлиб, Аллоҳ китобида ворид бўлган фарзлар ва омматан оятлар шарҳловчисидир.  Мана шу сабабли бу масдардан холи бўлиш, яъни “Суннат шарт эмас, Қуръон кифоя”, деб айтиш ножоиздир. Зеро, Қуръони каримни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам суннатлари  шарҳлаб, тушунтириб беради.

Аҳли ҳадислар истилоҳида суннат – Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга нисбат бериладиган ҳар бир сўз, феъл, тақрир, халқий ёки хулқий сифатлардир. Яъни, у зот алайҳиссаломнинг айтган сўзлари, қилган ишлари, бирон иш ҳақида айтилганида инкор қилмаганлари, кўринишлари, муомалотларининг барчаси суннатдир.

Фақиҳлар наздида эса, суннат – фарз ва вожиб муқобиласида бўлиб, мустаҳаб ва мандуб маъносида бўладиган амаллар ҳисобланади. Бу Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳар бир қилган, ёки бажаришга тарғиб қилган ишларидир. Ва бажаришни лозим тариқасида эмас, истиҳбоб ва мандуб маъносида тарғиб қилган амаллардир.

قال تعالى :يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُواْ أَطِيعُواْ اللّهَ وَأَطِيعُواْ الرَّسُولَ وَأُوْلِي الأَمْرِ مِنكُمْ فَإِن تَنَازَعْتُمْ فِي شَيْءٍ فَرُدُّوهُ إِلَى اللّهِ وَالرَّسُولِ إِن كُنتُمْ تُؤْمِنُونَ بِاللّهِ وَالْيَوْمِ الآخِرِ ذَلِكَ خَيْرٌ وَأَحْسَنُ تَأْوِيلاً   النساء  59

“Эй иймон келтирганлар! Аллоҳга итоат қилинг, Пайғамбарга  ва ўзингиздан бўлган ишбошиларга итоат қилинг. Бирор нарсада тортишиб қолсангиз, агар Аллоҳ ва оҳират кунига иймон келтирган бўлсангиз, уни Аллоҳга ва Пайғамбарга қайтаринг. Ана шундай қилиш  хайрли ва оқибати яхшидир.(Нисо сураси, 59-оят).

Аллоҳга  ва Унинг Расулига итоат қилиш ҳақидаги ушбу оят,  Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатлари қадри қанчалик баландлиги ва аҳамияти қанчалар муҳимлигига далолат қилади. Зеро, Аллоҳ таоло “Аллоҳга (Унинг каломи Қуръонга) гина итоат қилинг”, деб марҳамат қилмади, балки, Аллоҳга ва  Унинг Расулига, яъни, Қуръонга ва Суннатга итоат қилишни буюрди.

عن عبد الله بن مسعود قال : قال رسول الله صلى الله عليه وسلم : » نضر الله امرءًا سمع مقالتي فوعاها وحفظها وبلغها فرب حامل فقه إلى من هو أفقه منه».  رواه الترمذي

Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Мендан бир сўзни эшитиб, ёдлаб, сингдириб, бошқагаетказган кишини Аллоҳ ярлақасин! Кўпинча, етказгувчидан етувчи балиғроқ бўлади», – деб айтдилар”.
Термизий ривоят қилган.

Улуғ алломаларимиз китобларининг кириш қисмида келтирадиган ушбу ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам суннатларини ёдлаш, сингдириб олиш, бошқаларга ҳам етказишнинг қанчалик аҳамиятли ишлигини, бу кишини Аллоҳ мағфират қилишини, бошқаларга етказилганида улар орасида янада гўзалроқ ва балиғроқ етказувчилар бўлиши мумкинлиги айтилмоқда. Ҳаа, суннатнинг аҳамияти мана шундайин улуғдир.

Суннатуллоҳ Абдулбосит

[carousel-horizontal-posts-content-slider]