Басимон келтирган ва солиҳ амалларни қилганларгина равзада хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Мақолалар / Тилсиз насиҳатчи (дўстимнинг ҳикояси)

Тилсиз насиҳатчи (дўстимнинг ҳикояси)

Ҳар йили бир бор “Ногиронлар уйи”га ота-онам ва оилам билан биргаликда бориб, дастурхон тузиб, у жойдаги азиз инсонларга ош берамиз. Бозорликдан тортиб, дастурхон тузаш, чойу ош тортишга қадар, барчасини ўзимиз бажарамиз. Улар билан бирга чой ичиб, суҳбатлашамиз. Кўпроқ уларни тинглашга ҳаракат қиламиз. Ушбу маскандаги инсонларга боқиб, “Мен ҳам шундай яратилишим мумкин эдику”, дея соғ-саломат ҳолда дунёга келтирганига беихтиёр мақтовлар айтиб юборасан киши. Бу жойни манманлик, тушкунлик ва ношукрлик мисол ўта хавфли дардларнинг бехарж ва текин шифохонаси, деса ҳам бўлади. Уларни зиёрат қилиб, ўзингга келасан. Бутун ташвиш ва дардларни унутиб юборасан. Аллоҳга чексиз шукроналар айтасан. У жойда на юришмай қолган бизнес ва на бошқа муаммолар инсонни ташвишга солади. Ўзингни ҳудди кўкда парвоз қилиб юргандек, бахтли эканингни ҳис этасан. Ўша жойда бир йигит бор. Ёши йигирмада. Жуда ҳам ақлли, зукко ва хушмуомала. Бироқ, бўйи тахминан саксон сантиметр. Юра олмайди. Ўтирармикин, десам ўтиролмас ҳам экан. Фақат ётади…

Улар ҳақида ошпаз билан суҳбатлашиб турсам, у шундай деди: “Дунёда иши юришиб, мол-давлати кўпайиб кетган инсон ҳам, иши орқага тортиб, ўзини энг қашшоқ ва бахтсиз, деб билган инсон ҳам ушбу жойга келса бир зумда ўзига келади. На унга психолог ва на бир сўз устаси бўлган воизнинг кераги йўқ. Бу жой ўз аъзолари учун уй бўлса, ўзгалар учун тилсиз насиҳатчидир!”.

Ушбу танишимдаги ажойиб хислатлар асосан унинг кўп китоб ўқиши, яхшилар орасида кўп юришиданми, десам ундай эмас экан. У буларнинг барчасини ўша “Тилсиз насиҳатчи”дан топган экан.

Хаёлимга бир фикр келди. Ҳа, улар қайсидир гуноҳлари учун бу ҳолда яратилмаган. Асло ундай эмас. Улар ажойиб ва ҳурматли инсонлар. Биз билмаган ва ҳис этмаган кўп нарсаларни билади ва ҳис эта олади. Улар хилқатан саломат ҳолда яратилган инсонларни ўзлигини унутиб қўймаслиги учун ибрат тарзида яратилган. Демак, биз уларни кўпроқ эслашимиз ва албатта ҳолларидан тез-тез хабар олишимиз даркор экан. Уларнинг барча шароитлари етарли даражада. Уларга дунё керак эмас. Уларга биргина, ҳа атиги биргина инсоний меҳр ва эътибор керак, холос.

Зангиота тумани бош имом-хатиби

НУРАЛИ Мавланов