Басимон келтирган ва солиҳ амалларни
қилганларгина равзада 
хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Ҳадис / Бир ҳадис шарҳи: Мунофиқлар учун энг оғир намоз

Бир ҳадис шарҳи: Мунофиқлар учун энг оғир намоз

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ قَالَ: قَالَ النَّبِيُّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: «لَيْسَ صَلَاةٌ أَثْقَلَ عَلَى الْمُنَافِقِينَ مِنَ الْفَجْرِ وَالْعِشَاءِ وَلَوْ يَعْلَمُونَ مَا فِيهِمَا لَأَتَوْهُمَا وَلَوْ حَبْوًا» رَوَاهُ البُخَاري

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Мунофиқларга энг оғир намоз хуфтон ва бомдод намозларидир. Агар у иккисидаги нарсани билганларида эмаклаб бўлса ҳам келар эдилар».

Имом Бухорий ривояти.

Ҳадиси шарифдан очиқ-ойдин кўриниб турибдики, бомдод ва хуфтон намозлари мунофиқлар учун энг оғир намоз экан. Уламоларимиз нега айнан бомдод ва хуфтон намозлари улар учун оғир бўлишини мазкур иккисини тарк этишга ундовчи омиллар кучли экани билан изоҳлаганлар. Яъни, хуфтон намози кеч кирган, чарчоқ тутган ва дам олиш пайти бўлса, бомдод намози эса уйқунинг энг ширин бўладиган вақти саналади. Шунинг учун ҳам бу икки намозга чиқиш оғир бўлади ва улар ушбу намозларни тарк этишади. Аслида мўмин мусулмон инсон қандай бўлиши керак каби саволларга юқоридаги ҳадисдан олинадиган фойдаларга эътибор қаратамиз.

Ҳадисдан олинадиган фойдалар:

1. Аллоҳ таолонинг: «(Мунофиқлар) намозга доимо дангаса ҳолда келадилар» (Тавба сураси, 54-оят) оятига мувофиқ мунофиқлар учун барча намозларнинг оғирлиги. Намозларнинг энг оғирроғи эса бомдод ва хуфтон намозлари экани.

2. Бомдод ва хуфтоннинг фазилати нақадар улуғ экани. Ҳатто қалбида иймон келтирмаган мунофиқлар ҳам унинг фазлини билиб қолишганда эмаклаб бўлса ҳам намозга келишлари бу икки намознинг фазилати нақадар улуғ эканини билдиради.

3. Мазкур икки намозни доимий қолдирмасдан ўқиш мунофиқликдан омонлик экани.

4. Бомдод ва хуфтонни жамоат билан ўқишнинг фазилатли гўзал амал экани.

Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким хуфтон намозини жамоат билан ўқиса, кечанинг ярмини ибодат ила бедор ўтказгандай бўлади. Кимки бомдод намозини жамоат ила ўқиса, бутун кечани ибодат ила ўтказгандай бўлади», дедилар.

Имом Муслим ривояти.

Ангрен шаҳар «Қорабоғ» жоме масжиди имом-хатиби

Яҳёхон Бобохонов

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan