Басимон келтирган ва солиҳ амалларни қилганларгина равзада хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Хабарлар / Ўзбекистоннинг маданий мероси дунё нигоҳида
DCIM106GOPRO

Ўзбекистоннинг маданий мероси дунё нигоҳида

Санкт-Петербург шаҳрида “Ўзбекистоннинг маданий мероси – халқлар ва мамлакатлар билан мулоқот учун йўл” мавзусида II Халқаро конгресс бўлиб ўтди. Форумнинг биринчи куни Ўзбекистоннинг маданий меросига доир 6та кўргазма ўтказилди, хабар беради “Версия”.

Эрмитаж, Россия этнография музейи, Дин тарихи музейи ва Россия миллий кутубхонасида археологик ва этнографик топилмалар, ўрта аср қўлёзмалари, Бухоро амирларининг совғалари, гиламлар ва ипак матолар намойиш этилди.

Ўзбекистондан форум учун махсус ноёб ислом динига оид қўлёзмалар олиб борилди. Улар ичида “Усмон Мусҳафи” алоҳида ўрин эгаллайди.

“Бу қўлёзма бутун дунё мусулмонлари учун ўта қимматбаҳо мерос ҳисобланади. Айни дамда унинг илм-фан учун ҳам аҳамияти каттадир. Чунки айнан мана шундай қўлёзмалар сабаб, улар эса саноқли, биз Қуръоннинг ёзма шаклга келиш тарихи ҳақида тасаввурга эга бўламиз. Бу биз учун муҳим тарихий манба ҳисобланади”, дейди музей директори ўринбосари Ефим Резван.

Бундан ташқари, 13 жилддан иборат “Ўзбекистоннинг меъморий эпиграфикаси” ҳам намойиш этилди. Унда масжид, мадраса ва мақбараларнинг деворларида ёзиб қолдирилган ёзувлар тўпланган. Ушбу кўпжилдли манбани тузиш учун 6 йил вақт сарфланди. Унда бир ярим мингдан ортиқ эпиграфлар – шеърлар, ҳикматлар, ибратли сўзлар ўз ифодасини топган.

“Бу Ўзбекистон ҳудудида IX асрдан XX асрнинг бошларигача жойлаштирилган обидалардир. Яъни бу ислом даврига тўғри келади. Улар ахлоқий, инсонпарварлик руҳида ёзилган мисралардан иборат”, – дея ҳикоя қилади Ўзбекистон Фанлар академияси академики Акбар Хакимов.

Конгресснинг асосий воқеаларидан бири – икки кун давом этган медиафорум бўлди. Унда Ўзбекистон, Россия, Австрия, Буюк Британия, Германия, Эрон, Франция, Туркиядан ташриф буюрган экспертлар ва фан арбоблари иштирок этдилар.

Форум доирасида йигирмадан ортиқ Ўзбекистоннинг тарихий меросини сақлашга доир ҳужжатли фильмлар намойиш этилди.

“Ўзбекистон ҳозирги кунда маданий мерос масалаларига тамомила янгича назар билан боқмоқда. Бугун Ўзбекистоннинг маданий меросига мамлакат маданиятининг бренди сифатида қаралмоқда. Ва биз меросимизга умуман бошқача муносабатда бўлмоқдамиз. Бугунги конгресс – бизнинг эҳтиёткорона муносабатимизнинг далилидир”, – дейди “Ўзбекистоннинг маданий мероси дунё нигоҳида” лойиҳаси раҳбари Фирдавс Абдухаликов.