Басимон келтирган ва солиҳ амалларни
қилганларгина равзада 
хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Мақолалар / Ўз жонига қасд қилиш касалликми…

Ўз жонига қасд қилиш касалликми…

Халқ орасида бир гап бор:
Маҳаллага васваса (ёки васвос) касали келиб қолди, бир ярим ой ичида буниси бешинчи одам…”.
Чиндан ҳам бу иш, яъни ўз жонига қасд қилиш васваса касаллигими…

Аслида “васваса” ва “васвос” сўзлари араб тилида “махфий овоз” маъносида бўлиб, илҳомнинг аксини англатади. Яъни, “васваса” ёки “васвос” шайтон томонидан инсонга уқтириладиган турли найранг ва хатарли чорловлар мажмуидир. У мажнунлик мисол узрли хасталик эмас.

Аллоҳ таоло турли ёмонликлар гирдобига чорловчи шайтонни ҳам Қуръони каримда “Васвос”, яъни ямонликлар сари чорловчи, васвасачи, деб атаган. Шунингдек, “Хоннас”, яъни ортга чекинувчи, деб ҳам сифатлаб қўйган.

Бежиз эмас, албатта. Зотан бу васф мазкур мисол ички кечинмалар касаллик эмаслиги, аксинча – васвасачи шайтоннинг васвасаси эканлиги ҳамда ўша васвасачини орқага чекинтириб, ундан қутилиш имкони борлигини эслатиб туради.

Тобеинлардан Саид ибн Жубайрдан (У кишини Аллоҳ ўз раҳматига олсин) шундай ривоят қилинади: Инсон Роббисини ёдга олса Шайтон ундан чекиниб, юзи тескари бўлади. Агар у ғофил бўлса Шайтон ортга қайтиб, уни яна васваса қилишда давом этаверади”.

Инсонни ўз жонига қасд қилишини касаллик, деб хулоса қилиш, уни қайсидир маънода айбсиздек оқлаш мутлоқо хато иш.

“Энди сенга бундан бошқа йўл йўқ, ўз жонингга қасд қилсанг, барчасидан қутиласан. Мана шу сендаги муаммонинг ечими” мисол васвасалари билан инсонни ўз жонига қасд қилишига чорловчи шайтоннинг васвасаси ҳудди одам ўлдириш, ўғирлик қилиш, ўзганинг ҳаққига хиёнат қилишдаги васвасаси каби васвасадир. Улар нечоғлик гуноҳ бўлса, уларнинг соҳиби қанчалар қораланса, танқидга лойиқ бўлса, ўз жонига қасд қилиш ҳам, унинг соҳиби ҳам шу даражада, балки чандон ортиқ танқидга лойиқдир. Айбловдан четланишга ҳақли эмас. Акс ҳолда бу қарашлар мазкур хатоларни оммалашиб кетиши учун эшикларни ланг очиб бераверади.

Анас ибн Молик (У кишидан Аллоҳ рози бўлсин) шундай дейди:
Расулуллоҳ (У Зотга Аллоҳнинг саломи бўлсин) шундай деганлар: “Сизлардан бирон киши бошига тушган ёмон ҳолат (хасталик, муаммо, фақирлик) сабабидан ўзига зинҳор ўлим тиламасин! Агар (шундай) қилиш лозим бўлса, бас, “Ё Аллоҳ, агар яшаш мен учун хайрли бўлса, мени яшат! Агар ўлим мен учун хайрли бўлса, мени вафот эттир!”, десин”. Имом Бухорий, Муслим, Абу Довуд, Термизий, Насоий ва Аҳмад ривоятлари.

Мусулмон киши бошига тушган қийинчилик, ғам-ташвиш, камбағаллик, оғир касаллик ва шунга ўхшаш сабабларга кўра ўзига ўлим тиламайди. Акинча, Аллоҳга дуо қилиб, ҳаётга интилиши, унга умид боғлаши  талаб этилади.

Қатор ҳадиси шарифларда ўз жонига қасд қилувчиларни дунё-ю охиратда турли азобларга мубтало бўлишини таъкидлайди.

АбуҲурайра (У кишидан Аллоҳ рози бўлсин) шундай дейди:
Расулуллоҳ (У Зотга Аллоҳнинг саломи бўлсин) шундай деганлар: “Ким тоғдан ўзини ташлаб ўлса, у жаҳаннам оловидадир. Унда абадул-абад ўзини ташлайди. Ким заҳар ичиб ўзини ўлдирса, заҳари қўлида бўлиб, абадул-абад жаҳаннам оловида уни ичади. Ким ўзини ўткир нарса билан ўлдирса, жаҳаннамда абадул-абад ўша ўткир нарсаси қўлида бўлиб, у билан ўз қорнини тешади”. Бухорий, Муслим, Термизий, Доримий, Аҳмад ва Ибн Ҳиббон ривоятлари.

Шуни ҳам билиб қўйиш керакки, соҳа эгаларининг таъкидлашларига кўра ўз жонига қасд қилган инсон энг аччиқ ва азобли ўлим топар экан…

Ҳа, азизлар! Инсон дунёга яшаш учун келган. Жонни ато етган ҳам, уни қабз этувчи ҳам Аллоҳ таолонинг ўзидир. Ота-оналаримиз биз туғилганимизда не чоғлик шод бўлишган. Улар бизни ҳаётимиз ва бахтимиз учун барча нарсага тайёр турган. Ҳаётларини шу йўлда фидо этганлар…

Зангиота тумани бош имом-хатиби
НУРАЛИ Мавланов