Басимон келтирган ва солиҳ амалларни
қилганларгина равзада 
хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Мақолалар / РАМАЗОН ИККИНЧИ ЎНКУНЛИГИНИНГ АҲАМИЯТИ

РАМАЗОН ИККИНЧИ ЎНКУНЛИГИНИНГ АҲАМИЯТИ

Муборак Рамазон ойининг дастлабки ўн кунлиги ортда қолди, иккинчи ўнкунлик бошланди. Унинг аҳамияти нимада? Расули Акрам (соллаллоҳу алайҳи васаллам) ўз ҳадисларида Рамазон уч қисмдан: биринчи ўнкунлик – Аллоҳнинг раҳмати кунлари, иккинчи ўнкунлик – Аллоҳнинг мағфирати, охиргиси – жаҳаннам оловидан паноҳ эканлигини таъкидлаганлар. Бу ҳадисни барчамиз жуда ҳам яхши биламиз. Лекин, кузатадиган бўлсак, нимага дуч келамиз?

Одатда, Рамазонга бўлган иштиёқимизнинг энг юқори чўққиси унинг аввалида кузатилади, лекин ўрталарига қараб бу иштиёқ бир оз сусаяди ва охирги ўнкунликда Қадр кечасини кутиш ҳисобига яна авж олади. Афсуски, бундай муносабат бизнинг фойдамизга эмас. Чунки Рамазоннинг ҳар бир куни, ҳар дақиқаси ғанимат ва катта аҳамиятга эга, зеро, инсон олдида Аллоҳ таолонинг ажру – савобларига, мукофотларига эришиш, гуноҳларининг авф қилиниши ва ихлос билан қилинган исталган дуосининг қабул бўлиши учун миллионлаб имкониятлар очилади. Биз ҳозир Рамазоннинг ўртасида – Аллоҳ таолонинг мағфирати кунларидамиз. Бу куну – тунлар қанчадан – қанча бандаларни Жаҳаннам ўтидан озод қилиб, Жаннатга киришларига сабаб бўлиб қолиши мумкин. Рамазонда қилинадиган ибодатларнинг барчаси инсонларни ўз амаллари ҳақида тафаккур қилишга, ўзларини тахлил қилиб, гуноҳлари учун мағфират сўрашга ундайди. Тавба ва мағфират ҳам мана шу ибодатлар натижасида қўлга киритилади. Ва мусулмон бундан ҳеч ҳам малолланмайди, у ҳузур билан яна ҳам кўпроқ ибодат қилиши мумкин, фақат бунинг учун қилмишлари, хатолари ва гуноҳлари учун Аллоҳ таолонинг авфига эришса, кифоя. Шу сабабли Рамазоннинг ўртасида бизни собит ва маҳсулдор қилувчи ғайрат ва иштиёқни янгилаш жуда ҳам муҳимдир.

Аллоҳ таоло Қуръони Каримда бундай марҳамат қилади: “Илло, қайсилари тавба қилиб, хатоларини тузатиб, (ҳақиқатни) баён қилсалар, уларнинг тавбаларини қабул этурман. Мен Таввоб (тавбаларни қабул этувчи) ва Раҳмлидирман” (Бақара сураси 160-оят). Аллоҳнинг ваъдаси шундай. Ҳар биримизнинг ўзимизга яраша хато ва гуноҳларимиз бор, кимнидир ҳафа қилганмиз, озор етказганмиз, ёрдам бермаганмиз, қаердадир ёлғон гапирганмиз ва бундай хатолар жуда кўплаб йиғилиб қолган. Уларда хайр йўқ, улар бизнинг имон ва виждонимизга оғир юк бўлиб ётибди. Лекин Аллоҳ меҳрибон ва У бу кунларда бизнинг гуноҳларимиз учун мағфират ато этмоқда. Зеро, У муқаддас Қуръонда шундай дейди: “(Аллоҳ буюрадики). Раббингиздан мағфират (кечирим) сўрангиз, сўнгра Унга тавба қилингиз, шунда (У) сизларни маълум муддат (ажалларингиз охири)гача чиройли баҳра билан баҳраманд қилур ва ҳар бир фазлли (карамли, саҳий) кишига Ўз фазлини ато этур. Агар юз ўгирсангиз, бас, мен сизларга Улуғ кун (қиёмат) азоби (етиши)дан қўрқаман” (Худ сураси 3-оят).

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, Расулуллоҳ соллаллоҳу алаёҳи васаллам айтдилар: “Рамазон ойининг биринчи кечаси кириши билан шайтонлар ва исёнкор жинлар кишанланади. Жаҳаннам эшиклари беркилади, бирортаси ҳам очилмайди. Жаннат эшиклари ланг очилади, бирорта ҳам эшик ёпилмайди. Махсус жарчи: ҳой яхшилик истаганлар, келинг! Ҳой ёмонлик истаганлар ўзингизни тийинг! – деб жар сола бошлайди. Ва бу ойда Аллоҳ кўплаб одамларни дўзахдан озод қилади. Озодлик ҳар кечада бўлади” (Термизий, ибн Можа).

Барчаларимизни Рамазон ойининг ҳар бир кечасини ғанимат билиб, гуноҳларимизга тавба қилувчилардан ва Аллоҳ таолонинг мағфиратига эришувчилардан қилсин!

 

Бекобод тумани “Амир Ҳамза” жоме масжиди
имом хатиби М.Нишонов

[carousel-horizontal-posts-content-slider]