Басимон келтирган ва солиҳ амалларни
қилганларгина равзада 
хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Мақолалар / Тўй – миллий қадриятимиз

Тўй – миллий қадриятимиз

1998 йил 28 октябрдаги “Тўй-ҳашамлар, оилавий тантаналар, марака маросимлари, марҳумлар хотирасига бағишланган тадбирларни тартибга солиш тўғрисида”ги Фармон, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1999 йил 19 апрелдаги қарори билан тасдиқланган “Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ҳузуридаги Яраштириш комиссиялари тўғрисида низом” ва Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг 2002 йил 28 декабрда қайта ишланган “Тўй, маросим ва маъракаларни меъёрида ўтказиш ҳақида фатво”си фаолиятимизда дастуриламал бўлмоқда.

Ушбу фармон ва қарорларнинг мазмун-моҳиятини аҳоли орасида кенг тарғиб қилганимиз, ташвиқот ишларида таъсирчан усуллардан фойдаланганимиз туфайли тўйдан олдинги ва кейинги кўплаб тадбирлардан воз кечилди. Мақсадимиз “Қиз базми”, “Чорлар” сингари одатларни ҳам тартибга солиш, яъни ушбу тадбирларни оила даврасида ихчам тарзда ўтказишга эришишдан иборат.

Албатта, бу мақсадларимизни амалга ошириш учун бироз вақт керак бўлади. Чунки тўйлар ҳақидаги тасаввурлар йиллар давомида шаклланиб боради. Бир неча йиллар олдин тўйларни соддалаштириш борасидаги ҳаракатларимизни нотўғри тушунганлар ҳам бўлганди. Бугун эса уларнинг ўзи бизга бу борада ёрдам беряпти.

Тўйлар халқимиз турмуш тарзининг ажралмас қисми, кишиларимиз маънавий қиёфасини акс эттирадиган ўзига хос кўзгудир. Таассуфки, баъзида тўй ҳашамларда тўқликка шўхлик қилиб, ноўрин ҳотамтойликни авж олдириш ҳолатлари ҳам учрамоқда.

Кимнингдир ўзини кўрсатиши учун ортиқча дабдабага берилиши кейинчалик оддий одамлар зиммасига янгидан-янги оғир мажбуриятлар юклашини инобатга олсак, тўй-ҳашамларни ўтказиш, нафақат иқтисодий, балки ижтимоий масалалардан бирига айланиб бораётганини англаш мумкин.

Модомики, тўйлар халқимизнинг ўзига хос хусусиятларини намоён этувчи омил экан, ундаги ҳеч бир ҳолат миллий анъана ва қадриятларимизга зид келмаслиги шарт. Хусусан, келинлар либосининг менталитетимизга мос, шарқона услубда бўлиши ҳам мақсадга мувофиқ. Шунингдек, вақт ва маблағнинг ортиқча исроф қилинишини ҳеч бир жиҳатдан оқлаб бўлмайди. Улуғ алломаларимизнинг асарларида ҳам ном қозониш учун сочилган бойликнинг уволи борлиги алоҳида таъкидланади.

Шу боисдан маҳалламизда уюштирилаётган ҳар бир маросим — тўй-ҳашамлар, оилавий тантаналар ва марҳумлар хотирасига бағишланган тадбирлар доимий назоратимизда. Зеро, маҳалладаги ҳар бир инсоннинг босиб ўтган ҳаёт йўли ва бажараётган ишлари маълум маънода бошқалар учун ўрнак. Айниқса, ҳудудда алоҳида обрў-эътиборга эга инсонлар ўтказган тўйлар бошқалар учун ўзига хос андоза ва намунадир.

Тўйларда сарфланадиган ортиқча маблағларни ёш келин-куёвларнинг келажак ҳаётларида асқотадиган зарур маиший жиҳозларга сарфланса, ёҳуд бева бечоралар кўп болали оилалар, етим-есирларга эҳсон қилинса айни савобли иш қилинган бўлади, иншааллоҳ!

“Исроф” деганда кераксиз нарсаларга беҳудага пул сарф этиш, фойдасиз сарф-харажатлар ва ҳаракатлар тушунилади. Инсон табиатан исрофгарчиликка мойил жонзот саналади. Ҳар қадамда молини беҳуда сарфлаши кузатилади. Машаққат ва ҳамма нарсадан тежаш эвазига йиллаб йиққан молини ном чиқариш мақсадида бир кечада совуриб юбориши яхши амаллардан саналмайди.Аллоҳ таоло бу ҳақда марҳамат қилиб бундай таълим беради:

“…Исрофгарчиликка мутлақо йўл қўйманг! Чунки, исрофгарлар шайтонларнинг биродарларидир. Шайтон эса, Парвардигорига нисбатан ўта ношукур эди”. (Исро сураси, 26-27 оятлар)

Исрофнинг катта-кичиги йўқ. Ном чиқариш, обрў қозониш, бошқалардан устун ёки пулдор эканини кўрсатиш, зиёфат ва маросимларни бошқаларникидан бир неча баробар дабдабали, серчиқим қилиш ҳам мақтанишнинг юқори кўринишларидандир. Ҳазрати Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадисларида ҳам, жумладан бундай дейилган:

“Аллоҳнинг нозу неъматларидан хоҳлаганча еб-ичинглар, хайру эҳсон қилинглар, кийиниб ясанинглар, лекин исрофгарчилик ва манманликка йўл қўймангизлар!”.

Ҳамма ишда меъёр яхши, мўътадиллик яхши. Менга бойлик бериб қўйилибди, дея уни ҳар томонга сочавериш, айниқса буюрилмаган ишларга харжлаш савоб ўрнига гуноҳ эшикларини очиб юбориши мумкин. Бунинг ўрнига маҳалладаги бир эҳтиёжманд оиланинг кам-кўстини қилиб бериш, ўқиш ҳақи (контракт) пулини тўлай олмаётган талабаларга кўмак бериб юбориш, уйланиш учун маблағ топа олмай юрганларнинг мушкулини осон қилиш, қарзини тўлай олмаётган бир муҳтожни қўллаб юбориш мумкин-ку!

Имоми Аъзам раҳматуллоҳи алайҳнинг ғоят ибратли бир гаплари бор: “Хайру эҳсонда исроф бўлмаганидек, исрофда ҳам ҳеч қандай хайр йўқдир”. Улуғларимизнинг тавсияси бугунги кунимизда ҳар қадамда исрофга йўл қўйса-да, яна ҳаёти ночорлигидан шикоят қилиб фиғони фалакка чиқаётган айрим кишиларга ишоратдек туюлади.

Кейинги пайтларда айрим ресторан ва кафеларда ўтказилаётган тўйлар “тўқликка шўхлик” нақлини ёдга солиб, кўплаб юртдошларимизнинг ҳақли эътирозларига сабаб бўлаётган эди. Шунинг учун ҳам жамоатчилигимиз тўй ва турли маракаларни тартибга солиш ва бундай тадбирлар халқимизни меҳр-оқибатли бўлишга ундаши лозимлигини таъкидлай бошладилар. Тан олиш жоиз: кейинги пайтларда нафақат пойтахтимизда, балки, республикамизнинг бошқа ҳудудларида ҳам айрим тўй ва маросимлар ўтказилаётган тўйхоналар  кимўзарлик майдонига айланиб кетди. Маълумки, тўй ва тантаналар одатда одамларни бирлаштирувчи, бир-бирини яқинлаштирувчи маросимдир. Аммо кейинги пайтда айрим тўйларимиз обрў орттириш тадбирларига айланаётгани кўзга ташланаяпти. Боз устига, ана шундай “супер-тўйлар” оқибатида бошқа ноқулайликлар ҳам юзага келмоқда. Айтайлик, тўй эгасининг ош бериш маросимига 1000 га яқин меҳмон таклиф этилиши, ўз навбатида, бундай тўйларнинг саҳар 4 ва 5 ларга белгиланиши одатий ҳолга айланаяпти. Бу эса тўйхоналар, кафе ва ресторанлар жойлашган ҳудуд аҳолисининг тинчини бузиб, меҳнат унумдорлигига ҳам таъсир этаяпти. Айрим тўйларга кетадиган сарф-ҳаражатлар эса баъзан фуқароларимизни қарз ботқоқига етаклаётганига ҳам гувоҳ бўлаяпмиз. Ана шундай бир пайтда мазкур қарорнинг қабул қилиниши айни муддао бўлди, дейиш мумкин. Зеро, қарорда ресторан, кафе ва тўйхоналарда иш кунлари тўй ва маросим муносабати билан соат 7.00 дан 9.00 гача ёки 12.00 дан 14.00 гача ош бериш ҳамда соат 23.00 дан кейин тўй ва базмларни давом эттириш ҳолатларини олдини олиш бўйича билдирилган таклифлар қўллаб-қувватланиши айтилган. Бундан ташқари, ҳужжатда тўй давомида хорижий автоуловларни ижарага олиб, шаҳар айланиш ҳолатларини тартибга солиш ва булар бўйича аниқ меъёр ўрнатиш, тўй-ҳашам бўлиб ўтадиган жойларда пластик карточкалар, пул ўтказиш йўли ва банк кредити орқали ўтказиладиган тўловларни қабул қилишда ҳеч қандай чекловларсиз, бир хил нархлар амалга оширилиши белгиланганини алоҳида таъкидлаш жоиз. Ўйлайманки, мазкур қарор ижросини таъминлаш ва унда тилга олинган масалаларни амалиётга татбиқ этишда ҳар бир фуқаро фаол иштирок этиши, айниқса, маҳалла оқсоқоллари, обрў-эътиборли кишилар, депутатлар фаоллик кўрсатсалар, мақсадга мувофиқ бўларди. Шундагина ўз маҳалла ва хонадонларимизда ўтаётган тўй ва маракалар янада файзли ўтган бўларди.

Бугун тўқчилик, борчилик, ҳеч бўлмаганда, чираниш билан ўтаётган никоҳ базмларида, иложи бўлса, кўз кўрмаган нарсаларни дастурхонга қўйиб, қулоқ эшитмаган шармандали амалларни қилишдан мақсад – шу йўл билан обрў топиш, одамларни ҳайратга солиш. Ҳазрат Навоий “Эл нетиб топгай мениким мен ўзимни топмасам”, дедилар. Ўзагини, умр мазмунини англамаган кишини ким ҳурмат қилади? Обрўнинг дўкони йўқ. Ҳурмат-эътиборга меҳнатсеварлик, пешона тери, камтаринлик, хушхулқ, маърифат билан эришилади.

Қатор-қатор “лимузин”лар издиҳомида, гўё инсоният тарихида ҳеч маҳал бўлмаган мўъжизани содир этаётгандек, тўда-тўда суратчилар қуршовида тўйхонага кириб келган келин-куёвни исрофгар дастурхон, дарди санъат бўлмаган отарчи-ю қилиғи совуқ яллачилар, бўкиб ейиш, ичиш ва маънисиз урфларни қилиш мақсадида йиғилган оломон кутиб туради.

Тўй – миллий қадриятимиз, унга ҳар қандай амални тиқиштиравермаслик керак. Биргина жиҳат: ўзбек келинчаги нега даврага ярим-яланғоч ғарбона кўйлакда чиқади?

Ахир ҳозиргина никоҳ ўқилди-ку! У энди бир кишига танмаҳрам, қолганларга номаҳрам-ку! Ёки исрофгарлик томошаларини олинг: ейилмай қолиб кетган таомлар, бемаъни рақслар… Бемаза қилиқлардан тийилиш, ҳалол пул топиш, уни тежаш ва жойига сарф қилиш – фарз. Эл-юрт учун ёзилган дастурхонга қўйилган таомлар ҳалол йўл билан топилган бўлиши шарт.

Тошкент вилояти, Тошкент туманидаги, “Ҳасанбой ота” жоме масжиди имом-хатиби Жаҳонгир Чориев

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan