Басимон келтирган ва солиҳ амалларни
қилганларгина равзада 
хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Қуръон / Қуръондаги “тасаввурий девор”

Қуръондаги “тасаввурий девор”

Адан кўрфази билан Қизил денгиз туташган Боб ал-мандаб бўғозида ва Атлас уммони (Атлантик океани) билан Оқ (Ўрта ер) денгиз туташган Жабали Ториқ (Гибралтар) бўғозида икки денгиз суви бир бирига аралашмаган ҳолда оқар экан. Бу ҳақда 14 аср аввал зикр қилинганлигини билгач, машҳур сайёҳ капитан  Кусто ҳам Қуръони Каримнинг илоҳий мўжиза эканлигини тан олди.

Қуръони каримнинг Ар-раҳмон сурасида зикр қилинган “барзаҳ” нима ўзи?

Ёки Фурқон сурасидаги “хижран махжуро” дан мурод нима?

Денгизшунос олимлар  “барзаҳ” ҳақида нимани кашф қилдилар?

﴿مَرَجَ الْبَحْرَيْنِ يَلْتَقِيَانِ * بَيْنَهُمَا بَرْزَخٌ لَا يَبْغِيَانِ * فَبِأَيِّ آَلَاءِ رَبِّكُمَا تُكَذِّبَانِ﴾

У икки денгиз (дарё)ни бир бири билан учрашадиган қилиб (ёнма-ён) оқизиб қўйди. (Аммо) у иккисининг ўртасида бир тўсиқ бўлиб, улар (ўша тўсиқдан) ошиб ўтмаслар.Бас, (эй инс ва жинлар,) Раббингизнинг қайси неъматларини инкор этасизлар?! (Ар-раҳмон сураси 19-21-оятлар) 

Али (розияллоҳу анҳунинг): “Ҳали Қуръони Каримда тафсир қилинмаган оятлар бор”, деган машҳур сўзларидан келиб чиқиб, уламолар ўша “барзаҳ” нинг тафсирида қийин аҳволга тушиб, ҳайрон бўлдилар.

Қаерда ўша “барзаҳ”?

Қизил денгиз билан Ҳинд океани ўртасидаги тўсиқ қаерда?

Ўрта ер денгизи билан Қора денгиз туташган Босфор бўғозидаги тўсиқ қаерда?

Атлантика океани билан Ўрта ер денгизи туташган Гибралтар бўғозидаги тўсиқ қаерда?

﴿وَهُوَ الَّذِي مَرَجَ الْبَحْرَيْنِ هَذَا عَذْبٌ فُرَاتٌ وَهَذَا مِلْحٌ أُجَاجٌ وَجَعَلَ بَيْنَهُمَا بَرْزَخاً وَحِجْراً مَحْجُوراً﴾

(Аллоҳ) икки денгиз (дарё)ни буниси жуда чучук, униси жуда шўр қилиб оқизиб қўйган ва уларнинг ўртасида тўсиқ ва пухта парда қилиб қўйган зотдир (Фурқон сураси 53-оят).

Диққатни тортадиган нарса шуки, хар бир денгизнинг ўзгармайдиган барқарор шўрлик даражаси бўлади. Денгизлар бир бирига қўшилиб туришига қарамай, улар кўпаймайди ҳам камаймайди ҳам…

Шунингдек, ҳар  бир денгизнинг ўзгармайдиган зичлиги, тезлиги, ҳарорати ва ранги бор.

Агар бир инсон самолётда Боб ал-мандаб, ёки Гибралтар бўғозлари устидан парвоз қилса, бир денгизнинг иккинчисидан бошқача эканлигини кўради.

Денгизшунос олимлар Қизил денгизнинг сув зарраларини ўрганиб чиқиб, унинг сувлари ўз харакати давомида Боб ал-мандаб бўғозидаги “тасаввурий девор” бўлиб турган тўсиққа етиб келгач, яна ортига қайтиб кетишини кузатганлар. Бу ҳолат Ҳинд океани билан Қизил денгизида, Ўрта ер денгизи билан Қора денгизда ҳамда Ўрта ер денгизи билан Атлантика океанида ҳам кузатилган.

Аслида “барзаҳ” девор эмас, эгилиб – букилувчи эластик эканлиги, денгиз сувларининг тўқнашуви тўлқинсимон харакатдан иборатлиги кузатилди.

﴿بَيْنَهُمَا بَرْزَخٌ لَا يَبْغِيَانِ * فَبِأَيِّ آَلَاءِ رَبِّكُمَا تُكَذِّبَانِ﴾

(Аммо) у иккисининг ўртасида бир тўсиқ бўлиб, улар (ўша тўсиқдан) ошиб ўтмаслар.Бас, (эй инс ва жинлар,) Раббингизнинг қайси неъматларини инкор этасизлар?! (Ар-раҳмон сураси 20-21-оятлар) 

Икки шўр денгизнинг ўртасида тўсиқ бор. Шунингдек, бири чучук, яна бири шўр денгизнинг ўртасида ҳам тўсиқ ва пухта парда бор.

Америкадаги айрим дарёларнинг тезлиги бир сонияда 300000 кубметрдан ошади. Уларнинг денгизгача бўлган оралиқ масофаси 80 км бўлиб, Атлантика океанига сувини қуяди. Дарёлардан оқиб келаётган чучук сув денгизга қўшилади, лекин улар аралашиб кетмайди. Чунки уларнинг ўртасида бир бирини ошиб ўтишга имкон бермайдиган وَحِجْراً مَحْجُوراً  пухта парда бор. Ояти каримадаги “пухта парда” дан чучук сувда яшайдиган балиқлар шўр сувга, шунингдек, шўр сувдаги балиқлар ҳам чучук сувгв кирмасликлари назарда тутилган.

Ушбу оятлар Аллоҳнинг буюклигига далолат қилади. Денгизлар бир бирларига қўшилиб турсада, аралашиб кетмайди.

Сиз бир идишга бир коса шўр сув билан бир коса чучук сувни аралаштирмасдан солишга қодирмисиз?!

Ёки  аралашиб кетган бу икки сувни бир биридан ажратиб бера оласизми?!

Ёки идишдаги аралашиб кетган сувни фақат чучук қисминигина ича оласизми?!

Албатта, бу инсон тоқатидан ташқаридаги нарсалардир.

 

 Тошкент тумани “Холмаҳаммад ота” жоме масжиди

имом хатиби Авазхўжа Бахромов

 

 

 

[carousel-horizontal-posts-content-slider]