Басимон келтирган ва солиҳ амалларни қилганларгина равзада хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Ҳадис / Воизлик санъати

Воизлик санъати

عَنْ أَبِي نَجِيحٍ الْعِرْبَاضِ بْنِ سَارِيَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: وَعَظَنَا رَسُولُ اللَّهِ صلى الله عليه و سلم مَوْعِظَةً وَجِلَتْ مِنْهَا الْقُلُوبُ، وَذَرَفَتْ مِنْهَا الْعُيُونُ، فَقُلْنَا: يَا رَسُولَ اللَّهِ! كَأَنَّهَا مَوْعِظَةُ مُوَدِّعٍ فَأَوْصِنَا، قَالَ: أُوصِيكُمْ بِتَقْوَى اللَّهِ، وَالسَّمْعِ وَالطَّاعَةِ وَإِنْ تَأَمَّرَ عَلَيْكُمْ عَبْدٌ، فَإِنَّهُ مَنْ يَعِشْ مِنْكُمْ فَسَيَرَى اخْتِلَافًا كَثِيرًا، فَعَلَيْكُمْ بِسُنَّتِي وَسُنَّةِ الْخُلَفَاءِ الرَّاشِدِينَ الْمَهْدِيينَ، عَضُّوا عَلَيْهَا بِالنَّوَاجِذِ، وَإِيَّاكُمْ وَمُحْدَثَاتِ الْأُمُورِ؛ فَإِنَّ كُلَّ بِدْعَةٍ ضَلَالَةٌ. رَوَاهُ أَبُو دَاوُدَ، وَاَلتِّرْمِذِيُّ  وَقَالَ: حَدِيثٌ حَسَنٌ صَحِيحٌ.

Абу Нажиҳ Ирбоз ибн Сория разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бизга таъсирчан  ваъз қилдилар. Бундан (мавъизанинг таъсиридан) қалблар қўрқувга тушди, кўзлар ёшга тўлди.  Биз: “ Эй Расулуллоҳ! Бу бамисоли видолашаётган кишининг ваъзига ўхшайди.  Бизга васият (тавсия,насиҳат) қилинг!” – дедик.
У зот:  “ Сизга Аллоҳ азза ва жалладан қўрқишни  агар бир қул устингизга амир бўлса ҳам, унга қулоқ осиб, итоат этишингизни васият қиламан.  Чунки сизлардан яшаганларингиз кўп ихтилофларни кўради. Бас, менинг суннатим ва ҳидоят қилинган, тўғри йўлдаги халифалар суннатини  ақл тишларингиз билан (маҳкам) тишлаб олинглар. (Динда)  янги пайдо бўлган ишлардан эҳтиёт бўлинглар. Зеро, ҳар бир бидъат залолатдир”, дедилар  (Абу Довуд ва Термизий ривоятлари.  Термизий  ҳадис  Ҳасан, Саҳиҳ  деган).

  1. Таъсирли ваъз (маруза)нинг сифатлари

Маъруза оқибатни ёдга солувчи эслатма ва насиҳатдир. Унинг қалбларга етиб бориб, нафсларда ўз таъсирини ўтказиши учун қуйидаги шартлар бўлмоғи керак:

а) Мавзунинг танланиши:

Маърузада фақат шаръий ҳукм ва ҳадларнинг баёни билан чекланиб қолмасдан, эшитувчилар ҳаётида дину дунёларига тааллуқли бўлган масалалардан сўз юритмоқ лозим. Одамларга зарур бўлган улар кундалик ҳаётда кўпдан кўп дуч келадиган  мавзуларни танлаб, ҳикмат ва пухта илм билан баён қилиш керак. Чунки  кўпчилик  мусулмонлар жума ва ҳайит маърузалари билан кифояланишади. Бу эса уларнинг дин моҳияти, иззат руҳи ва нафсга қарши кураш каби ўта муҳим нуқталарда лоқайд бўлиб қолишларига кучли таъсир кўрсатади. Негаки, жума ва ҳайит маърузалари тингловчига таъсир қиладиган очиқ даъват эмас, мажбурий бир вазифага айланиб қолгандек. Минбарларда қилинётган маърузалар, арабий қадимий хутбалар беихтиёр ғафлат уйқусидаги мусулмонларни янада аллалагандек бўлмоқда. Натижада эса, Ислом илоҳий дастури билан кундалик ҳаётимиз ва маиший муаммолар ўртасига қалин девор тортилгандек бўлмоқда.

Агар биз маъруза таъсири борасида хайрли натижаларга эришмоқчи бўлсак, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ўрнак олишимиз лозим. У зот соллаллоҳу алайҳи ва саллам кўпинча расмий хутбалардан бошқа пайтларда ҳам саҳобаларига панд-насиҳат берардилар. Бу таъсирчан маърузалар негизи Аллоҳ таоло амрининг “Роббингнинг йўлига ҳикмат ва яхши мавъиза ила даъват қил” (Наҳл сураси, 125-оят) амалдаги кўриниши,  десак хато бўлмайди.

б) Ваъздаги балоғат: Марузани омма халққа тушунарли қилиб,  уларнинг ақлларига етиб борадиган мисоллар ҳамда кўзланган мақсадни аниқ ифодалайдиган, тингловчиларнинг қулоқларидан кириб, уларнинг қалбларига ўрнашадиган тушунарли ва чиройли сўзлардан фойдаланиб, панд-насиҳат қилиш лозим. Аллоҳ таоло:  “Уларга ваъз қил! Ёлғиз ўзларига етказиб сўзла!” (Нисо сураси, 63-оят), дея марҳамат қилган.

Имом Аҳмад, Абу Довуд ва Термизийлар қилган ривоятда шундай дейилган: ”Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бизга балоғатли (ҳамма тушунадиган) мавъиза қилдилар”.

ж) Ваъзни чўзиб юбормаслик:

Узоқ давом этган маъруза эшитувчиларни малоллантириб, зериктиради. Натижада маъруза кутилгандек таъсир кўрсатмайди. Шунинг учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг хутба ва ваъзлари ҳамиша қисқа ҳамда лўнда бўларди. Жобир ибн Самура розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан бирга намоз ўқирдим. У Зотнинг намозлари ҳам, хутбалари ҳам ихчам бўларди” (Муслим ривояти). Бошқа бир ҳадисда: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам жумъа куни мавъизани чўзиб юбормас эдилар. У Зотнинг мавъизалари бир неча енгил калималардан ташкил топарди”, дейилган (Абу Довуд ривояти).

Д) Воиз муносиб фурсат ва мувофиқ вақт танламоғи лозим:

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳамма вақт ҳам панд-насиҳат қилавермаганлар. У зот вақти-вақти билан ваъз айтганлар. Имом Бухорий ва Муслимлар Абу Воилдан ривоят қилган ҳадисда: “Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу ҳар пайшанба куни панд-насиҳат қилардилар. Бир киши: “Эй Абу Абдураҳмон! Биз сизнинг суҳбатингизни яхши кўрамиз ва соғинамиз. Истардикки, сиз ҳар куни бизга ҳадис айтсангиз”, деди. Ибн Масъуд “Мен сизларни малоллантириб қўймай, деб ҳар куни ҳадис айтмайман. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бизни зериктириб қўйишни истамаганлари боис, аҳён-аҳёнда мавъиза қилардилар” (Бухорий ва Муслим ривояти).

 2. Ҳақиқий воизнинг сифатлари

Ғафлат уйқусига ботган нафсларни ва мудроқ қалбларни ҳаракатга келтирмоқ учун айтилаётган ваъз қуйидаги сифатларга эга бўлган ҳақиқий воиз томонидан чиқмоғи керак:

а) Воиз ўзи айтаётган сўзларга ишониши, ундан таъсирланиши ва маърузанинг тингловчилар қалбига етиб бориб, уларни қаноатлантириши учун куйиб-ёниши шарт. Бу унинг юз ифодаларида, хатти-ҳаракатлари-ю гапининг оҳангларида яққол сезилиб турсин. Бундай қилиш Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суннатларидир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам маъруза қилаётган чоғларида ҳолатлари  ўзгарарди.  Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам хутба қилиб Қиёматни зикр этсалар, дарғазаб бўлиб, овозлари кўтарилиб кетарди. Кўзлари қизарарди. Худди “Эртаю кеч сергак туринг!” деб қўшинни огоҳ қилаётган огоҳлантирувчига ўхшаб қолардилар”, деди.

б) Воизнинг қалби турли иллатлардан покиза бўлса, унинг ростгўй юрагидан чиқаётган сўзлар тингловчилар кўнглини забт этади. Воизнинг қалби ва нафси соғлом бўлмаса гаплари одамларнинг бу қулоқларидан кириб, у қулоқларидан чиқиб кетади. Ҳасан Басрий Басра масжидида ваъз ўқиётган одамнинг сўзларини эшитиб, сира таъсирланмадилар. Одамлар тарқалганидан сўнг ҳалиги воизга қараб шундай деган эканлар: “Эй (воиз), ё сенинг қалбингда касаллик бор ёки менинг қалбимда!”

ж) Воизнинг сўзи билан  амали мувофиқ бўлиши керак.  

Воизнинг панд-насиҳатларини тинглаб, фасоҳату балоғатига таҳсин ўқиганлар энди қилаётган амалларини кузата бошлайдилар. Агар воизнинг сўзи билан иши бир бўлса, унга эргашадилар. Аммо воизнинг ўз сўзларига амал қилмаслигини ёки мутлақо тескари ҳаёт кечиришини сезиб қолсалар, уни маломат қилиб юз ўгирадилар.

Айтадиларки, сўзи билан ваъз ўқиган кимса, каломини зое этибди. Амали билан ваъз қилган киши аниқ нишонга урибди. Сўзи ва иши бошқа-бошқа бўлган кимсаларга Аллоҳ таолонинг қуйидаги ояти етарли танбеҳ эмасми: “Эй иймон келтирганлар! Нима учун қилмаган нарсангизни гапирасиз. Қилмаган нарсангизни гапиришингиз Аллоҳнинг наздида қаттиқ ёмон кўрилгандир” (Саф сураси, 2-3-оятлар).

 3. Саҳобаи киромларнинг фазли. Улар қалбларининг мусаффолиги.

Маъруза вақтида саҳобалар қалби ларзага келиб қўрқиши ва кўзларидаги ёшлар уларнинг фазилати, салоҳияти ва иймон мартабасию нажот мартабасида олий мақомлар эгаси эканликларини кўрсатади.

Рушду ҳидоятнинг йўлчи юлдузлари деб эътироф этилмиш улуғ саҳобалар Пайғамбарлари ва муаллимлари Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ҳам, Азиз ва Олий Роббилари томонидан ҳам мақтов эшитдилар: “Уларни Пайғамбарга нозил қилинган нарсани тинглаганларида, ҳақни билганликларидан, кўзлари ёш тўкканини кўрасан” (Моида сураси, 83-оят).

 4. Тақвога чақириш

Шариат таклифларидан бўлмиш барча буйруқларни адо этмоқ ва барча қайтариқлардан нафсни покиза тутмоқ тақводир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг саҳобаларига тақвони васият қилишлари бу сифат Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам эътиборларида улкан ўрин тутганини билдиради. Чунки тақвони маҳкам тутиш дунёю Охират саодатига етаклайди. Аллоҳ таоло аввалгию охиргиларга тақвони тавсия этган. “Биз сиздан олдин китоб берилганларга ҳам, сизга ҳам: «Аллоҳга тақво қилинглар», деб тавсия қилдик” (Нисо сураси, 131-оят).

 5. Итоатга чақириш

Мусулмон амирларнинг хайрли ишлардаги буйруқларига итоат этиш вожиблигини Аллоҳ таоло Ўзининг китоби Қуръон ҳукми билан таъкидлаган. “Эй иймон келтирганлар! Аллоҳга итоат қилинг, Пайғамбарга ва ўзингиздан бўлган ишбошиларга итоат қилинг” (Нисо сураси, 59-оят).

Аслида Ислом амирига бўйсуниш Аллоҳ таолодан қўрқиш-тақво таркибига кирса-да, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уни алоҳида тилга олишлари ушбу таъкид масаланинг жуда эътиборли эканига далолат қилади. Мусулмонлар дунё саодати, бирдамлик, мустаҳкам тартиб-интизомга эришишлари ва Роббиларига ошкора тоат-ибодат қила олишлари учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам васиятларига амал қилишлари керак.

Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу айтганларидек, “Одамларни фақат яхши ёки фожир раҳбаргина ислоҳ қила олади. Агар амир фожир бўлса, мўмин унинг хусусида Парвардигори амрига бўйсунади ва бу билан фожир раҳбарни ажалига олиб боради”. Бугунги итоатсизлик, бошбошдоқлик ва низо-тортишувларга мойиллик мусулмонларнинг заифлашиб қолишларига олиб келган омиллардандир. Бу ўз навбатида мусулмонлар орасида фитна оловини ёқди ва кўп жанжалларни келтириб чиқарди. Ислом умматининг кучини қирқиб, мунофиқлик, бидъат ва гуноҳ-маъсиятлар гулханига мой сепди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Агар сизларга бир қул амир бўлса ҳам…», дедилар. Имом Бухорий: «Агар устингизга боши майиздек (қоп-қора) ҳабаш қул амир этиб тайинланса ҳам қулоқ солинглар, итоат этинглар!» деган ривоятни келтирганлар.

Уламолар буни икки хил маънода тушунганлар:

  • Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам келажакда мусулмонлар аҳволи ёмонлашиб, шариат аҳкомлари татбиғига халал этиши хусусида хабар беряптилар. Натижада раҳбарликка нолойиқ кимсалар уммат бошчиларига айланади. Ўшанда икки зарарнинг енгилроғи танланиб, нолойиқ амирга итоат қилинади. Чунки раҳбар бўлишга нолойиқ саналган қулнинг ҳукмига сабр этмоқ жамиятда фитна-фасод тарқалишидан енгилроқдир.
  • Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам юқоридаги сўзни зарбулмасал тариқасида айтяптилар. Яъни бу бир мисол, холос. Зотан, қулнинг ҳокимлик қилиши ҳеч қаерда дуруст дейилмаган. Шу жиҳатдан қуйидаги ривоят ушбу ҳадисга ўхшаб кетади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Кимки Аллоҳ таоло учун ҳатто каклик иничалик масжид қурса, Аллоҳ таоло унга жаннатда уй бино қилади”. Албатта қуш иничалик жой ҳеч қачон масжид бўлолмайди.

Қибрай тумани “Саъдулла ота” жоме масжиди
имом-хатиби Мирҳамидов Обид