Басимон келтирган ва солиҳ амалларни
қилганларгина равзада 
хурсандчилик қилурлар.

Идда нима?

Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм.

Мусибатзода хотин эрига аза очиб, мотам тутиши ва қалбидаги жароҳатлар битиши учун идда муддатича муҳлат берилади. Зеро, жоҳилият пайтида аёллар йиллаб, ҳатто умрбод мотам иддасида ўтиришарди. Ислом эса бу муаммони оқилона ҳал этиб, аёллар ўз ҳаётларини қайта йўлга қўйишлари учун имкон яратди.

Хўш, идда нима? Бу ҳақда тўхталиб ўтамиз. “Эр ҳур, ҳайз кўрадиган аёлини талоқ қилса, боин бўлсин ёки ражъий ёки учта бўлсин ёки талоқсиз, ўртаси қозининг ҳукми билан ажратилса унинг иддаси уч ҳайздир” (“Жавоҳаротун наййира”).

Идда сўзи санаш, ҳисоблаш маъноларини билдиради. Шариатда эса аёл киши эрининг вафотидан кейин ёки эри билан ажрашганидан сўнг сақлаши лозим бўлган муддат идда деб аталади. Идда ҳайз кўрадиган ҳур аёлга талоқ ва фасх учун учта тўлиқ ҳайз бўлади.

Аллоҳ таоло кўплаб фойда ва манфаатларни, жумладан, ижтимоий алоқаларни мустаҳкамлаш, никоҳни улуғлаш, насабларни муҳофаза қилиш, эр ва боланинг ҳаққини қарор топтириш учун никоҳи бузилган аёлларга идда сақлашни буюрди.

“Сизлардан вафот этиб, жуфтларини қолдирганларнинг аёллари ўзларича тўрт ою ўн кун кутарлар” (Бақара сураси, 234-оят).

Аллоҳ таоло Қуръони Каримда талоқ қилинган аёл ҳайз кўрадиган аёл бўлса, уч ҳайз идда ўтиришини баён қилган. Бу Аллоҳнинг ҳукмидир. Аллоҳ таоло буюрган идданинг бир неча ҳикматларидан биридир. Ҳикматни эътиборга олиб, Аллоҳнинг ҳукми тарк қилинмайди. Зеро, “Аёлларингиздан ҳайздан ноумид бўлганларнинг иддаси, агар шубҳангиз бўлса, уч ойдир. Ҳайз кўрмаганларнинг ҳам” (Талоқ сураси, 4-оят).

Талоқ қилинган аёллар ўзларига қараб, уч ҳайз муддати ўтишини кутиб ўтирадилар. Бир ёки икки талоқ қўйган эрлар идда чиққунга қадар сўз ёки ҳаракат билан қайтиб, никоҳни янгиламасдан, турмушни давом эттиришлари мумкин. Аммо бир ёки икки “боин” (қатъий) талоқ қўйган бўлса, никоҳни янгилаш шартдир. Уч талоқ ёки ундан ортиқ ададни айтиб қўйган бўлса, эр-хотин ўртасидаги шаръий никоҳ бекор бўлиб, бирга турмуш қуриш мумкин бўлмай қолади.

“То битик (идда) ўз муддатига етмагунча никоҳ боғлашга азму қарор қилманг ва билингки, албатта, Аллоҳ ичларингиздаги нарсани ҳам билур” (Бақара сураси, 235-оят).

Бу ерда иддада ўтирган аёлларга ва турмуш ҳақида гапириш мумкинлиги, жимоъ тўғрисида ташвиқот қилиш эса ножоизлиги тўғрисида огоҳлантирилмоқда. Зеро, бу идда чиқишидан олдин турмушга чиқишига ёки идда муддатининг бузилишига сабаб бўлиб қолиши мумкин.

Идданинг айрим ҳикматлари ҳақида бироз тўхталиб ўтамиз. Биринчиси, умумий ҳикмат бўлиб, Аллоҳ таолонинг ҳаққини тўлиқ адо этишдир. Бу буйруқларга итоат қилиш ва қайтариқлардан тийилиш билан бўлади. Мана шу нарса ибодатларнинг асли ҳисобланади. Дунё ва охиратнинг барча хайр баракаси ҳамда икки дунё ташвишларидан қутулишнинг чораси ҳам шундандир.

Иккинчиси, аввалги турмушига вафо қилиш ва Аллоҳнинг ибодати никоҳни қадрлаш. Шу маънода идда ўтириш ижтимоий муносабатларини ҳам мустаҳкамлайди. Бошқа тарафдан эса Аллоҳнинг амрига бош эгиб, идда ва мотам ҳукмларига риоя қилгани учун собиқ эрининг оиласи ҳамда қариндошлари қалбида келинга бўлган муҳаббат янада зиёда бўлади.

Учинчиси, насл-насабни муҳофаза қилиш. Аллоҳ таоло бир инсоннинг насли бошқасиники билан аралашиб қолмаслиги учун аёл бачадонининг ҳомиладан ҳоли эканлигини аниқлашни буюрди.  

Турсуной ДЕҲҚОНОВА

Бўка тумани бош имом-хатибининг

хотин-қизлар масаласи бўйича ёрдамчиси

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan