Басимон келтирган ва солиҳ амалларни
қилганларгина равзада 
хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Мақолалар / Тижорат одоблари

Тижорат одоблари

«Тижорат» сўзи арабча сўз бўлиб, луғатда олди-сотди маъносини англатади. Уламолар тижоратнинг таърифида – бир нарсани савдога қўйиб, фойда олиш учун сотиб олишдир»; «Тижорат – олд-сотди ила фойда излашдир»; «Тижорат – фойда кўриш мақсадида молни айлантиришдир» ва ҳоказо.

Тилимизда эса тижорат-савдо, тожир-савдогар шаклида ишлатилиши кўпроқ учрайди. Биздаги «савдо» сўзи арабча «байъ» сўзига ҳам тўғри келади. «Байъ» сўзи луғатда «ўзаро бир нарсани алмаштириш»ни англатади. Шариатда эса бир молни иккинчи бир мол муқобилига рози бўлиб қабул қилиб олишга «байъ» деб айтилади. Қисқа қилиб айтганда, «савдо» сўзи «тижорат» сўзидан умумийроқ бўлиб, бугунги куннинг истилоҳидаги  «бозор муомалалари» маъносига яқинроқ келади.

  Тижоратнинг шариатга киритилишига Қуръони карим оятларидан, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларидан бир қанча далиллар бор.

  Аллоҳ таоло Нисо сурасида марҳамат қилади:
«Эй иймон келтирганлар! Бир-бирларингизнинг молларингизни ботил йўл билан еманг, магар ўзаро розилик ила тижорат бўлса, майли. Ўзингизни ўзингиз ўлдирманг. Албатта, Аллоҳ сизларга ўта раҳмлидир» (29-оят).

Ҳозирги кунда кенг тарқалган рибохўрлик, яъни судхўрлик ҳам инсонни ҳалокатга олиб борувчи гуноҳ ишдир.

  Аллоҳ таоло Бақара сурасида шундай марҳамат қилади:
«Ҳолбуки, Аллоҳ тижоратни ҳалол қилган, рибони эса ҳаром қилган» (275-оят).
 

Бугунги кунимизнинг тожирлари ичида ҳам тижорат одобларига қўлдан келганича амал қиладиганлар мавжуд. Уларга ёрдам сифатида бу борадаги баъзи тавсияларни тақдим қилмоқчимиз:
• Тижоратнинг энг муҳим ва дастлабки одобларидан бири савдо ва унинг турларига оид шаръий ҳукмларни яхшилаб ўрганишдир.
•Тожир савдо молини мақташ учун ёлғон гапириш ҳаром эканини зинҳор унутмаслиги зарур.
• Савдо молини ўтказиш учун ёлғон қасам ичиш энг катта гуноҳлардан биридир.
• Савдогарнинг ростгўй бўлмоғи унинг бу дунёси ва охирати учун шарафли унвондир.
• Савдода одамларнинг кўзини бўяш, алдамчилик каби ҳам ҳаромдир.
• Тарозидан ва ўлчовдан уриб қолиш мутлақо ҳаромдир.
• Савдода ҳаром қилинган ишлардан бири эҳтикор(монополия)дир.
• Савдода ҳаром қилинган нарсалардан яна бири рибонинг барча турлари ва кўринишларидир.
• Савдода ҳаром қилинган ишлардан бири бозорга келтирилаётган савдо молининг олдини тўсиб чиқиб, арзонга олиб, қимматга сотишдир.
• Савдода ҳаром қилинган ишлардан бири бировнинг савдоси устига, у баҳолашишини тугатмай туриб савдо қилишдир.
• Савдода ҳаром қилинган ишлардан бири шариатда ҳаром қилинган нарсаларнинг савдосидир.
• Савдо одобларидан бири ниятни яхшилаш ва Аллоҳ таолони зикр қилишдир.
• Савдогарларнинг муҳим одобларидан бири саҳархезлик ва ишни эрта бошлашдир.
• Савдогарларнинг одобларидан бири бақир-чақир қилмаслик ва одобларга риоя қилишга интилишдир.
• Мусулмон савдогар бағрикенг, осонликни истайдиган, баъзи нарсаларни ўтиб юборадиган бўлади.
• Мусулмон савдогар нархни ҳаддан ташқари қиммат қилиб юбормаслиги ҳам юксак одобдир.
• Савдогар киши шубҳали нарсалардан йироқда бўлиши жуда ҳам зарурдир.
• Савдогарларнинг одобларидан бири савдо молидан хайр-эҳсон қилиб туришдир.
• Савдогар киши тижорат молларидан закот фарзлигини зинҳор унутмаслиги ва бу молиявий ибодатни вақтида адо этиб туриши лозим.
• Мусулмон савдогар ўзининг ҳамкасиблари билан яхши алоқада бўлади.
• Савдогарларнинг муҳим одобларидан бири золим харидорга ёрдам бермасликдир.
• Савдогарларнинг муҳим одобларидан бири харидор билан гўзал муомалада бўлиш.
• Савдогарларнинг алоҳида аҳамият беришлари лозим бўлган ишларидан бири қалбаки пулларни муомалага киритмасликдир.
• Савдодан айниб қолган харидорга ёрдам бериш ҳам савдогарларнинг гўзал одобларидандир.

«Ижтимоий одоблар» китобидан

[carousel-horizontal-posts-content-slider]