Басимон келтирган ва солиҳ амалларни
қилганларгина равзада 
хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Bo'limsiz / АЛЛОҲНИНГ ЙЎЛИГА ЧАҚИРИШ ОДОБЛАРИ

АЛЛОҲНИНГ ЙЎЛИГА ЧАҚИРИШ ОДОБЛАРИ

 Тоқати етган даражада Аллоҳнинг йўлига чақириш ҳар бир мусулмоннинг зиммасидаги амаллардан ҳисобланади. Бунда даъватчи даъват одобларига риоя килиши лозимдир. Қуйида биз қисқача қилиб унинг одобларидан энг зарурларини зикр қилиб ўтамиз:

Биринчи одоб – ихлосли бўлиш.

 Қилинаётган амаллар Аллоҳнинг ҳузурида қабул бўлиши учун ихлос шарт қилингандир. Яъни даъватчи ҳақиқий даъватчи бўлиши ҳамда амали Аллоҳнинг ҳузурида қабул бўлиб, унга савоб олиши учун ихлос муҳим ўрин тутади. Агар амалда ихлос бўлмаса, у самара бермайди ва оқибати ёмон бўлади. Аммо ихлос билан қилинган амаллари учун банда улкан ажрларга эга бўлади.

 Иккинчи одоб – илмли бўлиш.

 Даъватчи нимага даъват қилаётган бўлса, ўша нарсанинг илмини аввал ўзи билиши лозим. Агар у одамларни ўзи билмаган нарсага даъват қиладиган бўлса, унинг фойдасидан кўра зарари кўпроқ бўлади. Аллоҳ таоло Қуръони Каримда марҳамат қилиб шундай дейди:

  «Айтинг: «Менинг йўлим – шу! Мен ва менга эргашганлар аниқ ҳужжат билан Аллоҳга даъват этамиз. (Ҳар қандай шерикдан)Аллоҳни пок деб биламан. (Зеро,)мен мушриклардан эмасман» (Юсуф сураси, 108-оят).

 Даъватчи қачон даъват қилишни, кимни даъват қилишни ва қандай даъват қилишни билиши учун шаръий илмни, хусусан, даъват илмини пухта эгаллаган бўлиши лозим. Чунки илм амалнинг йўлбошчисидир. Кўпчилик даъватчилар бу нарсалардан бехабар бўлган ҳолда даъват қилишади ва уларнинг фойдасидан кўра зарари кўпроқ бўлади. Натижада улар одамларни Исломдан нафратлантириб қўйишади.

Учинчи одоб – тингловчиларнинг ҳолини ҳисобга олиб даъват килиш.

 Аллоҳнинг йўлига чақирувчи киши даъват қилинаётган инсонларнинг ҳолатини ҳисобга олиши лозим. Шунга кўра у муносиб ва манфаатли услубни ихтиёр қилсин. Мисол учун, оддий халкни даъват қилишда фойда берган услуби подшохларни даъват қилишда фойда бермаслиги мумкин. Шунинг учун Аллоҳ таоло Мусо ва Ҳорун алайҳиссаломларни Фиръавнга юбораётганида уларга қуйидагича йўл кўрсатган:

 «Бориб, унга юмшоқ сўз айтинг! Шояд, у эслатма олса ёки (ҳалок қилишимдан) қўрқса» (Тоҳа сураси, 44-оят).

 Шунингдек, чайқовчилик билан шуғулланувчи савдогарларга манфаат берган услуб китобхонлар ва ақлий меҳнат билан шуғулланувчи зиёлиларга фойда бермаслиги мумкин. Даъватчи киши одамларнинг касби-кори ва фикр юритиш доирасидан келиб чиқиб, жамиятнинг турли қатламига турлича услуб билан даъват қилиши лозим бўлади. Бундан мақсад ҳар бир инсонга у тушунадиган услубда ва унинг тилида даъват килишдир. Қуръони Каримда шундай дейилган:

 «Биз ҳар бир пайғамбарни (ҳукмларимизни) баён қилиб бериши учун ўз қавмининг тили билан (сўзлайдиган қилиб) юбордик» (Иброҳим сураси, 4-оят).

 Тўртинчи одоб – мумкин бўлган имкониятдан фойдаланиб қолиш.

 Даъватчи фурсат булиши билан уни ўтказиб юбормасдан, барча қулай имкониятлардан фойдаланиб қолиши лозим. Масалан одамлар жанозага ҳозир бўлишса, шу фурсатдан фойдаланиб олсин. Яъни одамлар қаерда бирор вокеа-ҳодиса сабабли жам бўлишса, қаерда даъватга имконият бўлса, уларни одоб-ахлоққа чақириб, уларга яхшиликни насиҳат қилиб олиши керак. Юсуф алайҳиссалом зиндондаги вақтини ҳам беҳуда ўтказмади. У зот бу фурсатни ғанимат билди. У ердаги ҳамзиндон бўлган йигитларни тўғри йўлга даъват қилди. Қуръони Карим бу ҳакда шундай хабар беради:

 «У (Юсуф): «Мен сизларга ризқ бўладиган таом келгунига қадар унинг (яъни тушнинг) таъвили қандай эканининг хабарини бераман. Бу иш менга Роббим таълим берган нарсалардандир. Чунки мен Аллоҳга иймон келтирмайдиган ва охиратга кофир бўлган қавмнинг миллатидинини тарк этган одамман», деди. Шунингдек, оталарим Иброҳим, Исҳоқ ва Яъқубнинг миллатидинига эргашдим. Биз учун Аллоҳга бирор нарсани шерик қилиш мумкин эмасдир. Бу бизга ва одамларга Аллоҳ берган фазлдир. Лекин одамларнинг кўплари шукр қилмаслар. Эй ҳамзиндон дўстларим, турлитуман «илоҳлар» яхшими ёки ёлғизу Қаҳҳор Аллоҳми? Сизлар Ундан ўзга, ўзингиз ва ота-боболарингиз номлаб олган исмларга, Аллоҳ уларга бирон ҳужжат нозил қилмаган нарсаларга ибодат қилмоқдасизлар. Ҳукм килиш фақат Аллоҳнинг Ўзига хосдир, У фақат Ўзигагина ибодат қилишингизни амр этди. Ана ўша тўғри диндир. Лекин одамларнинг кўпи билмаслар» (Юсуф сураси, 37-40-оятлар).

 Даъватчи ҳар бир фурсатдан мана шундай фойдаланиб қолмоғи лозим.

Бешинчи одоб Даъват қилиш учун турли ҳолат ва вақтларни ҳисобга олиш.

 Даъват қилинувчи кишининг ҳолатини ҳисобга олиб даъват қилиш керак. Масалан ухлаб ётган кишини уйғотиб даъват қилинмайди. Ёки ғазаби қайнаб турган кишини ҳам даъват қилинмайди. Бунда у жаҳл билан ҳақни инкор қилиб юбориши ва катта гуноҳга мубтало бўлиши мумкин. Агар сокин ҳолида даъват қилинса, у даъватга қулок осади. Шунинг учун даъватга муносиб вақтни, муносиб ҳолатни ва шу пайтда гапириш муносиб бўлган гапларни ихтиёр қилиши лозим.

Олтинчи одоб – даъватни Аллоҳ таоло бошлаган даъват билан бошлаш.

 Аллоҳ таолонинг пайғамбарлари ўз қавмларини даъват қилишда даъватни аввал тавҳиддан, Аллоҳга ихлос ила ибодат қилишдан ва тавҳид калимасининг ҳакикий маъноси нима экани ҳакида таълим беришдан бошлашган. Бу ҳакда Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай дейди:

 «Дарвоке, Биз ҳар бир умматга: «Аллоҳга ибодат қилингиз ва шайтондан йироқлашингиз)!» (деган вахий билан) пайғамбар юборганмиз» (Наҳл сураси, 36-оям)

 «Биз сиздан илгари юборган ҳар бир пайғамбарга: «Мендан ўзга илоҳ йўқ, шундай экан, Менга ибодат қилинг!» деб ваҳий қилганмиз» (Анбиё сураси, 25-оят).

 Нуҳ алайҳиссалом даъватни қуйидагича бошлаган:

 «Эй кавмим! Аллоҳга ибодат қилинг! Сизларга Ундан ўзга илоҳ йўқдир» (Аъроф сураси, 59-оят).

Шунингдек, Ҳуд алайҳиссалом ҳам:

 «Эй қавмим! Аллоҳга ибодат қилинг! Сизларга Ундан ўзга илоҳ йўқдир», деганлар (Аъроф сураси, 65-оят).

 Солиҳ алайҳиссалом ҳам ўз қавмларини:

 «Эй қавмим, Аллоҳга ибодат қилинг! Сизларга Ундан ўзга илоҳ йўқдир», дея даъват қилганлар (Аъроф сураси, 73-оят).

Шуайб алайҳиссалом ҳам:

  «Эй кавмим! Аллоҳга ибодат қилинг!» деганлар (Аъроф сураси, 85-оят).

 Иброҳим алайҳиссалом эса:

 «Иброҳимни (эсланг), у ўз қавмига: «Аллоҳга ибодат қилинг ва Ундан қўрқинг!» деган эди» (Анкабут сураси, 16-оят).

 Ҳаммамизга маълумки, Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг даъватлари ҳам энг аввал якка Аллоҳга ихлос ила ибодат қилишга чақириш бўлган. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобаи киромларга ҳам худди шу нарсани таълим берганлар. Қуйидаги ҳадис шунга далил бўлади:

 Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят килинади:

 «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳуни Яманга юбораётганларида: «Сен аҳли китоб бўлган қавмга боряпсан, уларни даъват қиладиган биринчи нарсанг Аллоҳга ибодат қилишга чақириш бўлсин. Улар Аллоҳни танисалар, Аллоҳ уларнинг зиммасига бир кечакундузда беш вақт намозни фарз қилганини айт. Агар улар буни бажарсалар, Аллоҳ уларнинг зиммасига молларидан закот олиниб, камбағалларига берилишини фарз қилганини айт. Агар улар бунга итоат қилсалар, улардан (закотни)ол ва уларнинг нафиссара молларини олишдан эҳтиёт бўл», дедилар» (Бухорий ривоят қилган).

 Ушбу ҳадисда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳуни аввал тавҳид, сўнгра намоз, сўнгра закотга даъват қилишга буюряптилар. Бундан бошқа нарса билан бошланган даъватнинг натижа бериши амримаҳолдир. Яъни даъватчининг асосий мақсади даъват қилинаётган кишига тавҳиднинг таълимини бериш бўлсин. Қолган амаллар шунинг устига бино бўлади.

 Еттинчи одоб – даъватни тартиб билан, аввал энг муҳим ишлардан бошлаш.

 Юқорида ўтган одоблардан маълум бўладики, даъватчи тартиб билан, аввал энг муҳим ишлардан бошлаши керак. Пайғамбар алайҳиссалом ҳам Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳуга даъватни аввал тавҳид, кейин намоз, сўнгра закотга буюриш билан бошлашни амр қилганлар. Шунинг учун даъватчи тартиб билан, аввал энг муҳим ишлардан бошлаши мақсадга мувофик бўлади.

 Саккизинчи одоб – даъват муваффақиятли бўлишига ёрдам берадиган барча имкониятлардан фойдаланиш.

 Даъватчи даъвати муваффақиятли бўлишида барча воситалардан унумли фойдаланиши керак. Масалан, диннинг соғлик учун манфаатли экани борасида, наслни ҳимоя қилишида тиббий статистик маълумотлар келтириб даъват килсин. Шунингдек, телевизор, радио, интернет каби ахборат воситалари, китоб, газета ва журнал каби матбуот хизматларидан ҳам фойдаланиши лозим бўлади.

 Тўққизинчи одоб ҳикмат ва гўзал мавъиза билан даъват қилиш.

 Даъватчи ҳикмат ила даъват қилиши лозим. Чунки бу Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг йўлларидир. Қуръон ва Суннатга мувофик даъват қилиш ҳикмат ила даъват қилиш дейилади.

 Шунингдек, мавъизада мисоллар, ҳикоялар ва воқеий қиссалар келтириб, Аллоҳ таолонинг неъматларини эслатиб, гўзал тарзда мавъиза қилса, мавъиза манфаатли бўлади. Кўполлик билан мавъиза қилишдан сақланиш лозим. Чунки қўполлик яхшилик олиб келмайди. Аллоҳ таоло Қуръони Каримда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳақларида шундай деган:

 «Аллоҳнинг раҳмати сабабли (сиз, эй Муҳаммад,)уларга (саҳобаларга)мулойимлик қилдингиз. Агар дағал ва бағритош бўлганингизда, (улар) атрофингиздан тарқалиб кетган бўлур эди» (Оли Имрон сураси, 159-оят).

 «Даъватчи қўполлик, шиддат, қаттиққўллик ва уришиб бериш кабилар оркали даъват қилса, унинг даъвати хунуклашади. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам мулойимликни лозим тутиш ҳақида шундай деганлар:

 Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:

 «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қайси нарсада мулойимлик бўлса, уни зийнатлайди. Қайси нарсадан мулойимлик ажратиб олинса, уни шармисор қилади», дедилар» (Муслим ривоят қилган). У зот яна шундай деганлар:

 Жарир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:  «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким мулойимликдан маҳрум бўлса, барча яхшиликдан маҳрум бўлади», дедилар» (Муслим ривоят қилган).

 Шунинг учун даъватчи Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг хулклари билан зийнатланган бўлиши керак. Бу хулкларнинг энг улуғи мулойимликдир. Даъватчи даъват йўлида турли азиятларга рўбарў келиши мумкин. Бундай азиятларни мулойимлик хулқи билан қарши олиши лозим бўлади.

 Ўнинчи одоб – даъватда ҳақоратли сўзларни ишлатмаслик.

 Даъватда ҳақоратли сўзларни ишлатиш тингловчиларнинг нафратланишига сабаб бўлади. Даъватчи ҳеч қачон ўзини улардан устун қўйиб, ажралиб олмаслиги лозим. Балки ҳар бир тингловчини ўзига биродар деб билиши, унутилиб бораётган ишлар хусусида насиҳат қилаётганини эслатиши керак. Тингловчиларни залолат ва маъсиятда айбламасдан, уларда яхшилик борлигини, мақсади фақатгина айрим камчиликларни бартараф қилиб, баъзи хулқлар билан хулқланишлари лозимлигини билдириб қўйиш эканини айтиши лозим. Аллоҳ таоло Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга шундай хитоб қилган:

 «(Эй Муҳаммад! Мушрикларга) айтинг: «Ким сизларни осмонлардан ва ердан ризқлантирур?» (Жавобини ҳам ўзингиз бериб:) «Аллоҳ», денг! Шак-шубҳасиз ё бизлар ёки сизлар ҳидоят устида ёки очик залолатдадир» (Сабаъ сураси, 24-оят).

 Бу оятда мушрикларга нисбатан «сизлар аник залолатдадирсиз», дейилмади. Балки, уларга «Шак-шубҳасиз ё бизлар ёки сизлар ҳидоят устида ёки очиқ залолатдадир» деб, лутф ила муомала қилинди. Даъват шундай услуб билан қилинадиган бўлса, тингловчининг нафсонияти олдида даъватни қабул қилишга қарши турган тўсиқ завол топади.

 Ўн биринчи одоб – даъватчи даъват қилинаётган шахсга ўзини тенг қилиб кўрсатиши.

 Агар даъват қилинаётган шахс тортишмоқчи бўлса, даъватчида эса унинг ҳужжатлари нотўғри эканини исбот қиладиган қарши ҳужжат бўлса ҳам, то у далил-исботини келтириб бўлгунича шошмасдан, унга имконият бериши лозим. Унинг далил-исботини тинглаб бўлиб, кейин унинг ҳужжатлари нотўғри эканини исботласин. Бунда даъватчи баъзи масалаларда гўё ўзини у билан бир хил фикрда қилиб кўрсатиб, сўнгра ўзидаги ҳужжатлар билан унинг сўзи ва далиллари нотўғри эканини исбот қилсин. Иброҳим алайҳиссаломнинг қавми билан тортишганига назар солайлик:

 «Уни тун ўраб олганида юлдузни кўриб: «Мана шу Роббимдир», деди. У ботиб кетганида эса: «Ботувчиларни ёқтирмасман», деди. Чиқаётган ойни кўрганида: «Мана шу Роббимдир», деди. У ҳам ботганида: «Агар Роббим мени тўғри йўлга бошламаса, албатта адашувчилардан бўламан», деди. Чиқаётган қуёшни кўрганида: «Мана шу Роббим. Бу каттарок», деди. У ҳам ботиб кетганида: «Эй қавмим, мен сиз ширк келтираётган нарсадан воз кечдим», деди» (Анъом сураси, 76-78 оятлар).

 Бу услуб даъват ва мунозарада фойдали бўлган услубдир.

 Ўн иккинчи одоб – даъват қилинаётган шахс даъватни қабул қилиш ёки қилмасликда ихтиёрли эканини билдириб қўйиш.

 Даъватчи даъват қилинаётган шахсни иймонга чақираётган бўлса, унга даъватни қабул қилишда дунёда мажбур эмаслиги, балки ихтиёрли эканини, лекин қабул қилмаса, охиратда оқибат ёмон бўлишини билдириб қўйиши лозим. Агар даъватни эшитишни истамаса, тўхтатиши мумкинлигини ҳам билдириб қўйсин.

 Мусъаб ибн Умайр розияллоҳу анҳу Усайд ибн Ҳузайр ва Саъд ибн Муоз розияллоҳу анҳумони даъват қилганида, улар Мусаъбни давомли даъват қилишдан қайтаришди. Шунда Мусъаб улардан ҳар бирига: «Ўтириб, эшитиб кўр, агар маъқул бўлса, қабул қил, агар хоҳламасанг, сен хоҳламаётган нарса сенга айтилмайди», деди. Шунда у иккиси Мусъабнинг сўзига қулок солишди ва Аллоҳ таоло уларнинг қалбини очиб, улар иймонга келишди. Сўнгра уларнинг кетидан қавмлари ҳам Исломни қабул қилишди. Бу услуб ҳам даъватда жуда манфаатли услубдир. Айниқса бугунги кунда, инсонлар ҳурфикрлиликни даъво қилаётган, ахлокий таназзулга юз тутган ва фисқу фасод урчиган замонда бу услуб даъватнинг энг манфаатли услубларидан биридир.

[carousel-horizontal-posts-content-slider]