Басимон келтирган ва солиҳ амалларни
қилганларгина равзада 
хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Мақолалар / Оммавий хатарлар. Таҳдидлар. Муаммолар. Ечимлар (учинчи мақола)

Оммавий хатарлар. Таҳдидлар. Муаммолар. Ечимлар (учинчи мақола)

Юқорида Ватанимизга хавф солиши мумкин бўлган асосий хатарлар ҳақида тўхталиб ўтдик. Эътибор қилган бўлсангиз, барча хавф-хатарларнинг илдизи бир жойда, яъни оммавий маданиятга бориб тақалмоқда. Биз душманларимизнинг услубларини билиб олдик, улар бизга қарши қайси тактикани қўллаётганидан хабардор бўлдик. Энди ушбу муаммоларга ечим излашимиз, уларга қарши қандай чора ва тадбирлар қўллашимиз кераклиги борасида сўз юритамиз.

Аввало, биз муаммоларнинг ечимини излашда миллатимиз менталитети, ҳарактери ва буюк тарихидан келиб чиқиб ёндашишимиз керак бўлади. Чунки, ҳар қандай муаммо қаердалиги ва қай кўринишда эканлигига қараб ҳал қилинади. Юқорида айтиб ўтганимиздек исломий қадриятлар миллатимизнинг анъаналарига айланиб кетган. Оммавий маданиятга майл уйғотувчи асосий нарса инсоннинг «нафси аммора», яъни унинг ичидаги «Мен»идир. Юртимиздан етишиб чиққан буюк тасаввуф уламолари нафсдан воз кечиш мумкин эмаслиги, балки уни тарбиялаб «комил нафс»даражасига кўтариш мумкинлигини айтишган.

Бу борада улар нафс тарбияси механизмини ишлаб чиқишган десак, хато бўлмайди. З. Фрейд маданият ва дин инсон майлларига тўсиқ бўлиб, унинг қондирилиш йўлларига тўғон бўлади ва инсон саломатлигига салбий таъсир кўрсатади, деган ғояни илгари суради. (Islaminstitut.uz, «Фрейдизм ва дин», психология фанлари номзоди, доцент Х. Алимов мақоласи.)

Ўз-ўзидан маълум бўладики, улар аввало биздаги шаклланган ҳимоя механизмини йўқотишга уринишади, шундан кейин бизнинг онгимизни хоҳлаганча бошқаришади. Ўтган буюк уламоларимизнинг ишлаб чиққан механизмларидан тўла-тўкис фойдаланиш ва уни ҳаётимизга татбиқ этиш муваффақиятнинг асосий омилидир.

Иккинчи ечим оддий бошқариладиган инсонлик даражасидан юқорироққа кўтарилишдир. Бунда бизга илмий савияни ошириш ёрдам беради. Дунёда бўлаётган воқеликларни англашга уриниш, уларни таҳлил қилиш, бошқа жамиятлар дуч келган муаммоларнинг ечимини излаш ва тарихда йўл қўйган хатоларимизни тузатишга интилиш лозим. Чунки, инсон фикрламас экан, унинг ўрнига бошқалар фикрлайди, миллат тараққий этишга интилмас экан, унинг ҳисобидан ривожланишади. У ўз фарзандларини тарбия қилмас экан, унинг ўрнига тарбия қилишади. Шундай экан, таълим соҳасини мустаҳкамлашимиз, миллий анъаналаримизга йўғрилган таълимни ривожлантиришимиз лозим бўлади.

Учинчи ечим – бу медиа майдонини қўлдан бой бермаслик ва қарши тарафнинг иддаолари тарқалишига йўл қолдирмасликдир. Бунинг учун ижтимоий тармоқларда, телевидение ва радиода ижтимоий ва тарбиявий аудио ҳамда видео материаллар, мақола ва чиқишларни кўпайтириш лозим. Бунда блогер, журналист ва турли кинокомпаниялардан жонбозлик талаб этилади. Нега айнан медиа олами дерсиз? Чунки, бугунги кунда медиа яхшилик учун ҳам, ёмонлик учун ҳам кучли қуролга айланди. Турли тоифалар ўзларининг асосий фаолиятини медиа ва ижтимоий тармоқларда олиб бораётгани ҳеч кимга сир эмас. Ушбу фикримизни қуйидаги статистик маълумотлар ҳам қўллаб қувватлайди.

Буюк Британияда 16 ёшли болалар ўртасида ўтказилган сўров натижаси уларнинг 54 фоизи «юлдуз» бўлишга интилишини кўрсатди. Бошқа бир тадқиқотда аниқланишича, 10 ёшгача бўлган болалар орасида 75% бахтни пулга сотиб олиш мумкинлигига ишонишади. Улар ўсиб улғайганларида ким бўлишни хоҳлашлари ҳақида сўралганда, 20% дан кўпроғи «шунчаки бойиб кетишни» исташларини айтишган.

Г. Мак Краккен тадқиқот ўтказиб АҚШда турли хил тарихий даврларда машҳур бўлган касб эгаларини аниқлади. 1900 йилдан 1910 йилгача актёрлар таниқли кишиларга бўлган эътиборнинг 17% ни эгаллаган. Бу физик, кимёгар ва биологлардан бир оз камроқ эди, кинорежиссёрлар 6%, ёзувчилар эса 11% эгаллаганлар. Турли сериаллар кўпайиши натижасида 1950 йилда актёрлар – 24%, ёзувчилар – 9%, 2010 йилга келиб актёрларнинг улуши 37% ни (олимларга қараганда тўрт баравар кўп), кино ижодкорлари ва ёзувчиларнинг улуши 3% гача тушиб кетди . (ru.wikipedia.org «Массовая культура»)

Ушбу ижтимоий тадқиқотлар фақатгина бир мамлакатга хос эмас, бугунги глобаллашув даврида юқоридаги статистикалар бошқа жамиятларда ҳам такрорланиши табиий ҳолат. Шунинг учун ҳам юқорида таъкидлаганимиздек, медианинг таъсир кучи кундан кунга ошиб бормоқда. Бу соҳада мағлубиятга учраш ва имкониятдан фойдалана олмаслик катта йўқотишга сабаб бўлади.

Тўртинчи ечим – ижтимоий тармоқлар бизнинг онгимизни манипуляция қилишига йўл қўймасликдир. Футуролог (келажак таҳлилчиси) Жарон Ланъенинг фикрига кўра, ижтимоий тармоқлар инсоннинг маълумотлар қабул қилиш доирасини чеклайди, уларни аста-секинлик билан бир қобиққа ўрашга ҳаракат қилади. Бу ҳолат ижтимоий тармоқларнинг фойдаланувчилар қизиққан нарсаларни таклиф қилиши, маълумотларни бир хил шаклга солиши ва ўқувчига фақат ўзи хоҳлаган нарсани таклиф этиши орқали юз беради. Ўз навбатида бу инсонни бир тарафлама фикрлашга ўргатади, таҳлилий қобилиятни йўқотади ва дунёқараш ўсишидан тўсади.

Ижтимоий тармоқлар фойдаланувчиларнинг менталитети, ёши катта ёки кичиклигини эътиборга олмайди ва турли хил материалларни тарқатаверади. Бу эса тарбиянинг бузилишига олиб боради. Ёш болалар илм олиш ва китоб ўқиш ўрнига ижтимоий тармоқларда беҳаёликлар таъсири остига тушади, келажак пойдеворлари заифлашиб боради ва маънавий таназзулга учрайди. Бундан қутилиш учун эса маълумотларни қабул қилишда фақатгина ижтимоий тармоқларга таяниб қолмаслик, уларни ўрганишда синчковлик билан ёндашиш ва турли манбалардан фойдаланган ҳолда уларни таҳлил қилиш керак бўлади.

Муаммоларни ҳал қилиш ва таҳдидларга қарши курашишда барча инсонлар ҳаракат қилиши лозим. Чунки, ҳар ким ўз оиласида ота-она, ака ёки опа бўлади ва ўз яқинларига масъул саналади. Ҳали онги шаклланиб улгурмаган фарзандларни бу қадар улкан таҳдидлар қаршисида ёлғиз қолдириш ва унга тўғри йўлни кўрсатишда ёрдам бермаслик уни сузишни ўргатмасдан океанга улоқтириш билан баробардир. Шубҳа йўқки, келажакни ёшлар бунёд этади, лекин уларга «қурувчилик»ни катталар ўргатишади. Агар қурувчининг ўзи нўноқ бўлса, унинг шогирди ҳам худди ўзидек тарбия топади. Шундай экан, юртимизни турли хил маънавий ва моддий таҳдидлардан ҳимоя қилиш ҳамда келажак авлодни бунга тайёрлаб бориш ҳар биримизнинг елкамиздаги улкан бурч ва масъулиятдир.

(Тамом)

Ангрен шаҳар бош имом-хатиби Яҳёхон Бабохонов

[carousel-horizontal-posts-content-slider]