Басимон келтирган ва солиҳ амалларни
қилганларгина равзада 
хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Мақолалар / Ношукурлик ёхуд омонатга хиёнат

Ношукурлик ёхуд омонатга хиёнат

Ислом дини тинчлик, инсонлар ўртасида меҳр-мурувват, ўзаро ҳурмат ва инсоний фазилатларга даъват этувчи диндир.

 Динимиз таълимотида ер юзини обод қилиш, яхши ишларни амалга ошириш, Аллоҳ берган неъматларидан фойдаланиб шукрона келтириш улкан савобларга сабаб бўлувчи солиҳ амаллар ҳисобланади. Аксинча, ер юзида фисқу фасод қилиш, бировнинг молига-жонига қасд қилиш, қолаверса ўз жонига қасд қилиш каби ишлар қораланиб, улар оғир гуноҳлар эканлиги таъкидланади.

Ислом динининг асослари бўлмиш Қуръони карим оятлари ва Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларида инсоннинг ҳаётига ноҳақ тажовуз этиш, ўзини ўзи ўлдириш, бировнинг моли, ор-номусига зарар етказиш қатъиян ман этилади. Ҳаёт инсон учун бир маротаба бериладиган энг қадрли омонатдир. Шунингдек, у Аллоҳ таоло томонидан инсонларга берилган имконият ва масъулиятдир. қолаверса, Аллоҳ таоло берган шундай даражага мос ҳолда яшашга ҳаракат қилиш керак. уни суистеъмол қилиб ўз жонига қасд қилган одамни Аллоҳ таоло кечирмайди.

Одамзот бундай неъматларни асраб-авайлаб, уни қадрлаши, хиёнат қилмаслиги, акс ҳолда энг оғир жиноята қўл урган, ўзи эса катта гуноҳ орттирган ҳисобланади. Қуръони каримда инсонни ўзининг яшаш ҳуқуқига тажовуз қилишидан ман этилиб:

Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилади:

«Ўзингизни ўзингиз ўлдирманг. албатта, Аллоҳ сизларга раҳмлидир. Ким ҳаддан ошиб, зўравонлик билан шундай қилса, биз уни дўзахга киритажакмиз. Бу Аллоҳ учун осон бўлган ишдир» (Нисо сураси, 29-30 оят).

Имом Бухорий ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дейдилар: «Аллоҳ таоло ҳадиси қудсийда марҳамат қилади: «Бандам ўзини-ўзи ўлдириб, менинг унга берган умримга шукр қилмай, шошилди. Шунинг учун унга жаннатни абадий ҳаром қилдим».

Яна ҳадисда: «Ким ўзини бирор нарса билан ўлдирса, қиёматда ўша нарса билан азобланади»,– деганлар.

Муттафақун алайҳ.

Минг афсуслар бўлсинки, ҳозирги кунда баъзи инсонларда ва ёшларда ҳаётнинг баъзи муаммоларига сабру матонат етишмай ўз жонларига қасд қилаётганларининг гувоҳи бўлиб турибмиз. Буни Аллоҳ берган ҳаётига ношукрлик оқибати деб баҳолашдан ўзга чора йўқ. Бундай мудхиш ҳолатлар нафақат Ислом таълимоти, балки Аллоҳ таолонинг қазои қадарига ҳам туғён қилиш, унга қарши бориш демакдир. Ўз-ўзини ўлдириш нақадар оғир гуноҳ эканини шундан ҳам билиш мумкин.

Ҳар биримиз ёшлар тарбиясига эътиборли бўлиб, уларни миллий, диний қадриятларимизга амал қилган ҳолда таълим тарбия берсак, ўзимиз хоҳлагандек орзу-ҳавас кўрсатадиган, халқига ва жамиятга фойдаси тегадиган ҳаётнинг баъзи муаммоларига дуч келганда довдираб юқоридаги номақул ишларни қилиб ота-онасини юзини ерга қаратиб кетадиган эмас, жисмонан, руҳан тетик ва маънан соғлом, етук фарзандларни вояга етказган бўлардик. Шундагина бундай салбий ҳолатларнинг олдини олишга озгина бўлса ҳам ҳиссамизни қўшган бўламиз.

Пискент тумани бош имом-хатиби Зайнилобиддинхон Қудратов