Басимон келтирган ва солиҳ амалларни
қилганларгина равзада 
хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Мақолалар / ИНСОННИ ҚАДРЛАШ – ИСЛОМИЙ ОДОБ

ИНСОННИ ҚАДРЛАШ – ИСЛОМИЙ ОДОБ

Аллоҳ таоло одамзотни азизу мукаррам қилиб яратган. Унинг шаънини улуғлаб, Ер юзидаги барча нарсаларни унинг манфаати учун пайдо қилган. Инсоннинг шаънига, молига, жонига ноҳақ тажовуз қилишни ҳаром қилган. Қуръони каримда бундай дейилади: «Дарҳақиқат, (Биз) Одам фарзандларини (азиз ва) мукаррам қилдик ва уларни қуруқлик ва денгизга (от-улов ва кемаларга) миндириб қўйдик ҳамда уларга пок нарсалардан ризқ бердик ва уларни Ўзимиз яратган кўп жонзотлардан афзал қилиб қўйдик» (Исро сураси, 70-оят).

Инсон – ҳаёт гултожи. Унинг қадри, ҳурмати ҳар доим эъзозга лойиқ. Халқимизга хос хислатлар ҳақида гап кетса, албатта, қадр-қиммат, меҳр-оқибат каби фазилатлар тилга олинади. Кексаларни ардоқлаш, кўмакка муҳтожларнинг ҳурматини жойига қўйиш қон-қонимизга сингиб кетган фазилат.

Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам: “Кичикларимизга раҳм-шафқатда ва катталаримизга ҳурмат ва иззатда бўлмаганлар биздан эмас”, дедилар (Имом Термизий ривояти).

Ушбу муборак ҳадиси шариф ўзбек халқининг онгу шуурига сингиб кетган, урфу-одатига айланган. Ўсиб келаётган ёш авлодни маънавий муҳитини соғломлаштира олсак, инсоннинг қадр ва шаънига бўлган ҳурматнинг асосини мустаҳкамлаган бўламиз. Исломда инсоннинг қадр-қиммати қалбининг поклиги, ундаги иймон-ихлос ва қилган яхши амаллари билан ўлчанади. Ислом назарида қалби пок, имонли инсон дунёдаги барча гўзал суратлардан гўзалдир, мўмин инсоннинг солиҳ амали дунёдаги барча молу дунёдан устундир. Аллоҳ таоло инсонни ташқи суратига эмас, қалбининг поклигига қараб баҳолайди.

Аллоҳ таоло инсонни молу дунёсига эмас, солиҳ амалига қараб тақдирлайди. Инсон қадрини ўлчашнинг ана шу илоҳий мезонлари ишга солингандагина инсонлар ўзларининг ҳақиқий қадрларини топадилар. Ана шунда ҳар бир инсон иложи борича қалбини поклашга, солиҳ амал қилишга интилади. Турли ўткинчи ҳою хаваслар, молу дунёга ҳирс қўйишлар ўз аҳамиятини йўқотади. Ана ўша илоҳий, одил ўлчов туфайли қора танли қул Билол Ҳабаший инсон зоти мушарраф бўлмаган шарафга, яъни Каъбаи Муаззама устига чиқиб, илоҳий мадҳия − азон айтишга эришди.

Шунинг учун ҳам инсон қадр-қийматини ўлчашни шариат ўз зиммасига олган. Шариат ўлчови бўйича инсон қадр-қиймати унинг молу пулига қараб эмас, мансабию насабига қараб эмас, тақвоси ва аҳли солиҳлигига қараб ўлчанади.

Бир тақводор, аҳли солиҳ камбағал Ислом дини назарида Ер юзи тўла бою бадавлат фосиқлардан кўра афзал.

Инсон ўз қадрини билиши учун маърифат сохиби бўлиши керак. Инсон ўз қадрига номуносиб ишни ўзгага хам раво кўрмаслиги ва ўз қадрига нолойиқ шароитга рози бўлмаслиги керак. Қадрласанг, қадр топасан, қадрланасан, дейди халқимиз. Бу дунёда ўзгаларни қадрлаб ва қадрланиб яшаш барчамизга насиб қилсин.

Одилжон НАРЗУЛЛАЕВ,

Янгийўл туманидаги “Имом султон” жоме масжиди имом-хатиби

[carousel-horizontal-posts-content-slider]