Басимон келтирган ва солиҳ амалларни
қилганларгина равзада 
хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Bo'limsiz / Фиқҳий мазҳабларга эргашиш аҳамияти.

Фиқҳий мазҳабларга эргашиш аҳамияти.

«Мазҳаб» сўзи арабча сўз бўлиб, «йўл», «йўналиш» маъноларини билдиради. Шаръий истилоҳда эса, «бирор диний масала, муаммо бўйича муайян мужтаҳид олимнинг фатво чиқариш йўлидир». Саҳоба ва тобеинлар даврида мазҳаблар кўп бўлган. Аммо вақт ўтиши билан улар орасида тўрт йирик: ҳанафий, моликий, шофеий, ҳанбалий мазҳаблари ривож топган. Мазкур тўрт мазҳаб вужудга келишининг асосий омили – булар қолган мазҳабларнинг таълимотини ҳам тадқиқ қилиб чиқиб қамраб олганидир.

Уламоларимиз фиқҳий мазҳаблар имомларини ва уларнинг ишларини қуйидаги мисол билан тушунтирадилар: «Аллоҳнинг розилигига эришиб, жаннатий бўлиш худди тоғнинг чўққисига чиқишдек бўлса, мазҳаб имомлари – Қуръон, ҳадис ва шуларга асосланган манбалардан фойдаланиб, чўққига чиқишнинг энг осон ва бехатар йўлини топиб, белги қўйиб, осонлаштириб қўйган кишилардир. Чўққига чиқувчилар мазкур буюк тўрт имом кўрсатган йўлдан бирини тутсалар осонгина, қийналмасдан мақсадига эришади».

Имом Бадруддин Заркаший «Баҳрул муҳит» китобида шундай ёзади: «Мусулмонларнинг эътироф қилинган тўрт мазҳаби ҳақдир ва ундан бошқасига амал қилиш жоиз эмас».

Мазкур тўрт мазҳабнинг барчаси мўътабар бўлиб, мусулмон киши уларнинг бирига эргашиши вожиблигига ислом уммати иттифоқ қилган.

Шайх Муҳаммадсаид Рамазон Бутий айтадилар: “Мазҳабсизлик диндан чиқиб кетишга олиб борувчи кўприкдир”. Бундай ҳаракатлар эса ҳадисларда ва уламоларнинг асарларида қатъий қораланган. Қайд этилган мулоҳазалар “Қуръон ва ҳадисгагина амал қиламиз”, – дея ўзларини мужтаҳид билиб, фиқҳий мазҳабларни инкор қилаётганлар аслида, бу ҳаракатлари билан диний бирлик ва ақидавий якдилликка раҳна солаётганлигини исботлайди. Қолаверса, бундай иддаолар асрлар давомида мавжуд бўлиб келаётган мазҳаблар асосчилари ва уларнинг таълимотларига нисбатан бўҳтон бўлиб, мусулмон шахсини адаштиришга қаратилганлигини хулоса қилиш ўринли бўлади.

Хулоса қилиб айтганда ислом динидаги мазҳабларнинг турли туманлиги ноқис ҳолда бўлмасдан балки бир ҳикматдир. Бу умматларга енгиллик ва осонликдир. Аммо бу ҳикматни тушунмасдан ихтилоф чиқариш эса катта мусибатдир. Бу англашилмовчиликдан кўпрок мусулмонларнинг ўзи зарар кураётганлари хам маълум. Шунинг учун ихтилофларга бормасдан илм- маърифатга ёндошиш эса асосий вазифа бўлиб қолмоқда. Шуни хам айтиб утиш керакки ихтилоф чиқараётганларнинг кўпчилигини ёшлар ташкил қилади. Бунга сабаб уларнинг ёшлиги ва шу соха бўйича билимларининг етишмаслиги, қолаверса, кимларнингдир сўзларига алданиб қолишларидир. Инсоннинг онгига биринчи қабул қилшига маълумот нотўғри булсада, тўғри хабар сифатида қабул қилишар экан. Шундан кейин унга тўғри маълумот берилса хам нотўғри деб қабул қилади. Шунинг учун биринчи олинаётган маълумот ҳақиқий тўғри эканини аниқлаш ва кейингина уни хотирада сақлаш лозим бўлади.

[carousel-horizontal-posts-content-slider]