Басимон келтирган ва солиҳ амалларни қилганларгина равзада хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Мақолалар / Инсон хотира билан тирик, қадри ила улуғдир

Инсон хотира билан тирик, қадри ила улуғдир

Барчамизга маълумки, Аллоҳ яратган энг буюк мавжудот – бу азизу мукаррам бўлган инсондир. Табиатдаги барча мавжуд маъданлар, кўзга кўринган, кўринмаган неъматлар ва унинг хизматига мусаххар (бўйсиндирилган)  қилинган воқеа ҳодисалар, инсоннинг азизу мукаррамлиги сабабидан эканлигини унутмаслигимиз керак.

Мусулмон инсоннинг азизлигини комил суратда сақлаб, сайқаллаб келаётган дин – бу ислом дини эканлигини ҳам ёдимиздан чиқармаслигимиз керак.

1999 йил 18 март куни “9 май – хотира ва қадрлаш куни” сифатида нишонланиши тўғрисидаги қарорга марҳум Муҳтарам юртбошимиз имзо қўйдилар. Бу фазилатли амалда, бутун бир халқ, бутун бошли мамлакат миқёсида бир кун эзгу амаллар қилиниб, марҳумларни хотираси учун элга ош берилиши, Қуръон тиловат қилиниб, нуроний отахонларимиз марҳумлар ҳаққига дуолар қилишлари нақадар савобли амал эканини барчамиз яхши биламиз. Биз дунёдан ўтганимиздан сўнг фарзандларимиз намозларидан сўнг ҳақларимизга дуо қилсалар биз учун жуда катта бахт, аммо бу шаҳидларни қарангки бутун бир давлат, бутун бир халқ 7 ёшдан 70 ёшга қадар Худо шаҳидларимизни ўзинг ярлақагил, деб дуо қилишади.

Халқимиз: “Инсон хотира билан тирик, қадри ила улуғдир”, деб бежизга айтмайди.  Чунки, хотира ва қадрлаш тушунчасида чуқур маъно бор. Муҳтарам юртбошимизнинг бу ташаббуслари сабаб,  “9 май – хотира  ва қадрлаш куни” сифатида нишонланиши, халқимизнинг маънавий камол топиши йўлида қўйилган энг залворли қадам десак муболаға бўлмайди. Чунки, айнан мана шу куни келажак ёшларимиз онгига, бу жонажон истиқлолимиз қандай машаққатлар эвазига келганлиги ва бу азиз Ватанимиз тупроғи барчамиз учун муқаддас эканлигини сингдирилади, бу эса ёш авлод қалбида Ватан муҳаббати, халқ севгиси туйғуларини шакллантиради.  Ушбу кунда фашизмга қарши курашларда қатнашган, қолаверса ўз Ватанини ҳимоя қилишда жонини фидо қилган, халқимизнинг азалий орзуси бўлмиш озодлик ва эркинлик  учун курашган миллий қаҳрамонларимизнинг руҳини шод этиш, ўшандай оғир кунлардан тирик қолиб, бугунги кунда халқ ардоғида юрган қаҳрамонларимизни қадрлаш, ислом шариати биз авлодлар зиммасига юклаган, қилишимиз лозим ва лобуд бўлган қарз ва фарз амаллардандир. Мусулмонларнинг энг муқаддас китоби бўлган Қуръони каримда Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади: «Улардан кейин (дунёга) келган зотлар айтурлар: «Эй Раббимиз! Ўзинг бизларни ва биздан илгари имон билан ўтганларни мағфират этгин ва қалбларимизда имон келтирган зотларга нисбатан гина пайдо қилмагин! Эй Раббимиз! Албатта, Сен меҳрибон ва раҳмли зотдирсан».

Бу оятга кўра марҳумларни фақат яхши амалларини хотирлаб, уларнинг ҳақларига хайрли дуолар қилиш ҳар бир мусулмон кишига фарз эканлиги келиб чиқади.

Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васаллам ҳам марҳумларни ҳақларига тинмасдан дуо қилиб, яхши ва фазилатли амалларини хотирлашга тарғиб қилиб: “Марҳумларингизнинг яхши амалларини (эслаб), зикр қилинглар, ёмон амалларини (гапиришдан) тилларингизни сақланглар” деганлар.

Инсоннинг қадрини Аллоҳ буюк мақомга кўтарди. Энди уни бирор киши қадрини туширишга ҳаққи йўқ. Шунинг учун ҳам хотирлаш деганда марҳумларимиз ёдга келса, қадрлаш деганда эса бизга ҳаётий тажрибалардан дарс бераётган оталаримиз  – оналаримиз кўз олдимизга келади. Вафот этган инсоннинг яхши амаллари эсланиб, ҳаққига дуо қилишга буюрган ислом шариати, агар шу инсон тирик бўлса, унга кўрсатиладиган қадр – қиммат икки ҳисса ортишини бизга дарс беради. Ҳатто, фарзанд ўз ота – онаси олдида “уф” калимасини айтиши ҳам уларга малол келишини Қуръон бизга таълим беради. Демак, оддий “уф” деган калиманики айтишдан қайтараётган Қуръон, уларга бундан оғир калималар билан муносабатда бўлишни бутунлай таъқиқлайди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам кекса, мўътабар ёшли ота – оналаримизни ҳам қадрлашга тарғиб қилиб: “Ёши улуғларга эътибор беринглар. Чунки улар ўзлари яшаган замондан бошқа замонда яшамоқдалар. Дўстлари эса тупроқ остидан жой олиб бўлишган. Уларнинг кўп гапириши ва танқидларидан танг аҳволга тушиб сиқилманглар”, деганлар. Бугунги кунда баъзи ёшларнинг ўз ота – оналарига нисбатан ҳурматсизлик билан муомала қилиши, уларнинг дилини оғритиб қўяётгани ҳеч кимга сир эмас. Бу эса жуда катта хато  бўлиб, гуноҳи кабира ҳисобланади. Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳнинг розилиги, ота – онанинг розилигида, Аллоҳнинг ғазаби, ота – онанинг ғазабидадир”, деганлар. Яъни, ота – онасини хафа қилиб, Аллоҳни рози қиламан деб ўйласа, бу мутлақо хато бўлади. Унинг бу йўлда қилган бирор амалининг фойдаси бўлмайди. Бошқа бир ҳадисларида: “Бизларнинг кичикларимизга раҳм қилмаган ва ёши катталаримизни қадрламаган, яхшиликка буюриб, ёмонликдан қайтармаган кишилар биздан (менинг умматимдан) эмасдир”, деганлар.

                                   Хасан ибн Собит жомеъ масжиди имом-ноиби
                                                       Саидов Зоир Абдуазим ӯғли