Басимон келтирган ва солиҳ амалларни қилганларгина равзада хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Мақолалар / Ота-онани йиғлатиш ҳам оққ бўлишдир

Ота-онани йиғлатиш ҳам оққ бўлишдир

 عَنِ ابْنِ عُمَرَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: «إبْكَاءُ الْوَالِدَيْنِ مِنَ الْعُقُوقِ وَالْكَبَائِرِ». رَوَاهُ الْبُخَارِيُّ

Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳу айтадилар: “Ота-онани йиғлатиш оққ бўлиш ва кабира гуноҳлардандир”. (Имом Бухорий ривояти).

Ота-онани хурсанд қилиш қанчалар улуғ амал бўлса, уларни хафа қилиб ранжитиш ҳам улкан гуноҳ ҳисобланади. Фарзанд уларга итоатсизлик қилиб, сўзларига қулоқ солмаса, имкони бўла туриб яхшилик қилмай, озор бериб, йиғлатадиган бўлса, бу иши билан Аллоҳ таолога энг катта гуноҳ қилган ва ота-онасига оққ бўлган бўлар экан. Демак, ҳадисдан маълум бўладики фарзандлар ота-оналарига оққ бўлиб қолишлари учун, уларнинг, “оққ қилдим”, дейишлари шарт эмаслиги, балки қалбан оғринишларининг ўзи етарли эканини билиб олишлари лозим. Мумтоз адабиётимизда ажойиб бир шеър бор:

Эй ўғил, ҳаддингда тур! Отанг сени сотганда ҳам.
Инчунун, мушфиқ онангни сўзлари ботганда ҳам.

Шунинг учун ота-она билан муомала қилишда фарзанд хушёр бўлиб, уларни ранжитиб қўймаслик учун қуйидаги одобларга риоя қилиши лозим:

  • Ота-онангиз билан гаплашаётганингизда овозингизни баландлатманг!
  • Уларга хўмрайиб тик боқманг!
  • Гапирганингизда қўлингизни ҳаракатлантириб гапирманг!
  • Уларнинг гапларини бўлманг!
  • Гаплари нотўғри бўлса ҳам жеркиманг!
  • Уларни ўз муаммо ва ташвишларини айтиб безовта қилмаслик! Бирор муаммойингиз бўлса ҳам билдирмасликка ҳаракат қилинг!
  • Уларга оғир ботадиган, кўнгиллари ранжийдиган, айниқса, бетоб бўлишса: “фалончи оламдан ўтди” ва ҳоказолар каби хабарларни айтманг!
  • Уларга қўполлик билан танбеҳ бериб тергаманг! Баъзи камчиликларини юзларига солиб ранжитманг! Гуноҳ бўладиган хатолари бўлса мулойимлик билан тушунтиринг!
  • Улар билмаган дин аҳкомларини мулойимлик билан жеркимасдан ўргатинг!
  • Улар ёнида болаларингизга қаттиқ гапириб, уриб-сўкманг!

 

Зангиота тумани “Фатҳ” жоме масжиди
имом-хатиби Баҳодир Раҳматуллаев