Аллоҳ сизлардан имон келтирган ва илм ато этилган зотларни (баланд) даража (мартаба)ларга кўтарур. Аллоҳ қилаётган (барча яхши ва ёмон) амалларингиздан хабардордир.

Бош саҳифа / Руҳий тарбия / Охират уламоларининг аломатлари

Охират уламоларининг аломатлари

 

Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм.

Имом Ғаззолий айтадилар: “Аллоҳ таолога муқарраб, камёб ва нодир бўлган охират уламолари борки, қуйида уларнинг бир қанча аломатларини келтириб ўтамиз:
Биринчи аломат:
Олим илм олиш ва таълим бериш воситасида дунё жамлашни ният қилмайди.
Камдан-кам олимларга насиб қиладиган мақом бу. Бунда олим дунёнинг ниҳоятда ҳақирлигини, тубан ва хорлигини, қора ва кирлигини, унинг тезда тугаб қолишини, ҳамда охиратнинг нақадар буюклигини, абадийлигини ва у ердаги неъматларнинг мукаммал эканини ҳис қилади. Яхшилаб билиб олиш лозимки, дунё ва охират иккиси бир-бирига мутлақо зиддир. Бу иккиси худди икки кундош каби, бирини рози қилсанг, иккинчиси хафа бўлаверади. Тарозунинг икки палласи каби, бир палласига оғир солсанг, иккинчиси енгил бўлади. У иккиси машриқ ва мағриб каби, бирига яқинлашсанг, иккинчисидан узоқлашасан.
Қайси инсон дунёнинг ҳақирлигини ҳис қилмай, бу дунёнинг лаззатларига берилиб, охиратда ҳам шундай яшайман, деб ўйласа, унинг ақли ноқисдир. Тажриба ва кузатувлар натижасидан маълумки, бу дунёнинг лаззатлари кетидан қувиш нафақат бу дунёнинг ўзида, балки  охиратда ҳам машаққатлар ва қийинчиликларга сабаб бўлади. Ақли ноқис одам, олим бўла олмаганидек, охиратнинг буюклиги ва  абадийлигини билмаган киши ҳам олим бўла олмайди. Чунки, охиратга иймон келтирмаган одам динсиздир.
Кимки дунё ва охиратнинг бир-бирига зид эканини билмай, иккисининг орасини жамлашга интилса, гўёки у, бўлиши мумкин бўлмаган ва барча пайғамбар алайҳимуссаломларнинг шариатларига хилоф ишни талаб қилибди.
Кимки буларнинг ҳаммасини била туриб, дунёни устун кўрса, у шайтонга хизматчи бўлибди. Унинг шаҳватлари бир куни унинг ҳалокатига, охиратда эса бадбахтлигига сабаб бўлади. Бундай инсон қандай қилиб ўзини олим дейиши мумкин.
Аллоҳ таоло Довуд алайҳиссаломга буюрдики: “Қайси олим дунёга бўлган севгисини Менинг муҳаббатимдан устун қўйса, унинг муножотларидан, зикру тасбеҳларидан ва ибодатларидан лаззатни олиб қўяман.
Эй Довуд! Кимки, дунёнинг нашъу намосига берилиб, сени ва сенга эргашган инсонларни Роббингдан узоқлашишларига сабаб бўлса, ундан ҳол сўрама, суҳбатидан узоқ бўл. Чунки у ўғридир.
Эй Довуд! Агар менинг розилигим талабида юрган кишини кўрсанг, унинг ходими бўл!
Эй Довуд! Ким мен томонга ошиқиб югурса, мен уни зийрак ва оқкўнгил, деб ёзиб қўяман. Кимни зийрак оқкўнгил, деб ёзиб қўйсам, уни азобламайман”.
Яҳё ибн Муоз раҳимаҳуллоҳ  айтадилар: “Ким илму ҳикмат орқасидан дунё орттиришни ният қилиб ҳаракат қилса, унинг илмида равнақ ва ривожланиш бўлмайди”.
Саид ибн Мусаййиб раҳматуллоҳи алайҳ айтадилар: “Амирлар ва мол дунё соҳиблари атрофида ўралашиб юрган илм аҳлини кўрсанг, билгинки, у динида ўғридир”.
Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу  айтдилар: “Қайси олим дунё ва унинг аҳлларига муҳаббатли бўлса, у дин ва унинг аҳллари орасида муттаҳамидир”.
Улуғларимиздан биридан сўрашди: “Гуноҳ қилиб ундан лаззатланадиган киши Аллоҳ таолога ориф бўла оладими?”.  У зот айтдилар: “Мен ҳеч иккиланмай айтаманки, қайси шахс дунёни охиратдан устун кўрса, у ориф бўла олмайди. Гуноҳ қилувчининг даражаси эса бундан анча пастроқ бўлади. Гуноҳ қилиб пушаймон ва тавба қилиш ўрнига, ундан лаззатланувчи киши ҳақида эса  гапириб ҳам ўтирмайман”.
Шу нарсани ҳам ёдда тутиш лозимки, инсон фақатгина мол дунёга муҳаббат қилмаслик билангина охират олими мақомига эга бўлмайди, балки, мансаб-мартабага қизиқишнинг зарарлари, олим учун мол-дунёнинг офатидан ҳам каттароқдир.
Яъни, дунё муҳаббатини дин ва охиратдан устун қўйишнинг зарарлари ҳақидаги  юқоридаги огоҳлантиришлар қанчалик аҳамиятли бўлса, мансаб мартабага қизиқиш ва унга интилиш борасида ундан ҳам муҳимроқдир. Чунки, мансабнинг лаззати мол-дунёникидан ҳам ширинроқдир. Шундай экан мансаб-мартабага хирс қўйишнинг зарари олим учун мол дунёникидан ҳам хатарлироқдир.
Иккинчи аломат:
Олимнинг сўзи ва амали бир хил бўлади. Бошқаларни яхшиликка буюриб, ўзи унга амал қилмайдиганлардан бўлмайди.
Аллоҳ таоло айтади:

أَتَأْمُرُونَ النَّاسَ بِالْبِرِّ وَتَنْسَوْنَ أَنْفُسَكُمْ وَأَنْتُمْ تَتْلُونَ الْكِتَابَ أَفَلَا تَعْقِلُونَ

“Китоб (Таврот ва Инжил)ни ўқиб туриб, одамларни яхшиликка буюрасиз-у, ўзингизни унутасизми?! Ақлни ишлатмайсизми?!” (Бақара сураси, 44оят).
Бошқа оятда яна айтади:

كَبُرَ مَقْتًا عِنْدَ اللَّهِ أَنْ تَقُولُوا مَا لَا تَفْعَلُونَ

“Сизларнинг ўзларингиз қилмайдиган ишни (қиламиз, деб) айтишингиз Аллоҳ наздида катта нафратга (сабаб)дир”. (Саф сураси, 2-оят).
Ҳотамул Аъсом айтади: “Қиёмат куни инсонларга илм ўргатган ва ўзи унга амал қилмаган олимдан кўра кўпроқ ҳасрат чекувчи инсон бўлмайди. Бу тоифа олимлар илмига амал қилмагани туфайли ҳеч вақосиз қолади”.
Ибн Саммок раҳимаҳуллоҳ айтади: “Қандай ҳам ёмон илм аҳллари борки, ўзгаларни Аллоҳ таолони ёд этишга буюрадилар, аммо ўзлари эса Аллоҳни унутадилар. Бошқаларни Аллоҳдан қўрқишга ундайдилар, ўзлари эса Ундан қўрқмайдилар.  Бошқаларни Аллоҳ таолога яқинлаштирадилар, ўзлари эса Ундан узоқлашадилар. Бошқаларни Аллоҳ томон чақирадилар, ўзлари эса Ундан қочадилар”. (Бу яқин ва узоқлик маъносида эмас).
Абдурроҳман ибн Ғанам раҳимаҳуллоҳ айтади: “Мен ўн нафар саҳобаи киромдан қуйидаги мазмундаги ҳадисни эшитдим: “Биз Қубо масжидида илм ҳосил қилиб ўтирган эдик, Набий алайҳиссалом ҳузуримизга кириб келдилар-да: “Қанча бўлса ҳам илм ҳосил қилаверинглар, лекин, Аллоҳ таоло у илмлардан амали бўлмаганига ажр бермайди”,  дедилар.
Аллоҳ таоло барчаларимизни илмига амал қиладиган олимлардан қилсин!

Ашраф Али Таҳонавий раҳимаҳуллоҳнинг «Охират уламоларининг аломатлари» китобидан Тошкент шаҳар «Ҳазрати Алий» жоме масжиди имоми ноиби

Камолиддин Равшан ўғлининг таржимаси