Басимон келтирган ва солиҳ амалларни
қилганларгина равзада 
хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Мақолалар / Имону эътиқодимизни поймол қилмайлик!!!

Имону эътиқодимизни поймол қилмайлик!!!

Бугунги кунда жуда ҳам долзарб масалалардан бири бўлган сеҳр ва фолбинлик замонамизнинг бошига битган бало бўлди, десак муболаға бўлмаса керак. Ҳаётий воқеани бир танишимдан эшитиб қолдим. Янги оила қурган бир ёшгина келинчак неча йиллар деганда ҳомиладор бўлади. Фарзанд кўриш унга ушалмас орзудек бўлиб қолганди. Аммо Яратган зот бу оилага фарзанд кўриш бахтини муяссар қилди. Шифокордан “Фаразандли бўласизлар”, деган гапни эшитганда ўзида йўқ бахтиёр эди. Чунки тўй бўлганига бир йил тўлар-тўлмас вақт ўтган бўлса-да, “Қачон фарзандли бўласиз?”, “Янгилик бор-ми?” деган саволларга жавоб топиш қийин эди-да.

Фарзанд кўриш йўлида ўзини ўтдан–чўққа уриб мутахассисларга учраб, керакли дори – дармонларни ичиб муолажа қилгандан сўнг ҳам натижа чиқмаслиги мумкин. Бироқ фарзанд неъмати бир ёқлама сабабларгагина боғлиқ иш эмас. Аллоҳ таолодан сабр-тоқат ила астойдил илтижо қилиш ҳам зарур эмас-ми?  Бу борада икки ёшнинг ота-онаси насиҳат қилиб, фарзанд аталмиш неъмат бу Аллоҳнинг иродаси билан хоҳлаган инсонга  бериладиган  илоҳий ҳадя эканлигини ва албатта, сабрли бўлиш лозимлигини  тушунтириб бориши керак. Инсон зотига фарзанд ато этишни Аллоҳ таоло  Шўро сурасида шундай марҳамат қилади: “Осмонлар ва ер Аллоҳнинг мулкидир. У Ўзи хоҳлаган нарсани яратади. У Ўзи хоҳлаган кишига қизларни ҳадя этади ва Ўзи хоҳлаган кишига ўғилларни ҳадя этади. Ёки уларни эгизак ўғиллар ва қизлар қилади (ҳам ўғил, ҳам қиз беради) ва Ўзи хоҳлаган кишини бепушт (бефарзанд) қилиб қўяди. Албатта, У (барча нарсани) билувчи ва (барча нарсага) қодир (зот)дир”  (49-50 оятлар).

Хулласи калом, ўша келинчак бир куни тушида нохуш ҳолатни кўради. Ва бу туш ҳақида овсинига айтади. Овсини ҳам ўйлаб ўтирмай, “Фалончи фолбинга борсангиз тушингизнинг таъбирини айтиб беради”, дейди. Бечора келиннинг ҳаловати йўқолади. Турса ҳам, ўтирса ҳам ёмон тушнинг оқибати келажакда туғиладиган фарзандига таъсир қилмасмикан, деган уйлар унга тинчлик бермай қўяди. Нима бўлса бўлди, деб овсини айтган фолбинга боришга қарор қилади. Мана шу ерда келинчак жуда катта хатога йўл қўйди. Аслида фолбинга бориш-бормасликни, қолаверса, туши ҳақида турмуш ўртоғидан сўраши лозим эмасмиди?! Нима бўлганда ҳам, у ўша фолбиннинг олдига борди. Фолбин ҳам довдираб турган мижоздан яхшигина ақча ишлаб олиши мумкинлигини тушуниб етди. Ва ўз маҳоратини ишга солди. Келинчакка ҳар хил бўлмағур нарсаларни гапиргани майли-ку, “Фарзандингиз ўлик туғилади”, дегани ҳаммасидан ҳам ошиб тушди. Бу сўзлардан кейин келинчакнинг қандай аҳволга тушганини тасаввур қилиб кўраверинг. Кечаси билан мижжа қоқмай чиққан келинчак эртасига масжид имом-хатибининг олдига бориб, фолбиннинг гаплари ҳақида сўрар экан, фарзандининг ўлик туғилиши мумкинлигидан хавотирга тушиб, йиғлаб юборди. Имом-хатиб аёлга фолбинга боришнинг оқибати ҳақида тушунтириб, қуйидаги хадисни айтиб берди: Абу Ҳурайрадан (розийаллоҳу анҳу), Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Кимки башоратгўй ёки фолбиннинг олдига бориб, айтаётган гапини рост деб билса, у шубҳасиз, Муҳаммадга тушган нарсага куфр келтирибди” (Абу Довуд, Насоий, Ибн Можа). Имом домла аёлга юзланиб: “Дунёга келадиган фарзандингизнинг ўлик ёки тирик туғилиши фақат Аллоҳ таолога маълум бўлган ишдир. Фолбин Худо эмас. Фақат жинлардан баъзи нарсаларни билиб, бўрттириб гапиришни билади, холос. Бу хақда Оиша розияллоҳу анҳо айтадилар: “Одамлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан фолбинлар ҳақида сўрашди. У зот “Улар ҳақ эмаслар”, дедилар. Улар: “Ё Расулуллоҳ, улар гоҳида шундай гапларни айтадиларки, у ҳақ бўлиб чиқади”, дейишди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Бу ҳақ калимани жин ўғирлаб (ўғринча билиб) олади-да уни дўсти (фолбин)нинг қулоғига қуяди. Фолбинлар эса унга юзта ёлғонни аралаштириб юборадилар”, дедилар” (Муттафақун алайҳ)”. Имом-хатибнинг сўзларидан кўнгли хотиржам бўлган аёл  хурсанд бўлиб уйига қайтиб кетди. Маълум вақт ўтгандан кейин ўша аёл яна имом домланинг олдига келди ва: “Сизнинг айтган гапларингиз тўғри экан, келажакни билиш фақат Аллоҳ таолонинг илми эканига иқрор бўлдим. Тўрт мучаси соғлом ўғил фарзанд кўрдим, мумкин бўлса фарзандим ҳаққига дуо қилиб қўйсангиз. Ўша фолбиннинг гапига ишонганимда менинг ва фарзандимнинг аҳволи не кечарди. Худони ўзи бир асради. Менга ўхшаб алданиб юрган қанчадан – қанча инсонларга фолбинларнинг гапларига ишонманг, дея мурожат қилган бўлардим, чунки у Худо эмас”, – деди.

Энди халқимиз орасида кўпинча дастак қилиб олинадиган “Фолга ишонма, фолсиз юрма”, деган гапга тўхталсак. Тилимиздаги “фол” сўзи асли арабча бўлиб, “фаъл” шаклида қўлланади. Бунинг маъноси “хурсандчилик келтирувчи сўз ёки иш”дир. Унинг акси “шум” бўлади. Шундан келиб чиқиб айтиш мумкинки, Ислом шариатида шумланишдан қайтарилган бўлиб, тафоул, яъни яхши фолга (чиройли сўз, яхши гумон қилишга) рухсат берилган. “Фол кўриш” араб тилида “фол ўқиш”  дейилади. Бу келажакда бўладиган нарсалардан хабар беришдир. Бу иш шариатда қораланган. “Яхши фол” (тафоул) деганда эса воқеа ва ҳодисаларни яхшиликка йўйиш назарда тутилади. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ривоят қилади: “Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Шумланиш йўқ. Унинг яхшиси фолдир”, деганларини эшитдим. Шунда: “Фол нима?” деб сўралди. У зот: “У биронтангиз эшитадиган яхши сўздир”, дедилар” (Бухорий, Муслим, Аҳмад ва Ибн Ҳиббон ривояти).

Демак, мўмин одам фол очмайди, фол очтирмайди – фолбин уйига қадам босмайди. Балки турли ҳолатларда содир бўладиган ишларни фақат эзгуликка йўяди, Аллоҳдан яхшилик умидида бўлади.

Хулоса ўрнида айтадиган сўзимиз, азизлар, Худоликни даво қилмоқчи бўлганларни  олдига бориб имону эътиқодимизни поймол қилмайлик. Кимки шу ишни қилган бўлса, шу бугуноқ тавба қилсин, Аллоҳ кечирувчи Зот. Агар улгура олмай қолсак, Аллоҳнинг ўзи асрасин, қиёматда Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламга тушган динда турмаслик хавфи бор. Ҳаммага Яратгандан тавфиқ ва офият сўраб қоламиз.

 

Бўстонлиқ тумани “Дониёр бин Озод” жоме масжиди

имом-ноиби М.Абдусаитов