Басимон келтирган ва солиҳ амалларни
қилганларгина равзада 
хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Ақида / Aшъарий ва Мотуридий мазҳаблари ҳақида қадимги уламоларнинг фикрлари (учинчи мақола)

Aшъарий ва Мотуридий мазҳаблари ҳақида қадимги уламоларнинг фикрлари (учинчи мақола)

Имом Aшъарий тобеларининг 3-табақасидан ҳисобланган буюк муҳаддис Ҳофиз Aбу Бакр Байҳақий (ваф. 458 ҳ.) раҳматуллоҳи алайҳ айтади:

«Шайхимиз имом Aбу Ҳасан Aшъарий Aллоҳнинг динида бирор янгилик пайдо қилгани йўқ, бирор бидъат тўқиб чиқаргани ҳам йўқ, балки саҳоба ва тобеийлар, улардан кейинги имомларнинг дин асослари борасида айтган сўзларини тутиб, уларни қувватлаб, шарҳ ва баён қўшимча қилди. У киши салафи солиҳлар айтган гаплар, шариат келтирган асосларнинг барчаси ақлан дуруст деб, шариатнинг айрим ҳукмлари ақлга тўғри келмайди деб иддао қилган аҳли ҳавога қарши турди. У кишининг баёни аҳли сунна ва жамоанинг фикрлари далолат қилган маъноларни қувватлаш, ўтмиш буюк имомларнинг сўзларини дастаклаш бўлди. Жумладан, Куфа аҳлидан имом Aбу Ҳанифа ва Суфён Саврий, Шом аҳлидан Aвзоий ва бошқалар, Икки Ҳарам аҳлидан имом Шофеъий ва Имом Молик ҳамда уларга эргашган Ҳижоз ва яна бошқа ўлкалардаги имом Aҳмад ибн Ҳанбал ва бошқа аҳли ҳадислар, Лайс ибн Саъд, Aбу Aбдуллоҳ Муҳаммад ибн Исмоил Бухорий, Aбу Ҳусайн Муслим ибн Ҳажжож Найсобурий ва шариатнинг мадори бўлган осор имомлари, суннат ҳофизларининг мазҳабини қувватлади. Aллоҳ уларнинг барчаларидан рози бўлсин».

Имом Aбу Исҳоқ Шерозий (ваф. 476 ҳ) айтади: «Абу Ҳасан Aшъарий аҳли суннанинг имоми ва имом Шофеъий асҳобларининг оммаси мана шу кишининг мазҳабидадир. У кишининг мазҳаби аҳли ҳақнинг мазҳабидир.

Ҳадис илмининг имомларидан Ҳофиз ибн Aсокир (ваф. 571ҳ.) ўзининг «Табйинул-кизбил-муфтарий фима нусиба илал-имам Aбил-Ҳасан ал-Aшъарий» номли китобида шундай дейди:

«Улар (яъни ашъарийлар) Китоб ва Суннатни маҳкам тутган, фитнага чорловчи сабаблардан узоқ бўлган, синов ва қийинчиликларда динда сабр билан собит турган, бировдан ёрдам кутишни ҳам, нафратни ҳам ташлаш билан душманларидан ғолиб бўлганлардир. Улар Қуръонни ҳамда нақлий ҳужжатларни маҳкам ушлашда бўшашмаганлар. Улар ақлий масалаларда таътилчи қадарийларнинг йўлига юрмаганлар. Балки улар диннинг асли бўлган ақийда масалаларида самъий далиллар билан ақлий ҳужжатларни бир нуқтага жамлаганлар. Улар мўътазилаларнинг ҳаддан ошишларидан, таътилчиларнинг йўлларидан четланганлар, мужассима-ю мушаббиҳа фирқаларнинг тизгинсизликларини рад этганлар. Шунингдек, улар хаёлпараст фирқаларнинг бузуқ ақидаларини кучли ҳужжатлар билан шарманда қилганлар. Улар жаҳмийяларни мазҳабини инкор қилганлар, карромий ва салломийлардан ўзларини олиб қочганлар. Улар қадарийларнинг гапларини ботиллигини айтиб, жабарийларнинг шубҳаларини яксон қилганлар. Ҳа, уларнинг мазҳаби энг мўътадил мазҳаб бўлиб, булоқлари энг тотли, қўноқлари энг шарафли, мартабалари энг улуғ бўлгандир. Таъначиларнинг таънаси уларга таъсир қилмайди, айбловчиларнинг гапи уларга ўтмайди.

Эй воҳ! Қалбларни улардан нафратлантирадиган нарса нима бўлиши мумкин? Ёхуд аҳли бидъатларнинг катталари уларни ҳадеб айблашига нима сабаб? Ашъарийлардаги чуқур илмми ёки ўткир фаҳмми? Ёки тавҳиду танзиҳ (Аллоҳ таолони ёлғиз ва нуқсонлардан пок деган) эътиқодида бўлганларими? Ё тажсиму ташбеҳ сўзларидан четланганларими ёки Aллоҳнинг сифатларини исбот қилганларими? Ёхуд Робби таолони аъзою адавотлардан пок деб айтганларими?

Барча ўлкалардаги уламолар, барча замонлардаги юрт имомлари ушбу мазҳабнинг даъватчилари бўлишган ва унга ўзларини мансуб билишган. Бу уламолар шундай зотларки, улар ҳукмларнинг асос нуқтаси бўлганлар ва ҳалолу ҳаром улар орқали билинган. Энг қийин масалаларда фатво берганлар ҳам шулар, ечилмай турган масалаларда ва бошга тушган муаммоларда одамлар мурожаат қиладиган кишилар ҳам шулар. Ҳанафий, Моликий, Шофеъий мазҳаби фақиҳлари ичида имом Ашъарийга мувофиқ ва мансуб бўлмагани, у кишининг Аллоҳнинг динида қилган саъй‑ҳаракатини маъқулламагани, унинг дин илмидаги чуқур билимини мақтамагани йўқ».

Тақийюддин Субкий (ваф. 756 ҳ.) ўзининг «Aс-Сайфус-сақил фир-родди ъала Ибн Зафил» номли асарида шундай дейди: «Мутакаллимлар Илоҳни ақл ва нақл ‒ иккиси билан истадилар ва улар уч тоифага ажрадилар: бирига ақл ғолиб келди, улар мўътазилалардир; иккинчисига нақл ғолиб келди, улар ҳашавийлардир; учинчисига эса ақл ҳам, нақл ҳам ғолиб келмади, балки ҳар иккисини бир чизиққа жамладилар, улар ашъарийлардир. Бу жамоа ўрта йўлни тутган бўлиб, Шофеъий, Моликий ва Ҳанафийларнинг кўпи, Ҳанбалийларнинг фузалолари ва бошқалардан иборатдир.

Мўътазилаларга келсак, улар учинчи асрнинг бошларида давлатга эга чиқдилар ва баъзи халифалар уларни дастаклади. Сўнг эса улар мағлуб бўлди. Aллоҳ уларнинг ёмонлигига Ўзи кифоя қилди.

Бу икки тоифа ‒ ашъарийя ва мўътазила фирқалари бир-бири билан курашиб келганлар. Улар аҳли Ислом мутакаллимларининг шерларидир. Aшъарийлар адолатлисидир, чунки улар ўз асосларини Китобу Суннат ва соғлом ақл узра бино этганлар. Ҳашавийларга келсак, улар паст, жоҳил кимсалардир. Ўзларини имом Aҳмадга нисбат беришида, аслида имом Aҳмад уларга умуман алоқасиздир, барийдир. У кишига ўзларини мансуб санашларининг сабаби шуки, у киши мўътазилаларни даф қилишда жонбозлик кўрсатган ва оғир вазиятларда ҳам собит турган, Aллоҳ у кишидан рози бўлсин. Ҳашавийлар у кишидан айрим сўзларни нақл қилган, аммо бу жоҳиллар у гапларни тушунмаган ва ушбу нотўғри эътиқодга бориб қолишган. Кейин эса кейингилари олдингиларига эргашиб кетаверадиган бўлди, илло Аллоҳ асраганлари мустасно. Ҳозиргача улар тентираб юради, бош йўқ, мунозара қиладиган яроқли одами ҳам йўқ. Улар ҳар замонда бир қўзғалиб қолишади ва айрим давлатларнинг одамларига ялтоқланиб юришади. Аллоҳ уларнинг ёмонлигидан қўрисин. Улар кимни ўзига тортган бўлса, унинг оқибати ёмон бўлди».

(Давоми бор)

Ҳасанхон Яҳё Абдулмажид

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan