Басимон келтирган ва солиҳ амалларни
қилганларгина равзада 
хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Мақолалар / Лоқайдлик ва бепарволик  – тинчлик ва хотиржамликка рахна соладиган иллат

Лоқайдлик ва бепарволик  – тинчлик ва хотиржамликка рахна соладиган иллат

Озод ва обод Ватан, эркин ва фаровон ҳаёт барпо этиш йўлида илдамлаб бораётган мустақил Ўзбекистон тарихан жуда кисқа даврда улкан ютуқларга эришди ва эришмоқда. Миллий маънавиятимиз ва қадриятларимиз тикланди, миллий ўзлигимизга қайтдик. Тинчлик ва барқарорлик кундалик ҳаётимизнинг узвий қисмига айланди.

Айни пайтда, осуда ҳаётимизни издан чиқаришга уринаётган ёвуз кучларнинг мавжудлигини ҳам қайд этиш лозим. Шу нуқтаи назардан қараганда, тинчликни асраш, уни асраб-авайлаш бугунги кунда ҳам долзарб аҳамият касб этади.

Юртимизга нисбатан бундай таҳдидлар, аввало, диний ақидапарастлик, мутаассиблик, экстремизм ва террорчилик каби ҳодисалар кўринишида намоён бўлмоқда. Буни ислом динини ниқоб қилиб, Ўзбекистонни дунёвий-маърифий, демократик тараққиёт йўлидан оғдиришдек ғаразли мақсадларни кўзлаб фаолият олиб боришга интилаётган диний-экстремистик ташкилотлар ҳаракатлари мисолида яққол кўриш мумкин. Улар ўзларининг бузғунчи, вайронкор ғоя ва ақидаларини аҳоли ўртасида таркатишга, иродаси бўш, дин ҳақидаги билимлари саёз кишиларни ўз таъсир доираларига тортишга ҳаракат қилмоқдалар. Хориждаги террорчи ва экстремистик кучлар ҳамда марказлар томонидан қўллаб-қувватланаётган бундай диний-сиёсий оқимлар ўзларининг ёвуз мақсадларини амалга ошириш йўлида жуда катта куч ва маблағ сарф қилаётганини алоҳида қайд этиш лозим.

Ҳушёрликни таъминлашда кичик, майда-чуйда нарсаларнинг ўзи бўлмайди. “Бир гугурт бир қишлоқни ёндиради”, “Бир таёқ бошни ёради” каби халқ донишмандлиги намуналарида бундай эътиборсизликнинг инсон ва жамият ҳаётида қандай окибатларни келтириб чиқариши мумкинлиги ўзининг яққол ифодасини  топган.

Шундай бўлса-да, афсуски, ҳаётимизда ҳали-ҳануз беғамлик, лоқайдлик, содир бўлаётган ҳодисаларни кўриб кўрмасликка олиш каби иллатлар мавжудлигини, орамизда тинчлик ва осойишталикни таъминлашни фақат давлатнинг иши, “бунинг менга дахли йўқ” деб ўйлайдиганлар ҳам борлигини қайд этиш лозим.  Машҳур  адиблардан бири  “Лоқайдлик дунёдаги энг кучли зилзила ва бўронлардан ҳам ёмон душмандир!” деб ёзган эди.

Бугунги кунда кўзга кўринмайдиган инсон учун ниҳоятда хатарли бўлган маънавий тахдидлардан яна бири бепарволик ва лоқайдликдир. Жамиятда бепарво, лоқайд кимсалар борлигининг ўзиёқ тараққиётга жиддий хавф солади. Биргина мисол, юртимиз гўшаларидан оқиб ўтаётган зилол сувлар ифлосланиб кетаётгани лоқайдлик, бепарволик оқибати эканлиги кундай равшан. Луқмони Хакимдан сўрадилар: “Одамларнинг энг ярамаси, энг ёмони ким?” У киши айтдилар: “Одамларнинг ёмонлик қилаётганини кўра туриб, кўрмасликка олгани, бепарво, лоқайд бўлганидир”.

Дарҳақиқат, бепарволик ва беғамлик барча даврларда юзага келган кулфат ва мусибатларнинг асосий сабаби бўлган. Донишмандлардан бирининг “Душманлардан қўрқма – нари борса, улар сени ўлдириши мумкин. Дўстлардан қўрқма – нари борса, улар сенга хиёнат қилиши мумкин. Бироқ, бефарқ одамлардан қўрқ – улар сени ўлдирмайди ҳам, сотмайди ҳам, фақат уларнинг жим ва бепарво қараб туриши туфайли Ер юзида хиёнат ва қотилликлар содир бўлаверади”, деган фикрлари ҳам лоқайдлик ва бефарқлик келтириб чиқарадиган оқибатларнинг даҳшатини тасаввур қилиш имконини беради.

Баъзи одамлар “тинчлик-осойишталикни асраш” деганда қўлда курол билан мамлакат чегарасини қўрикдаш, фуқаролар хавфсизлигини таъминлашни тушунишади. Аслида шундайми? Йўқ, албатта! Тинчликни асраш фақат ҳарбий мудофаа дегани эмас. Осуда ҳаётни ҳимоя қилиш фақат ҳарбийлар, ҳуқуқ-тартибот идораларининг зиммасидаги вазифа эмас! Тинчлик фаровон, осойишта ҳаётимиз, жами эзгу ниятлар ва тилакларимиз амалга ошишининг асоси ва манбаи экан, уни асраб-авайлаш ҳамманинг ва ҳар бир кишининг муқаддас бурчидир. Шунинг учун ҳам, бугунги кунда ҳар бир инсон “юртим тинч – мен тинч”, деган ҳақиқат билан яшаши, ўз уйи, маҳалласи, Ватанининг хавфсизлигини таъминлаш учун аввало ўзи қайғуриши, бу ишни муқаддас бурчи деб билиши зарур.

Ҳозирги кунда фарзандларимиз дунёнинг энг ўткир, фаол, уддабурон, ватанпарвар ёшларига айланиши, уларни фидойилик, ватанпарварлик, тадбиркорлик, миллатпарварлик, садоқатга ўргатиш кўп жиҳатдан ота-оналарга боғлиқ.

“Бекорчидан Худо безор”, — дейди доно халқимиз. Ёшларимиз турли мутаассиб гуруҳлар таъсирига тушиб қолмаслиги учун уларнинг бўш вақгини унумли ўтказиш, касб-ҳунар, фойдали меҳнатга ўргатиш, турли тўгараклар фаолиятини жонлантириш, спорт клубларида қулай имкониятлар яратиб бериш муҳимдир.

Беғамлик лоқайдликнинг онасидир. Ҳар қандай фазилат ҳаддан ошса, иллатга: тавозе — лаганбардорлик, андиша – кўрқоқлик, ибо — мутелик, уялиш — журъатсизликка айланади. Ер бузилса — деҳқон, бола бузилса — ота-она уялади. Яхши фазилат экиб, парвариш қилинмаса, ёмон сифатлар унади. Фарзанд кўриб, қаровсиз қолдирилса. у фидойи, ватанпарвар бўлмайди, гиёҳванд, жиноятчи ёки мутаассиб  бўлади.

Ҳар бир инсоннинг ўз ишини сидқидилдан амалга ошириши, лоқайдлик, бепарволикнинг олдини олиши, ўз атрофида бўлаётган воқеаларга теран нигоҳ билан қараб, Ватан тинчлиги йўлида ҳушёр ва огоҳ бўлиб яшаши, аждодларимизга армон бўлиб қолган, биз эришган мустақиллик ва тинчлик-осойишталикни таъминлашнинг муҳим омили ҳисобланади.

                                                               Янгийўл туман  Жомеъ жоме масжиди
имом хатиби Одилжон Нарзуллаев

[carousel-horizontal-posts-content-slider]